Бир вақтлар чет элларда намойиш этиладиган узундан-узоқ телесериалларга кўзимиз тушганида, «Қани энди бизда ҳам шундай бўлса, уззукун томоша қилиб ётсак», дея ният қилгандик. Омадни қарангки, орадан кўп ўтмай сериал деганлари дунёнинг тўрт тарафидан биз томонга баҳорги тошқиндай ёпирилиб кела бошлади. Аввалига қул Изауранинг аянчли ҳаётини кўзларимизга ёш олиб томоша қилдик, сўнгра бойлар ҳам йиғлашини кузатдик. Мария Лопеснинг довдир ўғли Хосе Игнасиога ачиндик. Кейинроқ кунчиқар мамлакатларда ишланган туркум сериаллар намойиши бошланди. Фарзандларимиз саркарда Жумонг жасоратидан, уй бекалари мафтункор Ошин маҳоратию одоб-ахлоқидан таъсирландилар.
Матбуотда «Кошкийди, ўзимизнинг кино ижодкорлар ҳам шундай сериалларни суратга олишса», деган таклифлар айтилди. Кўп ўтмай миллий сериаллар туркумини яратишга киришилди. Хорижникидан қолишмайдиган асарлар суратга олинди, бинойидек сериалшунослар пайдо бўлди. «Ўзингники ўзингга – ой кўринар кўзингга», деб хурсанд бўлдик.
Аммо қувончимиз узоққа бормади. Хорижий сериаллар, ҳали шунақами, мана, сизларга дегандай, экранларимизни эгаллади. Аввалгилари ҳолва экан, янгидан бошланган ҳужумга унча-мунча одамнинг чидаши қийин. Сурбет Фазилатхонимнинг бефаросатлигидан энди қутулганимизда чаладумбул Гунешхонимнинг писмиқ қақажонлари майдонга чиқишди. Ёмғирдан қутулиб, қорга тутилдик. Бу ҳам етмагандай, «Қора ният» бошланди. Уҳ-ҳу, ана сериал-у, мана сериал. Битта гапни лўмбиллатиб, бир-икки ойга чўзиш мумкин-а!
Бу сериаллар ўзбек томошабинлари онг-шуурига, ёшлар тарбиясига нима беради? Ўрнак оладиган жойлари борми? Бу саволларга жавоб топиш қийин эмас, чунки ёшлар улардан кўп нарсаларни ўрганиб бўлишди, десак, тўғрироқ бўлади. Нималарни ўрганишди, дейсизми? Ҳаммасини эмас, баъзиларини санаб ўтамиз:
- ёвуз ниятни амалга ошириш учун овқатга дори қўшиш;
- оилаларни бузиш учун сохта суратлардан фойдаланиш;
- ота-она олдида ярим яланғоч юриш, жазманларини оилага бемалол таклиф этиш, уларни ойма-ой алмаштириб туриш;
- қалбаки никоҳ маросимини уюштириш;
- оилавий ҳужжатларни ўғирлаш, маълум манфаат эвазига қилмаган жиноятни ўз зиммасига олиш;
- рақиб оила фарзандларини ўғирлаш;
- тиббий таҳлил натижаларини алмаштириб қўйиш;
- эрталаб уйқудан уйғонгач, ювинмай нонушта қилиш ва яна шунча номақбулликлар.
Ҳаммасини ёзиш қийин. Маънавий-ахлоқий тарбиямизга мутлақо тўғри келмайдиган лавҳалар тўлиб-тошиб ётибди. Ёшларни инсоф-диёнат, ақл-идрок, илм-маърифатга даъват этувчи бирор фазилатни чироқ ёқиб ҳам топа олмайсиз. Бўлса ҳам, онда-сонда кўзга ташланади. Шундай экан, бундай сийқаси чиққан, пуфак сериалларни устма-уст, бирини иккинчисига улаб, гумбур-қарс намойиш қилаверишдан мақсад нима? Кимга фойда, кимга зиён?
Яна бир кўнгил ғашлиги – айни кунларда намойиш этилаётган ўзимизнинг маҳаллий сериаллар сюжетида ҳам аста-секин хорижий фильмларнинг номақбул таъсири – қуролдан фойдаланиш, отишма, одам ўғирлаш, мурдани яшириш, ўғрилар олами қонуниятларини намойиш этиш, жиноят қилган ҳолда жазосиз қолиш ҳоллари кўзга ташланмоқда. Бундай «нусха кўчириш»га ўрганмаганимиз маъқул.
Холисона айтганда, сериалларнинг қойил қоладиган муҳим бир жиҳати бор, у ҳам бўлса – қаҳрамонларга овоз берувчи актрисаларимизнинг юксак маҳорати. Овозни аслидан ўтказиб юборишган-ей. Аммо бу қойиллик ноёб истеъдодни исроф қилишдан бошқа нарса эмас. Санъаткор ўзининг саҳна умридан оқилона фойдаланмаса, кейинчалик афсус қилиши тайин гап. Жамиятнинг маълум тоифасини сериал билан банд қилиш бирор-бир муаммони ҳал этмайди, аксинча, янги-янги муаммолар пайдо бўлиши ва урчишига олиб келади.
Аҳмаджон
МЕЛИБОЕВ
