Туркияга келин бўлган журналист ва хонанда қизлар: улар қандай яшамоқда?

601

Ўзбек қизларининг хорижлик йигитларга турмушга чиқиши йилдан-йилга одатий тусга кириб бормоқда. Статистика агентлиги берган маълумотга кўра, 2022 йилда расмий никоҳ билан 3178 нафар ўзбек қизи турк йигитига турмушга чиққан. Турк эркаклари орасида ҳам чет эллик аёллар билан турмуш қуриш даражаси ошиб бормоқда. Улар нафақат ўзбеклардан, балки Сурия, Озарбайжон ва Германиядан ҳам уйланади.

Умумий ҳисобда, айни пайтда Туркияда 800 минг хорижлик келин бор.

“Хориждаги ватандош” лойиҳам учун бу гал бошқача ёндашишга қарор қилдим. Туркиялик йигитга турмушга чиқиб, бугунги кунда бахтли рафиқа, меҳрибон она ролида яшаётган Ўзбекистондаги фаол журналист Ситора Aлихонзода ва хонанда Камола Aрслоновани суҳбатга чорладик. Улар билан ўзбек келинлари Туркияда қандай яшамоқда, уларнинг муносабати ва турмуш тарзи ҳақида гаплашдик.

Ситора Алихонзода (Азизова)  узоқ йиллар “Бекажон” газетасида журналист ва муҳаррир лавозимида ишлаган. Каръерада муваффақиятга эришган  қаҳрамонимизнинг турмушда омади келмайди. Фарзандини узоқ йиллар ёлғиз ўзи тарбия қилгач, ниҳоят қайта турмуш қуришга қарор қилади ва  тақдирини турк  йигити билан боғлайди. Айни пайтда Туркияда яшаётган Ситора Алихонзода  уч нафар боланинг онаси саналади.

– Ситора опа, сиз Ўзбекистонда кўзга кўринган фаол журналистлардан бири эдингиз. Каръерангиздан  оилани устун қўйиб, туркиялик йигитга  турмушга чиқдингиз. Бунгача сизнинг оила ҳақидаги қарашларингиз, оғриқларингиз ва албатта хулосангиз бўлган…

– Саволга чуқур “уҳ” тортмасдан жавоб бериб бўлмайди.  Чунки бу қарорга келишим бошқаларга ташқаридан кўринганидек унчалик ҳам осон бўлмаган. Ҳа,  ўрни келганда айтиб кетай, бу борадаги қароримнинг  чет элда яшаш осон, енгил ҳаёт билан мутлақо алоқаси йўқ.

Ишимни жуда яхши кўрардим. Шунчаликки, ҳаётимни журналистикадан, хусусан, газетадан айри тасаввур эта олмасдим. Аммо ҳар қандай аёл учун бу дунёда иш, карьерадан муҳимроқ бўлган нарсалар бор. У ҳам бўлса, фарзанд, оила, турмуш…

Агар бу томондан унинг шахсий ҳаётида бўшлиқлар бўлса, карьерада қанча муваффақиятга эришса-эришсин,  ўзини  тўкис, тўлақонли аёл сифатида бахтли ҳис эта олмас экан…

Шахсий ҳаётимдаги мана шу кемтиклик, оғриқ нуқталар  ҳаётимни бир юз саксон даражага ўзгартириб юборадиган  қарорга келишимга сабаб бўлган.

Турк фуқаросига турмушга чиқишим  аввало бу – тақдир битиги. Аммо реал сабаб айтиш керак бўлса,  шундай изоҳлашим мумкин. Ажрашган (болали) бир аёл учун, унинг жамиятдаги ўрни, касб-кори, хулқ-атворидан қатъий назар,  кейинги турмуш масаласи оғир ва жиддий муаммодир. Икки-уч болали аёллар учун буни имконсиз дейиш мумкин. Чунки бизда бировнинг фарзандини ўз боласидек қабул қиладиган эркаклар  оз.  Болалар эса аксарият ҳолларда онада қолади.

Эркакларимизга келсак, неча ёшда ва нечта бола билан ажрашган бўлишидан қатъий назар, кейинги сафар яна осонгина хотин, бола-чақа қилиб кетаверади. Уйланганда ҳам турмушга чиқмаган қиз бола ёки фарзандсиз ёш аёлга уйланишга рағбат кўрсатишади. Ажрашган, болали аёлларни  ўзларига иккинчи ёки учинчи хотин қилиб олишлари мумкин, холос. Афсуски, шундай!

– Сир бўлмаса, турк йигити билан қандай танишдингиз.  У билан тил топишишда қийналмадингизми? Истанбулдаги илк учрашув, илк таассурот ҳақида сўзлаб берсангиз…

– Турмуш ўртоғим билан ўртада воситачи орқали танишганмиз. Аввалига интернет орқали гаплашиб турдик. Бу орада бир-биримизни озми-кўпми ўргандик. Кейин биз ўғлим билан Истанбулга келдик  (Бу ерда менга яхши иш таклиф қилишган эди.) Хўжайиним бизни аэропортда синглиси ва яна бир яқин ақрабоси билан кутиб олишга чиқди.  Илк учрашув иккимиз учун  ҳис-ҳаяжонга бой бўлган.  Энг қизиғи,  аэропортда вақтимизда у  мендан расман қўлимни сўради. Агар рози бўлсам, бизни ўша куниёқ Сакаря ( ўзи яшайдиган вилоят)га олиб кетишини, у ерда бизни бутун бошли оиласи кутиб ўтирганини айтди.

Таклифига дарҳол ижобий жавоб беролмаслигимни, фақат буни тўғри қабул қилишини айтдим. Фикримдан қайтганим учун эмас, шунчаки шошилмасликни маъқул кўрганим учун шундай  дедим.

Бундан унинг ҳам, ёнидаги кишиларнинг ҳам кайфияти тушиб кетди.  Мени кутиб олиш учун яқин  дугонамнинг Истанбулда ишлайдиган онаси ҳам чиққан эди.  Биз улар билан қолдик.

Ўшанда  кейинчалик хўжайиним гапириб беришича,  Истанбулдан “қуруқ қўл” билан қайтишаркан, қайнопам, “Бу қиз энди Истанбулда қолса керак. Биз томонга келмайди. Кўпам умид қилма”, деб хўжайинимнинг ҳафсаласини  пир қилган эмиш.

Аммо… Биз Истанбулда узоқ қолмадик.  Ниятимни Аллоҳга астойдил таваккул қилганим учун бўлса керак, муносабатимиз бир ёқлик бўлиб, тақдиримиз тезлашиб кетди.  Сакаряга келган кунимиз ҳақиқатан бизни бир уй одам кутиб олди.  Кўп ўтмай никоҳ ишлари бошланди. Хўжайиним унгача ота-онасининг уйида яшаб турди.  Ҳа айтганча, бу ерда, агар ҳужжатларда муаммо бўлмаса, расмий никоҳдан ўтиш жудаям осон экан. Бир ҳафтага қолмай ҳал бўлган эди.

Тил топишишга келсак, менда унақа қийинчилик бўлмаган.  Тўғри,  Ўзбекистонда вақтимда google таржимон ёрдамида гаплашишимга тўғри келарди.  Туркияга келгач эса бунга ҳожат қолмади.

– Ўзбек ва турк миллати ўртасидаги тафовутдан қийналган пайтингиз бўлганми?

– Кези келса, ҳалигача қийналаман.  Аслида икки миллатнинг ўзаро яқин жиҳатлари кўп.  Тили яқин,  дини, мазҳаби бир.  Қадриятлари ўхшаш.  Шунга қарамай, тафовутлар ҳам одамга яққол сезилади. Мисол учун, турк ошхонаси, таомлари бизникидан тамоман фарқли. Овқатланиш маданияти ҳам. Қолаверса, миллатнинг ўзига хос характери, одатлари бор. Муҳит ҳам  бошқача. Бироқ биз ўзбеклар ниҳоятда мослашувчан, кўникувчан халқ бўлсак керак. Чунки дунёнинг қайси давлатига бормайлик,  борган жойимизга тезда мослашиб, қўшилиб кетамиз.  Мисол учун, бу ерда йиллар давомида яшаб келаётган суриялик араблар бор. Ҳатто турк тилида икки оғиз тўғри  жумла қуриб гапира олишмайди.

– Турк сериаллари орқали  маълум, аёлларининг нафақат оиладаги, балки  жамиятдаги ўрни  ҳам юқори. Биз кўрганимиз албатта фильм. Асл ҳолат ҳақида бизга маълумот бера оласизми?

– Турк сериаллари, фильмларининг реал ҳаётга тўғри келадиган энг асосий жиҳати ҳам шунда.  Туркчада айтганда, бу тарафдан “турк кадинлари чок шансли”.  Уларга ҳавасим келади, ҳатто баъзан ўзимизнинг ўзбек аёллари билан қиёслаб туриб, ҳасад ҳам қилиб қўяман.  Бирорта турк аёли Туркиядан бошқа бирор бир давлатда  яшай олмаса керак, деб ўйлайман. Албатта, бу ерда ҳам аёлларга нисбатан зўравонлик, ҳақсизликлар тез-тез учраб туради. Шунга қарамай, бу мамлакатда аёллар ҳақ-ҳуқуқи даражаси  анча юқори.

Шу пайтгача оиласини боқиш, уй олиш, фарзандларини ўқитиш учун мусофирлик юкини бўйнига олиб, хорижга ишлаш учун кетган бирорта турк аёлини кўрмадим.  Кетганлари ҳам ўқиш, карьера қилиш учун боришган.

Аёллар болали бўлгач, асосий вақтини фарзандига бағишлайди.  Боласини қайнонаси тугул, ўз онасига ҳам  ишонмайди. Келинлар учун қайнона-қайнота хизмати биринчи ўринда турмайди.  Турмуш қурганларнинг аксарияти қайнона-қайнотадан алоҳида яшайди.  Ижарада бўлса ҳам, ўз кунини ўзи кўриб, рўзғорини ўзи тортади. Турк сериаллари, фильмларининг реал ҳаётга тўғри келадиган энг асосий жиҳати ҳам шунда.

Туркларда қиз чиқариш осон, уйланиш қийин.  Келин бўлмишга бир дунё тилла бериш одати бор.  Энг оддий, камдаромадли оила  ҳам  келинга камида беш-олтита билагузук тақиши керак.

Шу учун ҳам кейинги йиллатда турк йигитлари орасида хорижлик қизларга уйланиш урф бўлаётган бўлса, ажабмас.

– Фарзандингиз Туркиядаги мактабда  таълим олмоқда. Болалар чет тилини тез ўзлаштиришини ҳисобга олсак, турк тилини сиздан яхши   ўрганган бўлса керак.  Туркия таълим тизими Ўзбекистондан нимаси билан фарқ қилади?

– Ўғлим ҳозирда учинчи синфга бораяпти. Туркияга келганимизда “Мерҳаба”  деган сўздан бошқасини билмасди. Хўжайиним билан ўзаро русча гаплашишарди. Уч-тўрт ойга қолмай туркчада бемалол мулоқот қиладиган бўлди. Туркияда болалар биринчи синфга 69 ойлик бўлгач (беш ярим ёшдан кейин)  қабул қилади.  Таълим 3×4=12 формуласи асосида ишлайди.  Бошланғич, ўрта мактаб ва лицей, ҳар бири тўрт йилдан – жами 12 йиллик таълим тизимига эга.

Ҳозир Ўзбекистондаги таълим тизими билан яқиндан таниш бўлмаганим учун аниқ қиёслай олмайман. Аммо баъзи фарқларни санаб ўтишим мумкин.  Масалан,  турк мактабларида болалар оддий қора қаламдан фойдаланади,  ручка ишлатмайди.  Дарслар сентябрь ўртасида бошланиб, июнь ўрталарида тугайди. Бир йиллик ўқув йили икки чоракдан иборат. Яна  ўқувчилар кундалик тутмайди. Болаларга “икки”, “уч”, “тўрт” деган баҳолар қўйилмайди. Таълим сифати ҳақида шуни айтишим мумкин, ўқувчи мактабда олган  билими билан бемалол университетга кириши мумкин.

– Ўзбек қизлари турк қизларидан қайси фазилатлари билан устун деб ўйлайсиз?

– Ўзбек қизлари турк қизларидан андишаси, фаросати, сабри, кечирувчан ва итоати билан ажралиб туради. Афсуски, бу хислатлар ҳамма вақт ҳам аёл кишининг оилада, жамиятда қадр-қиммат топиши, бахтли бўлиши учун етарли бўлавермас экан. Бир қанча фазилатларда турк хонимларидан устун бўлган ўзбек аёллари турк аёлларичалик қадр кўрмайди, десам айни ичимдаги аччиқ иқроримни айтган бўламан. Афсуски, биз, ўзбек аёллари ўзимизни севишни, ўз сўзимизни айта олишни, керак пайтда “йўқ” деб, ўрни келса талаб қилишни ўрганадиган вақт келган.  Итоаткорлик ҳисси бизда ҳаддан ортиқ юқори.  Бу эса  аёлни шахс сифатида “мен”ини ўлдириб, ўзини  атрофидагилар учун фидокор, муте-хизматкор характерида  яшаб ўтишини “таъминлайди”.

Аёл – она.  Оналар эса миллат тарбиячисидир.  Шундай экан, аёлларимиз, оналаримиз қанчалик ўзига ишонган, ўз қадрини билган, билимли, бахтли бўлса миллат келажаги ҳам шунга монанд бўлади. Ишонаманки,  бизнинг ўзбек аёллари нафақат тарбияли, ҳур фикрли,  ақлли фарзандларни ҳам тарбиялаб вояга етказа олади. Фақат уларга бунинг учун имкон бериш керак.  Бу имкон эса аввало уларнинг ҳақ-ҳуқуқи, қадри-қиймати, оиладаги ўрнини оширишдан бошланади.

– Туркияда икки  нафар фарзандингизни дунёга келтирдингиз. Ҳомиладор аёлларга, ёш болалиларга қандай имтиёз ва шароитлар бор. Туғруқхонада коррупцияга дуч  келдингизми?

– Туркияда нафақат туғруқхона, соғлиқни сақлаш тизимида, балки давлатнинг  бирор бир соҳасида коррупцияга бирор марта бўлсин дуч келмадим. Ана шу коррупциянинг йўқлиги халқ учун энг катта имтиёз бўлса керак.

Тиббиёт соҳаси давлат фуқаролари, хусусан, тиббий суғуртага эга ватандошлар учун мутлақо бепул.  Тиббий кўриклар,  таҳлиллар ва хизматлар учун бир сўм ҳам пул тўлашмайди.

Пуллик, хусусий клиникалар ҳам мавжуд. Одамлар шароитига қараб хоҳласа давлатнинг текин тиббий хизматидан, истамаса хусусий шифохонага мурожаат қилиб, уларнинг пуллик хизматидан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Албатта, хусусий клиникалар хизмати ҳамма жойда бўлганидек, сифат ва шароит томонлама устун. Пули ҳам шунга яраша. Мен иккинчи фарзандимни Туркияда, давлат туғруқхонасида дунёга келтирганман. Бу  ердаги муносабат, шароит, асосийси,  тиббий хизмат мени қониқтиргани учун учинчи фарзандимни ҳам айни шу шифохонада дунёга келтирдим. Ҳатто айтишим мумкинки,  Туркиядаги давлат шифохоналари бу борада биздаги хусусий шифохоналардан қолишмайди.

Суҳбатдош:
Феруза РАҲИМОВА