“Муштум” журнали бу йил 100 ёшни қаршилади. Журнал қарийб бир аср аввал “У золимларнинг эмас, балки мазлумларнинг муштидир!”, деган шиори билан журналистиканинг асл моҳиятини ифодалаб берди. Бир вақтлар унинг муштидан не-не одамларнинг пешонаси ёрилмаган, унинг ўткир ҳажвлари жамиятда қанчадан қанча ўзгаришларга сабаб бўлмади… Истаймизми-йўқми, замонавий ўзбек жамиятининг тафаккури ва ислоҳотларида шубҳасиз, унинг ўзига хос ўрни бор. Ана шундай катта матбуот – “Муштум” босма нашрларнинг бугунги мураккаб шароитида ҳам нафас олмоқда, ўзининг янги ва юксак мақсадлари йўлида одимламоқда.
Хўш, бу жараён қандай кечаяпти? Журналнинг олдида қандай муаммолар бор? “Муштум”нинг мушти бугун юмшагандайми? Шу каби саволлар устида журнал бош муаҳррири Носиржон ТОШМАТОВ билан суҳбатлашдик.
– Носиржон ака, бугунги замон матбуоти ҳақида нималарни ўйлайсиз ва “Муштум”га қандай таъриф берган бўлардингиз?
– Агар ўхшатишим жоиз бўлса, ўзбек босма матбуотини бутун бошли тана десак, мана шу тананинг лабидаги табассуми ва қўлидаги мушти – “Муштум” ҳисобланади. Журналимиз узоқ йиллар ана шу икки вазифани тўлақонли уддалаб келган. Муаммони ёпаман десангиз, баҳона ҳамиша топилади: “Илгари матбуотга муносабат бошқача эди”, “Авваллари “сотка”, интернет деган нарсалар йўқ эди”, “Обунани давлат ўзи ташкиллаштириб берарди”, “Минг-минглаб газета сотадиган дўконлар бор эди”, “Одамларимиз ўқимай қўйди…” ва ҳоказо. Мен минг тиришиб юқоридаги баҳоналардан бирортасини рўкач қилмасликка ҳаракат қилсам-да, афсуски, барибир уларни четлаб ўта олмаяпман. Юқоридаги баҳоналар аслида баҳоналар эмас – ечимини топмаган муаммолар бўлиб, улар наинки, “Муштум”га тааллуқли, балки бугунги кунда ўзбек матбуотининг қарийб 90 фоизига тегишли. Ўз-ўзидан аёнки, танадаги бирор аъзонинг дарди – барча аъзоларнинг дарди, оғриғи ҳисобланади.
Маънавият минглаб йиллар китоблардан, бир неча асрки газета ва журналлардан куч олиб, пойдеворини уларнинг устига қурган эди. Ҳозирги кунда китоб билан боғлиқ муаммоларнинг барчаси газета, журналларимизга ҳам тегишли: нашрни ўқувчилар қўлига етказиб бериш, матбуот тарқатиш дўконларининг аянчли аҳволи, фаолияти, ўқувчилар юзини матбуотга қайта буриш. Рақобатчи кимлиги ўзингизга аён.
Ўзбек матбуотида ислоҳ қилинадиган талай муаммолар турибди. Мабодо шу кунлар бирорта нашр кам ададда чиқаётган ёинки ёпилишга маҳкум бўлаётган бўлса, асло таҳририятни, унинг фидойи жамоасини бу кулфатда айблаб бўлмайди.
Матбуотнинг ривожидан фақат жамият ютади.
– Журнал, умуман, матбуотнинг олдида турган бугунги муаммоларга тўхталсангиз…
– Агар босма матбуотимиз росмана ишлаб турса, матбуот тўғрисидаги қонунларимиз амалда ҳеч бўлмаса 50 фоизга ҳаракатда бўлса, жамиятдаги иллатлар анча-мунча камайган бўларди… АОКА остонасидан ичкарига қадам қўя олмасангиз, Журналистлар уюшмаси эса… Чорак асрдан буён пойтахтда юрган бўлсам, ақалли бир марта журналистларни қошига чақириб, қандай муаммоларинг бор, нега босма матбуотимиз борган сайин чўкиб кетаяпти, нима қилсак ечим топамиз, келинглар, бир йиғилайлик, деган гап-сўзини эшитганим йўқ. Тизимни ислоҳ қилиш ташаббуси аслида улардан чиқиши керак. Улар мукофот берадиган палла “сув юзига чиқиб”, бир кўриниш берадиган китларга ўхшайди. Назаримда, матбуотимиз етим қўзига ўхшаб қолган…
– У ҳолда матбуотнинг бугунги мураккаб шароитида журнални сақлаб қолиш қандай кечяпти?
– Негадир кўпчилик “Муштум” ёпилиб кетганди, қайта тикланди”, деган тасаввурда. “Муштум” ёпилгани йўқ. Коронавирус авжига чиққанда у ҳам кўпчилик нашрлар қатори бироз дам олди, холос.
Ана шундан кейин миллатпарвар ҳомийларни топиб, яна енгини қайта шимариб, ишга киришди. Ўтган бир ярим йил давомида журнални қайта қувватга киргаздик. Ҳозирги қиёфаси, маъно-мазмуни ёмон эмас. “Муштум”нинг мушти аста куч олаяпти. Бугунги босма нашрларнинг яшаб қолиши учун назаримда давлатимизнинг маънавият соҳасида жуда катта ислоҳоти зарур, деб ҳисоблайман. Биринчи навбатда, айрим раҳбарларимизнинг онгидан “Босма нашрларнинг куни битди”, деган хаёлни ювиб ташлаш керак. Исталган ривожланган давлатларнинг босма нашрлари жараёнини кузатиб кўринг: бор, ўқилаяпти, қадамини дадил ташлаяпти. Бир асрдан зиёд жамиятга кераклигини минг карра исботлаб қўйган теоремани қайта исботлашнинг нима кераги бор? Ундан кўра, нашрларнинг замонавий савдоси, тарғибот-ташвиқотини кучайтириш керак. Қишлоқлардаги мактаблардан аввал китобнинг, ортидан газета-журналларнинг қадами узилди. Мамлакат миқёсида маънавиятни молиялаштиришда китоб – газета – журнал учлигининг ҳиссасини жиддий кўриб чиқиш керак.
Бошқа бир ракурс: бир йил давомида журналимизнинг ҳар бир сонидан барча вилоят ҳокимликлари ва Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесига 20 донадан, ҳар бир туман, шаҳар ҳокимликларига 10 донадан текинга етказиб бердик. Ҳой, барака топгурлар, лоақал маҳаллий ҳокимликларга етказишда ёрдам беринглар, деган мақсадда вилоят ҳокимларидан кўмак сўраб, ҳар гал хат билан мурожаат қилдик. Элита ўқиса, ўзи тарғиб қилади, деган мақсадимиз бор эди. Минг афсуски, журналларимизнинг аксари вилоят ҳокимликларида тарқатилмай қолиб кетди. Бу ҳолат вилоят раҳбарларининг ўзи бирор нима ўқирмикан, деган тасаввурни уйғотади. Назаримда, аксарият раҳбарларимиз тамоман роботга айланиб бўлишган. Буюрсанг, бажаради. Буюрмасанг, “программа” бўйича ишлайверади. Бу йил ана шу тартибни ўзгартириб, халқ таълими тизимига, олий ўқув юрти даргоҳларига тарқатаяпмиз. Натижасини ҳозир ўрганаяпмиз. Журналнинг интернетда ютуб каналини йўлга қўйиш учун лойиҳа ишлаб чиқяпмиз. Иш беришига умид бор.
– Нега “Муштум”нинг аввалги мушти йўқ?
– Мушти йўқ эмас, мушти бор. Муштумини қўллаб-қувватлайдиган адолатпарвар хайрихоҳи йўқ. Яъниким, бир фельетон чиқариб, ўрганишга жўнатсангиз, адолатпарварларимизнинг ғаладонларида сарғайиб қолиб кетаяпти. Юқорида куч тўплаяпмиз, интернетдан ўзига хос фойдаланиш ниятимиз бор, деб айтдим. Истаймизми-йўқми, ҳозир интернетнинг таъсир кучи катта. Столидаги газета, журнални раҳбар ўқимаслиги мумкин, лекин интернетга термулиб, ким, нимага чиқибди, деб томошаталаб бўлиб ётибди. Аслида тескариси бўлса, босма матбуотимизни қийнаётган энг катта муаммолар ҳал бўларди. Биз ҳаракатдамиз, ҳали таслим бўлмадик. Демак, изланиш, кураш давом этади…
Мафтуна КАРИМОВА суҳбатлашди



