Мирзаев ва Назарбеков унутган муаммо: Бўстонлиқда дам олиш фақат бойларгами?

584

Ёз – саёҳатлар мавсуми. Табиийки, одамларни нафақат хориждаги, балки юртимиздаги сўлим масканлар ва у ерда яратилган шарт-шароитлар ҳам қизиқтиради. Ishonch.uz мухбири яқинда Бўстонлиқ туманида бўлиб, дам олиш учун яратилган имкониятлар билан қизиқди.  

Бугун Тошкент вилоятида 1000 га яқин  объект – меҳмонхона ва дам олиш ҳудуди (106та), оилавий меҳмон уйи (774та), хостел (66та), санатория ва клиника (40)  мавжуд.  Объектларнинг 159 таси диққатга сазовор жой ҳамда зиёратгоҳ бўлиб, уларнинг 14 таси туризм маршрутига киритилган. 80 га яқин туристик корхона хизмат кўрсатмоқда. Бўстонлиқ туманининг ўзида эса бутун Тошкент вилоятидаги сайёҳлик объектларининг ярмидан кўпи жойлашган. Улар бир кунда 11,5 минг нафар меҳмонни кутиб олиш имкониятига эга. Ана шу маълумотларнинг ўзи ҳам Бўстонлиқ туманининг туристик салоҳиятини кўрсатиб турибди. Аммо сифат, хизмат кўрсатиш, яратилган шароитлар жиҳатдан объектларнинг барчаси турли даражада ва нархлари ҳам шунга яраша.

10 кун учун 13 миллион

Ҳумсон қишлоғидаги Угам дарёси бўйида жойлашган, озода ва шинам «Ҳумсонбулоқ» маскани оилавий дам олиш учун жуда қулай. Масканда яшил табиат, тоғ манзараси, зилол сувлардан баҳра олиш билан бир қаторда, физиомуолажалар олиш ҳам мумкин. Бир сутка учун киши бошига энг камида 1 млн.300 минг сўм тўласангиз, бас. Уч маҳал овқатланиш ва физиомуолажалар шунинг ичида. Агар 10 кун дам олишни режалаштирсангиз, 13 миллион сўм маблағ сарфлайсиз. Бу – оддий хоналарда дам олиш нархи. Ўртача қулайликдаги ёки люкс хоналар нархи эса 2 — 2,5 млн.дан 5 млн. сўмгача.  Кундузи дўстлар ёки фарзандлар билан сув бўйидаги супаларда ҳордиқ чиқаришни истасангиз ҳам, мазкур маскан энг қулайларидан биридир. Кичик шаршара кўзингизни қувонтиради. Отда сайр қилиш, теннис, футбол, бильярд учун шароит яратилган. Аммо бунинг учун ҳам кечқурун манзилни тарк этиш шарти билан 2млн. сўм тўлов қилишингиз керак. Озода, хизмат кўрсатиши яхши бошқа дам олиш масканларидаги нархлар ҳам шунга яқин. Меҳмон уйларида камида 6 кишилик жамоа билан бир суткага 600.000 дан — 1. 000.000 сўмга, халқ тилида «дача» номини олган объектларда эса ўртача 2-3 млн. сўмга яхши шароитни топишингиз мумкин. Албатта, бу Туркияга 8, 9, 10 кунга 1000 ёки 800-850 АҚШ долларига таклиф қилинаётган (бориб-келиш харажатлари ичида) нархлардан анча қиммат. Аммо тумандаги Ҳумсон, Хўжакент, Юсуфхона, Қоранқул, Яккатут каби қишлоқларнинг барчасида 400 мингдан бошланувчи нархларга оилавий дам олиш имконини берувчи меҳмон уйлари мавжуд. Уларнинг хизмат кўрсатиш даражаси юқори эмас. Аммо юртдошларимизга  шароитдан келиб чиқиб, арзонроқ дам олиш имконини беради.

Рақамлаштириш кириб бора олмаётган туризм ёки «нархни бозор белгилайди»

Хўш, нархлар нега бунча қиммат? Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати мутахассиси Асқар Исмоиловнинг айтишича, иқтисодиёт қонуниятларига кўра, дам олиш масканларидаги нархларни бозорнинг ўзи белгилайди. Талабга қараб таклиф шаклланяпти.  Яъни, ҳеч ким мана бу нархда хизмат кўрсат деб, тадбиркорлар ишига аралаша олмайди. Чунки меҳмон уйлари ёки меҳмонхона ташкил этган тадбиркорларнинг аксарияти банкдан кредит олган. Ўзига яраша харажат қилган. Улар ана шу харажатларини чиқариб, кейин фойда олишни ҳам ўйлашади. Қолаверса, ҳар қандай тадбиркор меҳмон уйи бўш турганидан кўра, у ерга одам келишини, пул келтиришини хоҳлайди. Бу жиҳатдан нархни асоссиз ошириш уларнинг зарарига ҳам юришини яхши билишади. Бироқ тизимда ўртакашлар, воситачилар фаолияти ҳам мавжудки, бу ҳам  оз бўлса-да, нархлар ошишига таъсир кўрсатади. Қачонки биз ана шу воситачилар хизматини йўқ қилсак ва махсус сайёҳлик иловаларини ишга туширсак, одамлар уйидан туриб илова орқали ўзининг чўнтагига мос дам олиш масканини танлайди ва воситачи хизматидан фойдаланмай туриб ҳам, дам олиш имконига эга бўлади. Аммо бизда негадир ана шу рақамли жараёнга ўтиш оқсаяпти. Кимлардир бир неча бор уриниб кўрди, аммо бу жуда мураккаб жараён бўлгани учун амалга ошмай қолиб кетди. Чунки бу  лойиҳа жуда катта  маблағ талаб қилади.

«Таклиф талабдан кўп эмас»

Юқорида айтганимиздек, арзон оилавий  меҳмон уйлари ёки дам олиш масканлари ҳам бор. Аммо улардаги  санитария ҳолати, шинамлик, хизмат кўрсатиш маданиятини юқори даражада дея олмаймиз. Туркияда эса ҳар бир сайёҳга шоҳона хизмат кўрсатилади. Унинг истаги, нима хоҳлаётгани билан мунтазам қизиқилади. Бўстонлиқ тумани табиатининг гўзаллиги жиҳатидан бошқа ўлкалардан қолишмайди. Аммо ҳали хизмат кўрсатиш маданияти борасида қиладиган ишларимиз кўп.

– Бўстонлиқ туманида ташкил этилган туризм коллежида янги авлод мутахассислари тайёрланмоқда. Келгусида улардан умидимиз катта, – дейди Тошкент вилоятининг туризм бўйича масъул вакили Маъруф Баракаев. – Биздаги маълумотларга кўра, сўнгги шанба-якшанба кунлари Бўстонлиққа 30 минг сайёҳ келган. Уларнинг асосий қисми – пойтахтликлар. Афсуски, ҳозирча, дам олиш объектлари ва ундаги ўринлар сони бу ерга келувчиларга нисбатан кўп эмас. 586 та объектимизда 11492 та меҳмон ўрни бор. Шунинг учун яхши дам олиш масканларининг ҳам нархи қимматроқ. Қачонки уларнинг сони бу ерга келувчиларга нисбатан бир неча марта кўпайса, нархлар ҳам ўз-ўзидан тушади. Ҳозирда шунинг учун ҳаракат қилаяпмиз. Масалан, жорий йилда 178 та меҳмон уйи ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, ҳозиргача 40дан ошиғи ишга тушди. Сабаби – меҳмон уйлари очишнинг ҳам ўзига яраша талаб ва меъёрлари бор. У ерда сайёҳлар учун қулай шароит яратилиши керак, шундагина уларнинг расман ишлашига рухсат берилади. Бу эса маблағ билан боғлиқ.

Кўриб турганингиздек, Бўстонлиқ туманинг сайёҳлик имкониятлари кенг. Аммо воситачи-ўртакашларнинг кўплиги, дам олиш объектлари ва меҳмонхоналар сонининг талабга нисбатан камлиги, ҳудуддаги туристик масканлар ҳақида маълумот берувчи мобиль иловаларнинг йўқлиги, тумандаги туризмни тарғиб қилишга мўлжалланган сайт ва ахборот манбааларининг камлиги, борлари ҳам эски маълумотлар билан қолиб кетгани, қолаверса, ички йўлларнинг нотекислиги, кўчаларда ҳожатхоналар сонининг етарли эмаслиги каби қатор муаммолар бу ҳудудга келиши мумкин бўлган кўплаб маблағларнинг четга чиқиб кетишига сабаб бўлмоқда. Яқин йилларда хизмат кўрсатиш маданияти, кадрлар масаласи, масканларга олиб борувчи ички йўллар таъмирталаблиги, чиқинди солишга мўлжалланган урналар ва ҳожатхоналар  муаммоси ижобий ечимини топмас экан, биз бутун туман аҳолисини иш билан таъминлаши мумкин бўлган катта бир сайёҳлик имкониятимизни бой беришда давом этаверамиз.

Р.S. Мутасаддиларнинг бу борадаги фикрларини бир эшитсак дегандик. Дейлик, Тошкент вилояти ҳокими туризм масканларига бориб, у ердаги муаммолар ва уларнинг ечими ҳақида ҳам бевосита эфир қилсалар… Ёки туризмнинг “эгаси” Озодбек Назарбеков Бўстонлиқда дам олиш  хориждагидан қимматга тушаётганига бир энлик изоҳ берсалар… Киройи иш бўларди.

Зебо НАМОЗОВА,
Ishonch.uz