Бугун Марказий сайлов комиссиясининг матбуот марказида (Сипмозиумлар зали) Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда ОАВ вакиллари учун сайлов жараёнларини ёритишнинг ўзига хос жиҳатлари ва замонавий ёндошувлар юзасидан амалий семинар-тренинг ўтказилди.
Семинар-тренингда МСК мутасаддилари, АОКА ходимлари, медиа экспертлар ҳамда журналистлар, фотомухбирлар иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби, уларнинг ОАВда тенг ҳуқуқлилик асосида ёритилишини таъминлаш, сайлов жараёнларида ёлғон ахборотларнинг тарқалиши ва уларнинг олдини олишда эътибор қаратиш лозим бўлган мезонлар, шунингдек, сайлов жараёнларини ёритишда ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказиш масалалари бўйича батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, сайлов жараёнларини ёритишда журналистларнинг ҳуқуқлари ҳамда аввалги сайлов ва референдум жараёнларида ОАВ вакиллари томонидан йўл қўйилган камчиликлар, уларни бартараф этиш чоралари ҳақида ҳам далиллар асосида мисоллар кўрсатилди.
Журналистлар кузатувчи, комиссия аъзолари, ОАВ вакиллари ва сайловчиларга бўлинган ҳолда амалий тарзда сайлов жараёнларини ташкил этиш ҳамда ёритиш тартиби билан таништирилди.
Семинар-тренинг маҳаллий журналистларнинг сайлов жараёнларида фаол, холис ва шаффоф фаолият кўрсатишлари учун амалий-назарий жиҳатдан самарали бўлди.
