Туризм бу — инвестиция, экспорт, янги иш ўринлари ва камбағалликни қисқартириш демакдир. Шу боис юртимизнинг ҳар бир ҳудудида мазкур соҳани янада ривожлантириш мўлжалланмоқда. Жумладан, бултур июнь ва сентябрь ойларида Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишларида ҳам ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилган, айниқса, Бухоро тажрибасини мамлакат бўйлаб кенг оммалаштириш зарурлиги қайд этилганди.
Дарвоқе, Бухоро шаҳрига қадам ранжида қилаётган сайёҳлар йил сайин кўпаймоқда. Масалан, 2021 йилда унга ташриф буюрган хорижий сайёҳлар 30 минг 800 нафарни ташкил этган бўлса, 2022 йилда 550 минг нафарга етди. Жорий йилнинг дастлабки чорагида эса 400 минг нафардан ошди.
Ўрганишлардан маълум бўлишича, сайёҳларнинг Бухорода бўлиш даври ўртача 3,5-4 кунни ташкил этади. Хорижлик меҳмонларнинг кунлик харажатлари 250 АҚШ долларига, маҳаллий сайёҳларники эса ўртача 350 минг сўмга тўғри келади.
Бугунги кунда янги туристик маршрутлар очиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш орқали меҳмонлар ташрифи давомийлигини узайтириш чоралари кўрилмоқда. Масалан, кўҳна Бухоронинг Эски шаҳар қисмидаги меҳмонхона, ошхона, савдо дўконларининг том қисмларида ресторан ва кафетерийлар ташкил этилаётгани сервис хизматлари жозибадорлигини оширмоқда. Туристик маршрутда жойлашган ва очиқ террасага эга бундай овқатланиш шохобчаларини барпо этиш ўз самарасини бермоқда. Энг муҳими, туризм соҳасида янгича тажриба дея эътироф этилаётган бу лойиҳа маҳаллий ва хорижий сайёҳларда бирдек қизиқиш уйғотмоқда.
Бугунги кунда Бухоро шаҳрига келаётган хорижий сайёҳлар сонини янада ошириш, улар учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида туристик йўналишларни кўпайтириш, янги меҳмонхона ва меҳмон уйлари қуриш, талабларга мос сервис хизматларини ривожлантиришни янги босқичга кўтариш бош мақсадлардан бири сифатида белгиланган. Бунинг учун 2022 йилда Бухоро тажрибаси бўйича том қисми ресторан ва кафетерийлардан иборат 50 та объект бунёд этилиб, қарийб 500 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилганди. Ҳозирга қадар шу асосда 54 та очиқ терраса ташкил этилди ва 1350 нафарга яқин киши иш билан таъминланди. Жорий йил охиригача яна 15 та меҳмонхона, 20 та оилавий меҳмон уйи, 10 та хостел ишга туширилиб, барчасида очиқ терраса ва ресторанлар очиш эвазига 4200 та янги иш ўрни яратилади.
Масалага шу жиҳатдан қараганда, Минораи калон меҳмонхонасининг том қисмидаги терраса энг гавжум гўшалардан саналади. Ундаги бетакрор манзара оғушида меҳмонлар мириқиб суҳбатлашиши, енгил кечки овқатлар тановул қилишлари мумкин. Энг сайёҳларбоп маскан саналган Пойи калон меъморий мажмуасининг ўзига жорий йилда 3 миллионга яқин маҳаллий ва 1,2 миллион нафардан зиёд хорижий сайёҳ келиши кутилаётганини инобатга олсак, бу террасалар мижозлар билан янада гавжум бўлишига шубҳа йўқ.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, вилоятга ташриф буюраётган чет эллик сайёҳларнинг 58 фоизи МДҲ мамлакатлари, 21 фоизи Европа давлатлари, 17 фоизи Осиё, 4 фоизи Америка қитъаси ва бошқа ўлкалар улушига тўғри келмоқда.
Навбатдаги вазифалар сервис соҳасини янада ривожлантиришдан, сайёҳлар оқимини ҳамда уларнинг шаҳарда бўлиши давомийлигини сақлаб қолишдан иборат. Бунинг учун Бухоронинг яна 8 та марказий кўчасида жойлашган ташкилотларнинг 50 га яқин биноларида юздан зиёд ресторан ва кафетерийлар, сервис жойлари очиш имконияти мавжуд.
Бухоро шаҳрида янги қурилаётган 4 та йирик меҳмонхонанинг том қисмида емакхоналарга мўлжалланган 340 ўринли очиқ терраса ташкил этилади. Натижада Бухоро шаҳрида бу йил умумовқатланиш, гастрономик туризм хизматларини ташкил этиш ҳисобига йиллик хизматлар ҳажмини 33 миллиард сўмга ошириш кўзда тутилган.
Гулшода ИБРОҲИМОВА,
Бухоро шаҳар ҳокимининг ахборот сиёсати
масалалари бўйича маслаҳатчиси



