Ўзбекистон қулай маконда жойлашгани шубҳа остида

59

Марказий Осиё олдидаги муаммолар

Мамлакатимизнинг географик жойлашувига бир қур назар солсак. Айни жиҳат ҳавас қилса арзигулик эмас. Нафақат ўзи, шу билан бирга тўғридан-тўғри океанга чиқа олмайдиган давлатлар билан чегарадош бўлган дунёдаги икки мамлакатдан биримиз. Юртимиз ҳаёт-мамотини белгиловчи икки азим дарё – Аму ва Сирдарёнинг ҳамда учинчи дарёмиз Зарафшоннинг ҳам бошланиши қўшни давлатлар ҳудудида.

Қашқадарё, Бухоро, Навоий вилоятлари сув оладиган Амурдарё бўйидаги насос станциялари ҳам қардош мамлакатда жойлашган. Сув ресурсларимиз учун муҳим бўлган Қайроқум, Чордара сув омборлари калити ҳам ўзгалар қўлида. Боз устига бир қанча анклав ҳудудларимиз бор. Буларнинг барчаси минтақавий сиёсатда жуда вазминлик билан ҳаракат қилишни тақозо этади.
Нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёнинг келгуси тақдирига салбий таъсир кўрсатадиган яна бир омил: Амударё ва Сирдарё (бошқа дарёлар ҳам) суви ҳосил бўладиган музликлар шиддат билан эриб бормоқда. Дарёларимиз суви йилдан-йилга камайиб бормоқда. Глобал об-ҳавонинг кескин ўзгариши минтақамизда яққол сезила бошлади. Орол денгизи қуриши ортидан атмосферага тузли чанглар кўтарилиб ерларимиз мелеоратив ҳолатини издан чиқармоқда, тоғлардаги музларнинг эришини тезлаштириб, ёғингарчилик миқдорини камайишига сабаб бўлмоқда.
Ана шундай ўткир муаммолар фонида минтақа аҳолиси сони юқори суръатлар билан ўсиб бормоқда. Бу эса ҳам ижтимоий, ҳам демографик муаммоларни келтириб чиқармоқда. Ресурслар шиддат билан камаймоқда, аҳоли сони эса ортмоқда.
Бу гаплар кўпчилликка аён. Аксарият ҳамкасбларимиз ва олимлар жуда қулай географик маконда жойлашганмиз, деган гапни кўп айтишади. Анчайин таги мўртроқ бу даъводан воз кечиб, реал ҳолатни очиқ айтиб, мавжуд ва кутилаётган муаммолар очиқ-ойдин муҳокама майдонига тортилиши зарур.
P.S. Муаммолар ва унга ечим излаш Марказий Осиё давлатларини бирлаштирувчи факторга айланиб бораётганлиги, географик жойлашувдаги «ожизлигимиз»ни бирлашиб куч-қудратга айлантириш йўлида дадил қадамлар қўйилаётганлиги умид уйғотади.

Жалолиддин Сафоев саҳифасидан олинди.