«Аёл бахтли бўлса, жамият бахтли бўлади», деган эзгу қараш ҳаётимиз қоидасига айланмоқда. Шу йўлда бугун мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча опа-сингилларимиз, мўътабар оналаримизга муносиб шароит яратиш учун барча имкониятлар ишга солинмоқда.
Давлатимиз раҳбари айтганидек, хотин-қизлар ва оила масаласи бу – кундалик ишлар орасида шунчаки номига шуғулланадиган масала эмас. Бу нафақат бугунги кунимиз, балки эртанги келажагимизни ҳам белгилаб берадиган вазифадир. Меҳр-оқибат ва садоқат тимсоли бўлган меҳрибон ва мўътабар аёллар бу имкониятларнинг қадрига албатта етади, ҳаётдан рози бўлиб, шукроналик билан яшайди.
Урганч шаҳридан пойтахтимиз томон йўлга чиққан бир гуруҳ фаол аёлларнинг кўнглидан шу ўйлар ўтган бўлса ажаб эмас. Уларни тантанали кутиб олиш маросимида суҳбатга чорладик.
– Саёҳат сафарини эшитганда ўзимизда йўқ қувондик, – дейди Қўшкўпир туманидан келган Каромат Оллоберганова. – Иш билан бўлиб, дам олишга вақтимиз бўлмасди. Бундай имкониятдан хурсанд бўлдик. Бу каби тадбирлар, саёҳатлар одамга янада куч-ғайрат беради.
– Аслида аёлларга кўп нарса керак эмас, – дейди Урганчлик Муборак Эшжонова. – Соғлиги яхши бўлса, фарзандлари бағрида юрса, тинч-омон юрса кифоя. Тўғриси, ҳозир ичимдан ўтаётганларни сўз билан ифодалаб беролмайман. Давлат хизматчиларига бўлаётган эътибордан барчамиз мамнунмиз. Анча вақтдан бери соҳада хизмат қилаётган бўлсам, мутахассисларга, хусусан, хотин-қизларга бўлган ғамхўрликни ҳис қилмаган эдим. Сафардан яхши таассуротлар билан қайтишимизга ишонаман.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан амалга оширилаётган ушбу тадбир давомида хоразмлик фаол аёлларни мароқли ҳордиқ кутиб турибди. Кутиб олиш маросидан сўнг жамоа Бўстонлиқ туманида жойлашган «Livingstone» дам олиш ва соғломлаштириш масканига жўнаб кетишди.
Гулрухбегим ОДАШБОЕВА
Ishonch.uz



