14 та кўчатдан фақат биттаси кўкарган – Тошкент марказидаги эко-хавф

72

Ҳеч аҳамият берганмисиз, ҳар йили баҳор ва куз мавсумида республика бўйича миллион-миллионталаб мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилади. Кейинги икки йилда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш «кампанияси» янада авж олди. Аммо натижа…

Агар экилган кўчатларнинг камида 50-60 фоизи кўкарганда борми, юртимиз аллақачон яшилликка бурканган бўлар эди. Афсуски, ҳар йили кўчатларнинг аксарият қисми қаровсизликдан, айни саратонда сувсизликдан қовжираб қурийди. Аммо кўчат экиш «кампанияси» вақтида терак билан толнинг фарқига бормайдиган айрим масъуллар «унча экдик, яна бунча экамиз…», дея телевидение ва матбуотда роса кўриниш беришади. Лекин орадан кўп эмас, уч-тўрт ой ўтгач, кўчатларнинг неча фоизи кўкаргани билан ҳеч ким қизиқмайди.

Тошкент шаҳри Миробод туманида жойлашган Алишер Навоий номли давлат академик катта театри ва унинг майдони пойтахтнинг энг кўзга кўринган, диққатга сазовор гўшаларидан бири. Афсуски, ана шу диққатга сазовор жойда «диққатга сазовор» манзара бор.

Гап шундаки, эрта баҳорда шу ҳудудга ҳам манзарали дарахт кўчатлари қадалган эди. Ўша куни «Yashil makon» деган ёзув туширилган яшил рангдаги нимча ва кепка кийиб олган одамларнинг кўплигини кўрган киши «ўҳ-ҳў, бу ерга анча-мунча кўчат экишса керак» деган хаёлга бориши аниқ эди. Лекин ўшанда, яъни масъуллардан интервьюлар олинган, эсдалик аниқроғи, ҳисобот учун суратларга тушилган ва ўша материаллар эълон қилинган «қизғин жараён»да бор-йўғи 14 та кўчат экилган экан, холос.
Ҳа, майли, буям муҳим эмас. Энг муҳими…

Биласизми, бугун 14 та ўша кўчатдан фақат биттаси тўлиқ кўкарган. Яна биттаси эса, ҳаёт учун «курашмоқда».
Яқиндагина мана шу ҳудуддаги бир асрлик чинор бир кечада кесиб кетилди. Худди ўша чинорнинг ён-атрофига экилган кўчатларга келажакда ҳеч ким дахл қилолмайди ва улар ҳеч қачон кечаси шамолда йиқилиб тушмайди ҳам. Чунки улар «ўлган».

Энди сўзимизни саволлар билан якунлаймиз: хўш, кўчатларнинг шу ҳолатга келишига, қуриб қолишига ким айбдор? Агар пойтахтнинг қоқ марказида аҳвол шу даражада аянчли бўлса, чекка ҳудудлардаги ҳолат ҳақида нима дейиш мумкин? Кўчатларни авайлаб-асраш, парваришлаш ва юртни яшилликка буркаш шунчалар қийинми? Қачонгача кўзбўямачилик, ўзибўларчилик, эътиборсизлик қилинади?..

Ҳа, яна бир гап: юқорида ҳам айтдик, Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театри пойтахтдаги диққатга сазовор жойлардан бири. Бу ерда хорижлик сайёҳлар ҳам кўп бўлишади.
Шундай экан, уларнинг олдида ҳижолат бўлмаслик, уялиб қолмаслик учун ўзига диққатни жалб этиб турган ўша қуриган кўчатларни олиб ташлаш керакдир балки. Келаси йил яна экилади-ку, барибир…

Алижон АБДУРАҲМОНОВ
ishonch.uz