Лицензиясиз қолдирилган «Intermed Innovation» иши: фуқаролар соғлиғи ва ходимлар тақдири қанчалик муҳим?

453

«Ishonch» мухбири вазиятнинг очилмаган томонларини ўрганди.

Айни пайтда клиниканинг 400 га яқин мавжуд штатдаги ишчи-ходими (айрим ҳамширалар давлат оилавий поликлиникаси билан бирга, поликлиника қошида очилган «Intermed Innovation» филиалида ҳам ишлаган) қўшимча даромад манбаи ёки асосий даромадидан мосуво бўлиш муаммоси билан юзма-юз бўлиб турибди.

Тиббий-лаборатор таҳлилларни олиб боришга ихтисослашган «Intermed Innovation» МЧЖнинг айрим манзилларда ноқонуний фаолият олиб боргани, ССВ томонидан белгиланган талабларни бажармагани учун лицензияси олиб қўйилганди.

Интернет нашрларида Соғлиқни сақлаш вазирлигига тегишли манбаалар тадбиркорлик субъектини айблаган бўлса, «Газета.уз» нашри «ССВнинг айбловлари умуман асоссиздир» деган сарлавҳа остида ҳам чиқиш эълон қилди.  Бизни бошқалардан фарқли равишда «Intermed Innovation» диагностик лабораторияси ўз фаолиятини мажбуран тўхтатиши оқибатида ишсиз қолган ходимлар тақдири, тадбиркорларга берилган имтиёзлар, уларнинг фаолияти қай даражада ҳимоялангани, тиббиётда ноқонуний фаолият олиб бориш ҳолатлари қизиқтирди.  Шу боис мавзуга ёндашишда ушбу саволларга жавоб изладик.

Клиника Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги 178 та поликлиникада фаолият юритган. Унинг бошқалардан фарқи шундаки, оилавий поликлиникага келган фуқаро айрим лаборатор текширувлар учун узоқдаги хусусий клиникаларга бориб юрмаган.

Қолаверса, давлат-хусусий шерикчилик асосида ташкил этилган мазкур филиаллардаги нархлар ҳам бошқа хусусий клиникаларга нисбатан арзонроқ бўлган. Ана шу жиҳати билан поликлиникалар қошида ташкил этилган бу филиаллар аҳолига қулайлик яратган. Аммо ССВга Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳридан тушган шикоят хати ортидан тадбиркорлик субъектининг айрим поликлиникаларда лицензиясиз фаолият кўрсатиб келаётгани маълум бўлади.

Бу масалада томонларнинг тушунтиришлари, холос. Асосли ва асоссиз деб бераётган тафсилотлари жуда кенг ва биз уларга тўхталиб ўтмоқчи эмасмиз.

Хуллас, Тошкент туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарорига кўра, клиника жорий йилнинг 31 май кунидан эътиборан «Шаҳристон» ва «Олой бозори» ҳудудига яқин манзилдаги марказий лаборатория ва қолган  филиалларида ҳам аҳолига хизмат  кўрсатишни тўхтатди. МЧЖга 90 миллион сўм миқдорида жарима ҳам белгиланган.

Айни пайтда клиниканинг 400 га яқин мавжуд штатдаги ишчи-ходими (айрим ҳамширалар давлат оилавий поликлиникаси билан бирга, поликлиника қошида очилган «Intermed Innovation» филиалида ҳам ишлаган) қўшимча даромад манбаи ёки асосий даромадидан мосуво бўлиш муаммоси билан юзма-юз бўлиб турибди.

Биз «Intermed Innovation» бош админстратори Иззат Аббосов билан ишчи-ходимлар тақдири масаласида мулоқот қилдик.

Унинг айтишича, айни пайтда бирорта ҳам ходим ишдан бўшатилмаган. Хусусан, поликлиникалар қошидаги 178 та филиалда ишлаётган ишчилардан ташқари, иккита марказий лабораториядаги 50 дан ортиқ ходим ишга келиб-кетиб турибди ва улар асосан ҳужжат ишлари билан шуғулланмоқда. МЧЖ келгусида ўз фаолиятини қайта тиклашга ҳаракат қилади, яқин вақт ичида эса ҳеч бўлмаганда икки марказий лаборатория фаолиятини қайта тиклаш чораларини кўрмоқчи.

– Бу вақт мобайнида ходимлар навбат билан меҳнат таътилига чиқарилади, – дейди И.Аббосов. – Биз томондан Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан давлат-хусусий шериклик шартномаси шартлари ва йўл қўйилган хатолар юзасидан гаплашиб олиш учун истак ва ҳаракатлар бўлган, аммо вазирлик бу ҳаракатларга жавоб бермаган.

Шу ўринда ҳақли эътироз туғилади: Аслида ҳар қандай тадбиркорлик субъекти фаолияти давомида хато ва камчиликларга йўл қўйиши табиий. Қолаверса, ноқонуний ҳатти-ҳаракати учун МЧЖга жарима белгиланган. Агар «Intermed Innovation» жарималарни тўласа ва шу пайтгача ноқонуний фаолият юритган объектларда тегишли шароитни таъминласа, хизмат кўрсатиш учун лицензия олиш ва фаолиятини тиклашга рухсат бериладими? Ёки бу тизимдаги раҳбарларнинг шахсий қарашлари билан боғлиқми?

Ахир, тадбиркор давлат-хусусий шериклик асосидаги фаолиятини йўлга қўйиши учун катта маблағ сарфлаб, 178 та поликлиника қошидаги филиалларни жиҳозлаган. Жумалдан, 2022 йилнинг январидан бошлаб, 178 та оилавий поликлиникадаги ўзларига бириктирилган хонага юқори сифатли интернет, совутгич, лаборатория таҳлилларини ўтказиш учун мослама, махсус автомашиналар сотиб олган, ўрнатишни бошлаган ва май ойига келиб, барча филиалларни тўлиқ жиҳозлаб бўлган. Аммо орадан бир йил ўтиб, клиниканинг лицензияси бекор қилинмоқда.

Ушбу саволларга ойдинлик киритиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари билан боғланишга уриниб кўрдик.

Хусусан, вазирликнинг сайтида раҳбар ва раҳбар ўринбосарлари деб берилган телефон номерларига қўнғироқ қилдик. Аммо иш куни ва иш вақти бўлишига қарамай, уларнинг ҳеч бири билан боғланиш имкони бўлмади. Балки мазкур рақамлар хўжакўрсинга қўйилгандир… Аммо узоқ давом этган ҳаракатимиздан сўнг ўзини вазирликда юрист лавозимида ишлайман, деб таништирган, Муродилла исмли масъул билан боғланишга муяссар бўлдик.

– Биласизми, агар МЧЖ истаса, шахсий кабинети орқали ҳар қандай савол билан онлайн мурожаат қилиши мумкин. Ва бу мурожаатга тегишли тартибда жавоб берилмаса, вазирлигимиз қонунан жаримага тортилади. Қолаверса, бу жараёнларда раҳбарларнинг шахсий қарашлари ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас, – дейди масъул вакил. – Шу пайтгача ҳам вазирликнинг тегишли бошқармаси ваколати билан ноқонуний ҳатти-ҳаракат қилган айрим хусусий клиникалар лицензияси тугатилган ва улар тегишли камчиликларини тузатиб, яна лицензиясини тиклашга муваффақ бўлган. «Intermed Innovation»да ҳам шундай ваколат бор. Бунинг учун улар аввало, белгиланган жаримани тўлаши керак. Лекин бизга маълум бўлишича, шу кунгача жарималар тўланмаган.  Яна бир жиҳат: МЧЖнинг ноқонуний фаолияти аниқланганида ҳам улар лицензиясиз филиалларида аҳолига хизмат кўрсатишда давом этган. Афсуски, вазирликнинг хусусий тиббий клиникаларни тўғридан-тўғри текширишга, фаолиятини назорат қилишга ваколати йўқ. Тартибга кўра, биз бунинг учун тегишли ташкилотлардан рухсат оламиз. Ва бу жараёнда ҳам шундай йўл тутилди. Бироқ лицензиясиз тиббий фаолият олиб бориш одамлар саломатлиги учун қанчалик ҳавфли эканлигини ҳамма ҳам тушунавермайди.

Биринчидан, лаборатор таҳлиллар олишда тананинг бутунлиги бузилади. Агар тегишли санитар-гигиеник шароит яратилмаган бўлса, жараёнда инсон вирус юқтириб олиши мумкин.

Иккинчидан, таҳлил учун олинган суюқлик, яъни – қон ёки пешоб кабилар махсус жиҳозларда ва махсус шароитдагина лабораторияга етказилиши керак. Агарда бу нарсалар белгиланган меъёрлар асосида бажарилмаса, таҳлил натижалари катта эҳтимол билан хато чиқади.

Энди ўзингиз ўйланг, ана шу шароит яратилгани ҳақида ҳеч қандай расмий хулоса бўлмасдан туриб, тадбиркор бошқа манзилларда ҳам аҳолига хизмат кўрсатган. Бундай ўзбошимчаликлар охирги пайтларда қанчалик қимматга тушаётганини, бир нечта хусусий клиникаларда ўлим билан тугаган аянчли воқеликлардан яхши англаб турибмиз.

Менга қолса, юрист сифатида хусусий тиббий клиникалардаги хизмат кўрсатиш сифатини назорат қилиш, текширишга қўйилган чеклов – мораторийни тугатиш керак, деб ҳисоблайман. Балки бошқа ҳар қандай соҳадаги бизнесни эркин қўйиш ўзини оқлар, аммо инсон саломатлиги, ҳаёт-мамот масаласи билан боғлиқ бўлган тиббиёт соҳасига жиддий қарашимиз керак. Уларни ҳам давлат тиббиёт муассасаларидаги каби хизмат кўрсатиш сифати, тиббиётчиларнинг малакаси ва бошқа жиҳатлари бўйича текшириб, назорат қилиб туриш лозим. Ҳозирда фақат шикоят тушган тақдирдагина, тегишли идораларнинг рухсати билан текшириш мумкин. Бу айрим пул топиш илинжидаги тадбиркорларнинг ноқонуний йўллар билан фаолият олиб боришига сабаб бўлмоқда.

Учинчидан, тиббиётчилар ишсиз қолаётганини айтаяпсиз. Аммо «Intermed Innovation» МЧЖ раҳбарияти ноқонуний фаолият юритаётганида бу ҳати-ҳаракати бир кун келиб, қимматга тушишини, ишчи-ходимлар тақдирига соя солиши мумкинлигини ўйлаб кўрганмикан? Ёки бирон бир юртдошимиз вирус, масалан, гепатит юқтириб олса, ўша оила бутун даромадини шу касалликдан қутилиш учун сарфлашини, бу ҳолат оила иқтисодига катта зарар келтиришини мулоҳаза қилганми?

Афсуски, бу саволларга жўяли жавоб йўқ. Назаримда, улар кўпроқ пул топишни ўйлаган, холос. Оқибатда бугун маълум тоифа одамларга жабр бўлмоқда.

Ушбу фикр-мулоҳазалардан кейин биз хулоса қилишни лозим топмадик. Зотан, яқин ўтмишда хусусий клиникаларда бўлган кўнгилсизликларни кўриб-эшитиб келаяпмиз. Шундай бўлгач, бу борадаги ҳар бир ҳаракатга жиддий эътибор қаратмасак, тўғри бўлмас… Чунки яхши нарсага осонлик билан эришиб бўлмайди. Айниқса, сифатли тиббий хизматга…

«Intermed Innovation» вакили айтаётганидек, уларнинг асл мақсади ҳақиқатан ҳам, халқимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш бўлса, лицензиясини қайтариб олишга ҳаракат қилиши керак. Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз ва мавзуга яна қайтамиз.

Зебо НАМОЗОВА
Ishonch.uz