ЎЗБЕКОНА ОЛИЙЖАНОБЛИК: ҳассага суяниб одамларга таянч бўлаётганлар…

60

Яқинда бир воқеа сабаб бўлди-ю, инсон умр дафтарининг сўнгги нуқтасигача гўзаллик шайдоси бўлиб қолишининг, орзу билан яшашининг гувоҳи бўлдим. Қолаверса, бу воқеа ҳали атрофимизда яхшилар ва яхшиликлар кўплигига ҳам ишора қилди…

Шифохонанинг қабул бўлимида навбат кутаётганларнинг аксарияти кекса ёшли отахону онахонлардан иборат эди. Ҳар бирининг дардини тинглаб, қон босимини ўлчаш, зарур таҳлилларни ўтказиб, анкеталарини расмийлаштириш анча вақт олади.

Мен навбатим келишини кутиб, ён-атрофни кузатиб ўтирар эканман, кенг ойнаванд эшикдан кириб келган ўттиз-ўттиз беш ёшлардаги йигит эътиборимни тортди. Унинг бўйи баланд, қомати спортчиларникидек бақувват, келишган. Қора костюм-шими гавдасига ярашган. Юз-кўзларида кўнгли очиқ инсонларга хос самимийлик сезилиб турибди. Фақат…

Мени ҳушёр торттирган нарса йигитнинг нотабиийроқ тарзда юриши бўлди. У ҳарбийлар сафда қадам ташлаганлари каби тиззаларини букмай оёқ босар, товонлари ерга урилганда қора туфлиси ғичирлаб овоз чиқараётганга ўхшарди. Қўлидаги янги кумушранг ҳассаси бамисоли дорбозларнинг лангар чўпидек мувозанатни тутиб туришига ёрдам берарди.

У навбати яқинлашиб қолган олтмиш беш-етмиш ёшлар атрофидаги чол-кампирнинг олдига бориб, нималар ҳақидадир гаплаша бошлади. Ўзини тутиши ва муомаласидан ота-онасини кузатиб келганини илғаш қийин эмас эди.

Бир пайт ойнаванд эшикдан йигирма беш ёшлар чамасидаги озғингина чайир қиз ногиронлар аравачасини итариб олиб кирди. Уни ўриндиқлар ёнига жойлаштиргач, ўша ерда ўтирган бошқа бир онахонга юзланди.

–    Буви, мен ҳозир анкетангиз билан йўлланмани шифокорга топшираман, – деди қўлидаги қоғозлар солинган елим жилдни  кўрсатиб. – Навбати билан ўзлари чақиришади. Ўрнингиздан туриб юрманг!

Шифокорлар хонасига йўл олган қизнинг «Ўрнингиздан туриб юрманг» деган гапидан ҳайрон бўлиб, бир аравачага, бир онахонга назар солдим. Юзларига қайтмас йиллар изи нақш солган, гўдакдек бўлиб ўтирган онахоннинг буришган қўлидаги анча уринган ёғоч ҳассани кўриб, унинг аҳволини тушунгандай бўлдим.

Бояги йигит ота-онаси билан гаплашиб бўлиб, ташқарига чиқаётганида аравачада ўтирган онахон кутилмаганда уни саволга тутди:

– Ўғлим, қўлингдаги ҳассани қаердан олгансан?

– Аптекадан!

–    Ҳа, буюрсин. Чиройли экан.

Бу гапни эшитиб, юзига табассум ёйилган йигит аёлнинг анча уринган ёғоч ҳассасига бир қараб қўйди-да, самимий оҳангда таклиф қилди:

– Келинг, ҳассаларимизни алмашамиз!

Кутилмаган таклифдан онахон шошиб қолди.

– Йўғ-е! – деди хижолат тортиб. – Одамни уялтирма, жон болам…

–    Нима қипти, бошга – бош!

Онахон йигитнинг таклифи чин юракдан эканлигини билса ҳам иккиланиб қолди. Аниқроғи, эскироқ ҳассасини янгисига алмашишга ғурури йўл қўймади.

– Унда мен пулини бераман.

Онахон сумкачасини кавлаётганини кўрган йигит  жаҳли чиққан одамдек  қошларини чимирди.

– Э, йўқ, пул берсангиз, алмашмайман! – деди қатъий тарзда. Сўнгра  жилмайган кўйи ортидан қўшиб қўйди. – Алмашмасангиз, хафа  бўламан.

Ўртага ноқулай жимлик чўкди. Икки ўт орасида қолган онахон йигитнинг таклифини кўнглига оғир ботмайдиган қилиб рад этиш йўлларини излай бошлади. Унинг ҳассасини олиб, узунлигини ўзиникига солиштириб кўрганди,  бир хил чиқди. Сўнг иккаласининг вазнини қўлларида ўлчади. Оғир-енгиллигида ҳам фарқ борлиги билинмади. Баҳонага ўрин қолмаганини сезгач, бирпас ўйланиб турди-да, йигитга меҳр билан тикилди:

– Бўпти, алмашдик!

Онахон йигитга ўз ҳассасини берар экан, унинг қалбидан тошиб чиқаётган бағри кенг, қалби дарё одамларга хос инсоний иззат-ҳурмат, одамгарчилик фазилатларидан кўзлари ёшланиб, қўлларини дуога очди:

–    Менинг ёшим тўқсондан ошди, сен эса юздан ҳам ошиб юргин, болам. Омин, Аллоҳу Акбар!

Иккиси юзларига фотиҳа тортгач, йигит ҳарбийлар каби тиззаларини букмай ташқарига йўл олди. Мен ҳам ичимда онахоннинг юрак-юрагидан қуйилиб келган самимий тилакларга қўшилар эканман, шу ёшда ҳам гўзал нарсаларга иштиёқи сўнмаган қалб эгасининг умри янада узоқ бўлишига  иймон келтирдим. Беихтиёр фарзандига одамгарчилик сабоғини мукаммал ўргатган ота-она томон назар солдим. Худди шу пайт йигитнинг онаси ёнидаги аёлга айтаётган ҳасрат тўла сўзлар қулоғимга чалинди:

– Ўғлим аварияга учрагач, шифокорлар чап оёғининг тиззасидан пастини,  ўнг оёғининг тиззаси юқорисидан кесиб ташлашга мажбур бўлишди. Начора, тақдирга тан бермай иложимиз қанча?!.

 Ғайрат РАҲМАТУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси  аъзоси