Қаловини топсанг, қор ҳам ёнади қашқадарёлик оддий йигит қандай қилиб катта тадбиркорга айланди?

86

Орамизда йўқдан бор қиладиган, ишнинг кўзини биладиган одамлар кўп. Ҳар қандай вазиятни ўз фойдасига ижобий ҳал қилиш ҳадисини олган бу тоифа кишилар орасида қашқадарёлик Абдурашид Аҳмедов ҳам бор. Бугун у катта ишбилармон, тадбиркор.

У ўз фаолиятини дастлаб мебилчиликдан бошлади. Бу ҳунар сир-асрорларини пойтахтдаги устага шогирд тушиб ўрганди. Секин-аста мебель, эшик-деразалар ясай бошлади. Бу орада профил эшик-ромлар ясаш ҳадисини ҳам олиб, Чироқчида «Акфа» эшик ва ромлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Айни пайтда унинг тўртта цехи бор, уларда 16 киши доимий иш билан банд.

Абдурашид шу билан чекланиб қолмади. Ижтимоий тармоқларда балиқчиликка доир лавҳаларни кўргач, «Қайдасан Фарғона?», деб водийга йўл солди. Икки ой давомида Африка қора лаққаси етиштираётган тадбиркордан балиқ боқиш йўл-йўриғини ўрганди. Қишлоғига қайтгач, ҳовлисининг бир четидан ҳовуз барпо қилди.

– Балиқ яхши ўсиши учун сув ҳарорати 20-22 градус бўлиши талаб этилади, – дейди Абдурашид Аҳмедов. – Ҳовлимизнинг бир четидан қудуқ қаздиргандик, сув булоқ бўлиб, қайнаб чиқди. Унинг табиий ҳолатдаги ҳарорати айнан 22 градус экан. Харажатимиз камайиб, ишимиз янада осонлашди. Ҳовузнинг устини ёпиб, иссиқхонага айлантирдик. Натижада сув ҳароратини анча муддат бир маромда ушлаб туриш имконияти туғилди. Бошқалар усти очиқ ҳовузда йилда бир марта балиқ етиштирса, биз интенсив ҳовузда бу ишни икки маротаба амалга ошира бошладик.

Бир сотихлик оддий интенсив ҳовуз яратиш учун тахминан 22 миллион сўм сарфланади. Бу ҳовузга 10 мингта балиқ чавоғини ташлаш мумкин. Улар яхши парваришланса, 8-10 ойда сотишга тайёр бўлади.

Умуман, балиқчилик соҳасидан яхшигина даромад қилса бўларкан. Шу боис, бу йўналишдаги фаолиятимни кенгайтириб, маҳалламиздаги ташландиқ ерда катта ҳовуз қурдим. Бундан ташқари, шу ишга қизиққан қўни-қўшниларни ҳам жалб қилдим. Бугун улар ҳам мен каби балиқчилик билан шуғулланмоқда.

Акмал АБДИЕВ,
Ishonch.uz