Қурилиш масъуллари қачон халққа ҳисоб беради?
Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 70 фоизи сейсмик фаол (зилзилага мойил) зоналарда яшайди.
Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 11 августда қабул қилинган тегишли қарорида қайд этилди.
Ҳужжатга кўра, Ўзбекистонда кўплаб бинолар, айниқса, якка тартибдаги уйлар қурилиш норма ва қоидаларини ҳисобга олмаган ҳолда қурилганлиги сабаб уй-жой қурилиш объектларининг 70 фоизи зилзилага бардошли эмас, деб топилган.
70 фоиз кичкина рақам эмас. Бу кўрсаткич миллионлаб аҳолининг ҳаёти хавфдан кафолатланмаганлигини англатади. Шу йил Туркиядаги даҳшатли зилзилалар мисолида пала-партиш қурилишлар етказган фожиаларнинг гувоҳи бўлгандик.
Бироқ, «70 фоиз бинонинг зилзилага бардошли эмас», деб топилгани Ўзбекистонда қурилиш ташкилотлари, хусусан, қурилиш вазирлиги бу ҳодисалардан тўғри хулоса чиқармаганини англатмоқда. Қолаверса, куни кеча Тошкентда катта кўприкнинг шармандаларча қулаб тушгани, қурилишлар назоратининг издан чиққанидан дарак бермаяптими?
Мазкур кўприк остида аҳоли ёхуд ишчилар бўлмаган. Акс ҳолда, воқеа катта фожиаларга сабаб бўлиши мумкин эди. Хайриятки, ҳодиса беталафот ўтди, аммо бюджетга миллиард-миллиард зарар етказилгани қайд этилди. Ҳали олдинда қуриб битказилган, қулайдиган нечта кўприк, нечта хавф кутмоқда халқни? Бу ҳодиса Ўзбекистоннинг ташқи имиджига салбий таъсир этмайдими? Қолаверса, хавфсиз қурилишлар хусусида масъулларда жўяли жавоб бормикан? Ахир, ҳар қандай сайёҳ ёки инвестор аввало ўзи учун хавфсиз шаҳар, хавфсиз ҳудудни танлайди.
Вазирлар Маҳкамаси қарорида 70 фоиз, деган даҳшатли рақам эълон қилинди, жамоат кўприги қулаб, муҳокамаларга сабаб бўлди, аммо қурилиш вазирлиги мутасаддиларининг рақам ва вазиятларга жиддий муносабат билдирмаслиги қизиқ.
Вазирлик ва қонун посбонлари ҳолатни қачон ва қандай изоҳлайди? Умуман, ҳолат учун кимдир жавоб берадими?Қонунлар нима дейди? Қурилиш вазирлиги, қурилишлар устидан назорат қилувчи органларга кимдир бу борада савол бера оладими?



