Саволга Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши бош мутахассиси Юнус Гапуров жавоб беради:

– Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг олдинги таҳририга нисбатан жорий йилнинг 30 апрель кунидан амалга киритилган янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида ходимнинг шахсига доир маълумотларни олиш, умумлаштириш, сақлаш ва улар билан ишлаш тартиби жуда кенг ва аниқ белгилаб берилган.
Жумладан, 175-моддада Меҳнатга оид муносабатлар сабабли иш берувчига тақдим этилган, ходимнинг, шунингдек унинг оила аъзоларининг ҳаётидаги фактлар, воқеалар ва ҳолатлар тўғрисидаги ахборот ходимнинг шахсга доир маълумотлари бўлиши ҳамда уларнинг тўлиқ рўйхати кўрсатиб ўтилган.
178-моддада эса, ходимларнинг шахсга доир маълумотларини сақлаш, улардан фойдаланиш ва уларни бериш тартиби Меҳнат кодекси ҳамда бошқа қонун талабларига риоя этган ҳолда иш берувчи томонидан белгиланиши назарда тутилган. Шунга кўра, ходимнинг шахсига доир маълумотларни унинг ёзма розилигисиз учинчи шахсга хабар қилиш мумкин эмас. Бундан ходимнинг ҳаёти ва соғлиғига бўлган таҳдиднинг олдини олиш мақсадида, шунингдек, ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда назарда тутилган бошқа ҳолларда хабар қилиш зарур бўлган ҳоллар мустасно.
Агарда иш берувчи Меҳнат кодекси талабларига риоя этмаса, ҳаракати учун моддий жавобгар бўлади.
Ishonch.uz



