Мутахассис жавоб беради
2023 йилнинг дастлабки 7 ойи давомида Ўзбекистонда 4772 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилгани ҳақидаги статистика эълон қилинди. Аянчлиси, ана шу ҳодисаларда 1115 киши вафот этган. Ўтган 2022 йилдаги жами автоҳалокатларда эса 2356 нафар юртдошимиз нобуд бўлган. Тасаввур қиляпсизми, бир ярим йил ичида даҳшатли вабо ёки оғир касалликдан эмас, йўл-транспорт ҳодисаларида 3471 нафар ҳамюртимиз ҳалок бўлган. Кимдир отаси, онаси, акаси ёки фарзандини йўқотган. Қанча оилалар боқувчисиз қолган.
Рақамларни фоизда ҳисоблайдиган бўлсак, автоҳалокатларнинг 22-23 фоизи ўлим билан якунланаётгани аён бўлади. Кўчаларимизда тезликни чекловчи мосламалар, видеокузатув ускуналари ўрнатилган бир пайтда бу жудаям даҳшатли кўрсаткич. Энг хавотирлиси, ички ишлар вазирлиги автоҳалокатлар сонини камайтириш чораларини кўраётган бўлса-да, улар кутилган самарани бермаяпти. Хусусан, 2023 йилнинг 1-ярмидаги кўрсаткичлардан келиб чиқилса, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ЙТҲлар сони 11 фоизга, қурбонлар сони эса 12 фоизга ошган.
Шу ўринда Японияга тегишли статистика эътиборимизни тортди. 2022 йилда 125 миллион аҳолига эга кунчиқар юртда 300 мингта йўл-транспорт ҳодисаси (Японияда юз берган ҳар қандай йўл-транспорт ҳодисаси рўйхатга олинишини эътиборга олиш лозим) содир бўлган ва унда 2100 нафар фуқаро ҳалок бўлган. Бу автоҳалокатларнинг тахминан 0,7 фоизи ўлим билан якунланганини англатади. Ўзбекистон билан қиёслаганда жуда катта фарқ (22-23 % – 07%).
Йўл-транспорт ҳодисаларининг сабаблари таҳлил қилинганда, катта қисмига ҳайдовчиларнинг белгиланган қоидаларга риоя қилмагани ва йўл инфратузилмасидаги камчиликлар сабаб қилиб кўрсатилган. Шу ўринда бизни автоҳалокатлардаги ўлим сонининг кўплигида автомобилларнинг хавфсизлик даражаси билан боғлиқ жиҳатлар ҳам қизиқтирмоқда. Маълумки, Япония автомобиллари юқори сифати ва хавфсизлик даражаси бўйича дунёда ном қозонган. Япония аҳолиси ҳам энг кўп ўз мамлакатида ишлаб чиқарилган автомобилларни харид қилади. Агар Япониядаги автоҳалокатларда ўлим сони камлигига автомобиллар хавфсизлиги, салондаги инсонларни ҳимоя қилиш имконияти юқорилиги ҳам таъсир этганини инобатга олсак, кишида савол туғилади: Ўзбекистонда, хусусан, «Сhevrolet» бренди остида ишлаб чиқарилаётган маҳаллий автомобилларнинг хавфсизлик даражаси қандай? Улар ҳайдовчи, йўловчи ва салондаги инсонни ҳалокат пайтида қай даражада ҳимоя қилиши мумкин? Кўпинча ҳайдовчилар ва одамлар орасида «GM машиналари «коробка», одамни ҳимоя қилиши «ноль» даражада» деган эътирозларни ҳам эшитиб қоламиз. Хўш, бу гаплар қанчалик асосли? Мутахассисга худди шу савол билан мурожаат қилдик.
– Бу каби маълумотларни кузатиб бораман, – дейди Тошкент давлат транспорт университетининг Транспорт воситалари муҳандислиги кафедраси мудири, техника фанлари бўйича PhD доценти Умидали Абдураззоқов. – Ўзбекистонда, хусусан, Chevrolet бренди остида ишлаб чиқарилаётган автомобиллар лойиҳалаш босқичида, кейинчалик оммавий ишлаб чиқаришдан олдин ҳам ўрнатилган тартибда синовлардан ўтказилган. Бу синовлар Европанинг Euro NCAP ва АҚШнинг йўлдаги хавфсизлик суғурта институти (IIHS)га тегишли. АҚШ компанияси томонидан ўтказилган краш-тест синовлари натижаларига қарайдиган бўлсак, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ва ишлаб чиқарилаётган – Nexia 3, Spark, Damas, Cobalt, Lasetti-Jentra каби автомобиллар 5 баллик тизимда 4 балл тўплай олган. Chevrolet Tracker ва Onix автомобилларигина 5 балл тўплаган. Бундай натижани кўпчилик автомобиль маркалари тўплай олмайди.
Синовларда ҳайдовчи, пиёда, ёш болалар ва салондаги йўловчиларга нисбатан хавфсизлик ҳамда хавфсизликни таъминловчи ёрдамчи тизимлар баҳоланади. Chevrolet автомобиллари ҳайдовчи, йўловчилар ва ёш болаларнинг автомобиль салонида ҳимоялангани бўйича 90 фоиздан юқори, қўшимча хавфсизлик тизимлари билан жиҳозланганлик бўйича 80 фоиздан юқори кўрсаткичларни тасдиқлаган. Бу синовларда энг юқори чегараланган тезлик 60 км/соат қийматида белгиланганига алоҳида аҳамият бериш керак. Яъни, синовлар 60 км/соат тезликда ўтказилган.
Агар амалда ҳайдовчилар бундан юқори тезликда ҳаракатланадиган бўлса, жароҳатланиш ва соғ-омон қолиш кўрсаткичи ҳам шунча пасайиб боради. Чунки тезлик ошиб борган сари автомобиль конструкциясининг ҳимоя кўрсаткичлари ҳам жиддий пасаяди. Буни ҳайдовчилар жуда яхши билишлари зарур.
– Ҳайдовчилар ва одамлар орасида УзАвто машиналарининг хавфсизлик даражасига нисбатан ишончсизлигига мутахассис сифатида нима дейсиз?
– Йўл-транспорт ҳодисасининг оғирлигини камайтириш мақсадида барча автомобиллар хавфсизлик тизимлари ва механизмлари билан жиҳозланади. Буларнинг асосийлари юқори мустаҳкамликка эга кузов қафаси (каркас), зарб кучини камайтирувчи кузов элементлари (бампер, деформацияланувчи уст қоплама — металл лист), хавфсизлик камарлари ва ёстиқчалари ҳисобланади. Ҳайдовчилар томонидан автомобиль кузов қафаси мустаҳкамлигига нисбатан билдириладиган турли-туман фикрлар уларнинг замонавий конструкцияларга белгиланган хавфсизлик талабларини тўлиқ билмаслигидандир. Яъни, улар автоҳалокат пайтида автомашиналарнинг кузов қисми пачоқланиб кетиши, айрим моделларнинг баъзи позицияларида ҳимоя ёстиқчалари мавжуд эмаслигидан келиб чиқиб гапиришади. Автомашинанинг ташқи қопламаси материалининг қаттиқ ва юмшоқлиги шундай нозик нарсаки, агар унинг қаттиқлиги ошириб юборилса, автоҳалокат пайтида зарбанинг кўп қисмини салоннинг ичидаги ҳайдовчи ва йўловчилар олиб, автомашина кам зарба олади ва камроқ шикастланади. Шу билан бирга, йўловчи ҳам қаттиқ шикастланиши эҳтимоли катта. Агар кузовнинг материали бўшроқ бўлса, автомашинага урилган пиёдалар камроқ зарба олиши ва шикастланиши мумкин. Аммо машина темир, бетон каби қаттиқ мосламаларга урилганда, салонинг ичидагилар катта хавф остида қолади. Шу боис автомашинанинг ташқи қопламаси шундай олтин ўрталикдаги сифатда ишлаб чиқариладики, бу краш тест меъёрларида ҳам белгиланган.
Тўғри, Chevrolet автомобилларининг барчаси ҳам энг юқори – 5 балл олмаган. Бироқ, улар қониқарли даражадан бир поғона баландда. Бу натижа қайд этилганда, лойиҳа ишлаб чиқаришга тавсия қилинади. Айрим манбааларда Spark автомобилининг бошқа компанияга тегишли краш-тестда 3 балл олгани ҳақида ҳам ахборотлар учрайди, аммо лойиҳа кейинчалик такомиллаштирилиб, 4 балл билан баҳоланган.
– Бугунги ҳалокатли кўрсаткичларни камайтириш юзасидан қандай таклифлар айта оласиз?
– Ўзбекистондаги йўл-транспорт ҳодисларида ҳалокатли ҳолатларнинг айрим ривожланган давлатларга нисбатан юқорилиги сабабини қуйидагича изоҳлайман. Биринчидан, ҳаракат иштирокчиларининг жамоат йўлларида қоидаларга амал қилмаслиги, иккинчидан, йўл-транспорт инфратузилмасининг тўлиқ хавфсиз эмаслиги, учинчидан, автомобиллаштириш даражасининг юқорилиги ва жамоат транспортидан фойдаланиш салмоғининг пастлиги. Биз ана шу жиҳатларни тўғрилашимиз зарур. Яъни инфраструктурани яхшилаш, йўлларни созлаш, тартибга солинмаган чорраҳаларни тартибга солиш, йўл белгилари йўқ жойларга уларни ўрнатиш, белгиларни ўз вақтида сифатли бўёқлар билан бўяш, интеллектуал транспорт тизимини жорий этиш кабилар устида ишлашимиз керак. Ҳайдовчиларга гувоҳнома бериш тизимида озгина ўзгаришлар бўляпти, аммо бу ҳам етарли эмас, тизимни мукаммаллаштириш жоиз. Ва яна энг муҳим жиҳатларидан бири бу – жамоат транспортини янаям ривожалантиришимиз керак. Бу борада ишлар бошланган ва уларнинг айримларининг илк самарасини ҳам кўряпмиз. Аммо ҳали булар кам, янада кўпроқ ва тезроқ йўл ҳаракати соҳасида ишлашимиз лозим.
Зебо НАМОЗОВА,
Ishonch.uz



