Озарбайжон медиа соҳаси вакиллари «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталари таҳририяти ҳамда ishonch.uz сайти фаолияти билан танишишди
Учрашувда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов, Озарбайжон матбуот кенгаши бошқармаси аъзоси Ҳожибей Ҳайдарли, Azxeber.com медиа гуруҳи бош муҳаррири Афсаладдин Агаларов, Editor.az медиа гуруҳи бошлиғи Фарид Шаҳбозли ҳамда таҳририят ижодий жамоаси вакиллари иштирок этди.
Мулоқотда икки мамлакат ўртасидаги дўстлик алоқалари, ахборот маконидаги ҳамкорлик ҳақида сўз борди.
Хусусан, «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталари таҳририяти ҳамда ishonch.uz сайти бош муҳаррири Ҳусан Эрматов Ўзбекистон ва Озарбайжон давлатлари ҳамкорлиги, икки қардош халқнинг тарихи, илдизи бир экани, нашрларда Озарбайжондаги ислоҳотлари кенг ёритилиб борилаётганига алоҳида тўхталди.

– Ўзбекистонда ўзимизни ўз ватанимиздагидек ҳис этяпмиз, – деди Ҳожибей Ҳайдарли. – Икки давлатнинг мустаҳкамланаётган ҳамкорлик ришталари матбуотимизнинг ҳам яқин муносабатларига қанот бўлади. Бизнинг анъаналаримиз бир, одатларимиз ўхшаш, тилимиз яқин. Шу мақсадда ахборот оламидаги алоқаларимизни янада кучайтирсак, бундан фақат хурсанд бўламиз.




Учрашувда келгусида ижодий ҳамкорлик янада кучайтирилиши таъкидланди. Меҳмонлар ўзбек медиа олами билан тажриба алмашишдан миннатдор эканликларини билдиришди. Уларга таҳририят ҳамда ishоnch.uz сайти фаолияти ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Меҳмонлар таҳририят ходимларининг иш жараёни билан яқиндан танишишди.
Тадбир сўнгида таҳририят ва Озарбайжон нашрлари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.


Гулруҳбегим Одашбоева
ishonch.uz



