«ЭНЕРГИЯ ВАМПИРЛАРИ»: улардан қандай ҳимояланиш керак?

127

Дунёдаги ҳар бир ҳаракатнинг боши – қувват. Ички ва биологик энергия кунлик ва келажакка қаратилган барча мақсадларни забт этишингизга жавобгар. Инсон энергияси ёқилғи каби – унинг даражасини сақлаб қолиш ва ошириш керак. Бироқ баъзан одамнинг энергиясини бошқа одам тортиб олиши мумкинлиги ҳақида гаплар қулоққа чалиниб қолади. Хўш, энергия вампирлари, яъни энергия сўрувчилар ҳақида нималар маълум? Мазкур мақолада шу саволга жавоб топамиз.

Энергия вампирлари – бошқалардан фойдаланадиган ва улар билан муносабатда барча ижобий энергияни сўриб оладиган одамлардир. Энергия сўришга мойил баъзи одамлар ўз хатти-ҳаракатлари бошқаларга таъсир қилишини ҳам билмайди. Агар айрим инсонлар билан учрашганингиздан сўнг ўзингизда чарчоқ ҳис қилсангиз, энергия вампирига дуч келган бўлишингиз мумкин. Энергия вампирлари бир неча гуруҳга ажралади. Аммо улар бошқаларни заифлаштирадиган ва тушкунликка соладиган умумий жиҳатга эга.

Бундай одамлар ҳар қадамда учрайди. Улар ҳамкасбларингиз, ҳатто дўстларингиз ҳам бўлиши мумкин. Энергия вампирлари ҳар доим ўз қурбонларини қидириб юрадилар.

Психиатр Жудит Орлофф энергия вампирларини «сизнинг энергиянгиз билан тўлиқ зарядланадиган одамлар», деб атайди. Бироқ илмий психологияда бундай атама мавжуд эмас. Манбалар кўпинча дўстона хулқ-атвор ниқоби остида бошқалар билан мулоқот қиладиган, шу орқали ўз эҳтиёжларини қондирадиган одамлар ҳақида ёзади. Аслида, баъзи одамлар билан муносабат ноқулай ҳиссий реакцияларни келтириб чиқариши ижтимоий психология соҳасидаги тадқиқотларда тасдиқланган. Яъни одамларнинг ҳиссий ҳолати бошқаларга ўтиши ва уларга таъсир қилиши мумкин.

Доктор Евгения Пименова энергия вампирларининг характерли белгиларини аниқлаб, улар одамлар орасида ажралиб туришини таъкидлайди:

«Бундай инсон учун атрофдаги ҳамма нарса ёмон, бировнинг бахтидан қувонмайди, фақат ўз муаммолари ҳақида гапиради. Шунингдек, чексиз ҳамдардлик, тушуниш ва ёрдам талаб қилади. Бундай кишилар атайлаб можаролар, жанжалларни бошлаши мумкин. Сиз бахтли бўласизми, қувонасизми ё жаҳлингиз чиқадими, фарқи йўқ, сиз нимага кўпроқ ҳиссий эътибор қаратсангиз, энергиянгиз шу нарсага қараб оқади. Энергетик вампирлар ўзи билган ё билмаган ҳолда бундан фойдаланади. Яъни кимнингдир жаҳлини чиқариш ва асабийлаштириш орқали ҳам энергия сўриши мумкин. Бундай киши сизга жуда кўп кераксиз маслаҳатлар бериши, ҳатто сиз айтмасангиз ҳам, ҳаётингизга аралашиши мумкин. Агар уни тингламасангиз, унга эътибор қилмасангиз, дарҳол норозилигини изҳор қилади.

У учун атрофдаги ҳамма айбдор, дунё адолатсиз, тақдири ёмон ва ҳамма ундан кўра омадлироқ. Бу каби одамлар ҳаракатлари ва танловлари учун жавобгарликни зиммасига олмайди, ўзини ҳеч қачон ҳеч нарсада айбдор санамайди.

Бундай одамлар ёнида сиз ўзингизни қадрсизлантирилгандай ҳис қиласиз. Сиз нима десангиз ҳам у бунинг ёмон тарафларини кўрсатишга уринади. Шунингдек, у бошқа одамларни ҳам қадрсизлантириши мумкин.

Бундай тоифадагилар мулоқотда сизга бир оғиз гапиришингизга йўл қўймайди, ҳаётингизга ҳам, ўзингизга ҳам қизиқмайди, суҳбатни тинмай ўзига ва ўз муаммоларига қаратади. Энергетик вампирига «йўқ» дейиш жуда қийин, сиз ўзингизни бундай одамлар орасида бошқарилаётган, ҳатто гаровга олингандек ҳис қилишингиз мумкин. Энергия вампирлари кўпинча жабрланувчи ролида бўлиб, масъулият билан боғлиқ муаммолар билан ажралиб туради. Шунингдек, бериш учун ички ресурсга эга бўлмаган, фақат олишга тайёр бўлган депрессив ёки ташвишли одам бўлиши мумкин.
Ёнингизда энергия вампири борлигини тушуниш учун, биринчи навбатда, ўз ҳолатингизни кузатишингиз керак. Бундай одам билан ҳар учрашганингиздан сўнг ҳиссий ва жисмоний чарчоқни ҳис қиласиз. Кайфиятингиз, кучингиз ва бирор нарса қилиш истаги йўқолади. Улар сизнинг меҳрибонлигингизни ўлжа қилишади.

Бундай таъсирлардан қутулишнинг энг осон йўли улар билан мулоқотни тўхтатишдир. Аммо баъзида бунинг имкони йўқ. Сабаби гоҳида ишда, яқин дўстлар орасида энергия вампирларига дуч келиш мумкин. У ҳолда нима қилиш керак? Психиатр Евгения Пименова бу ҳолатда қуйидаги усулларни тавсия қилади.

«Ўз ҳис-туйғуларингизни кузатиб боринг. Улар сизни алдамайди. Агар сиз ҳар сафар бир одамнинг олдида ўзингизни ғазабланган ё ноқулай ҳис этсангиз, энг яхши ечим ундан узоқлашиш ва у билан масофани узайтиришдир. Бунда сизнинг асосий қуролингиз «йўқ» сўзи. Суҳбатни давом эттиришни хоҳламаслигингизни, ноқулай ёки провокацион саволларга жавоб бермаслигингизни, ёрдам беришга ёки тинглашга тайёр эмаслигингизни билдиринг. Энергия вампирлари бошқа одамларни ўзидан қарздор деб ҳисоблайди, бошқасидан хоҳлаган нарсасини олиш учун ҳар қандай йўл билан ҳаракат қилади. Ва бу йўлда улар сизда айбдорлик ва ачиниш туйғуларини уйғотиб, манипуляция қилишга тайёр. Унга раҳмингизни келтиришга ҳаракат қилади. Бундай одамлар билан баҳслашманг ёки уларнинг тажовузига жавоб берманг. Иложи бўлса, эътибор берманг. Саволларга имкон қадар қисқа ва аниқ жавоб беришга ҳаракат қилинг”.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, вақтида ухлаш ва овқатланиш, медитация ёки диний амалларни бажариш ҳамда ўзгаларга яхшилик қилиш билан инсоннинг энергетик қуввати ошиб, тетиклашиб бориши мумкин. Инсон табиий энергияни табиатдан, соғлом фикрлар ҳосиласидан ҳам олади. Зотан, Ер юзида энергиянинг жуда катта оқими мавжуд. Энергия сўришга мойил одамларга ана шу сифатларни ривожлантириш тавсия этилади.

Мафтуна Каримова таржимаси