Тегишли қонун қабул қилинса, ишланмайдиган байрам кунлари сони 10 тага етади.
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда 11 ноябрь ҳам расман дам олинадиган кун деб эълон қилингани ҳақида хабарлар тарқаляпти.
Унда бу борада Президентнинг тегишли қарори имзолангани ва бундан буён ҳар йили шу куни “Касаба уюшмалари куни” сифатида барча учун дам олиш куни бўлиши айтилади.
Ishonch.uz эксперти Тошкент давлат юридик университети Меҳнат ҳуқуқи кафедраси катта ўқитувчиси Муҳаммадамин Каримжоновга кўра, юқоридаги хабар асоссиз ва бу бўйича ҳали тегишли қонун қабул қилингани йўқ.
“11 ноябрнинг ҳуқуқий мақоми ҳозирча ишланадиган байрам куни. Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 23 ноябрдаги ЎРҚ-648-сон қонуни билан 11 ноябрь Ўзбекистон касаба уюшмалари куни этиб белгиланган.
2023 йил 1 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бир қатор қонун лойиҳалари биринчи ва иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Йиғилишда бир гуруҳ депутатлар томонидан қонун ташаббускорлиги ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 208-моддасига қўшимча ва ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Лекин ҳали тегишли қонун қабул қилинганича йўқ”, – дейди эксперт.
Демак, тегишли қонун қабул қилинса, Меҳнат кодексининг 208-моддасига ўзгариш киритилади ва ишланмайдиган байрам кунлари сони 10 тага етади.



