Ishonch.uz сайтида эълон қилинган мақоладан сўнг, Қозоғистонда йиллар давомида тутқунликда бўлиб, меҳнат қилган ватандошимиз юртга қайтарилди
2023 йил 16 май куни Ishonch.uz сайтида «ҚУЛЛИК: Қозоғистонда ўзбекистонлик фуқаро 6 йилдан бери тутқунликда ушлаб турилибди» сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Унда Андижон вилоятининг Избоскан туманида яшовчи Аъламжон Абдуллаевни Қозоғистоннинг Чимкент вилоятига чақирилиб, алдов йўли билан сотиб юборилгани ҳақида хабар берилганди.
Ушбу мақола эълон қилингач, Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси вакили сайтга алоқага чиқиб, жабрланувчига тегишли маълумотларни сўради. Шундан сўнг, қўшни давлат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари орқали Аъламжон топилди. Ҳозирда уни мажбурлаб ишлатган шахсларга нисбатан жиноят иши очилган.
Энг муҳими, ватандошимиз ўз юртига қайтарилди. Ҳозирда 75 ёшга кирган муштипар онанинг қувончи чексиз.
Анваржон Ҳалимов,
журналист


