1
Отабекнинг бобоси бетобланиб қолди. Ота-онаси уни шифокорга олиб боришди. Уйга келгач, Отабек югуриб уларга пешвоз чиқди.
– Тузалиб қолдингизми, бобожон?
– Ҳа, болам. Доктор кўпроқ тоза ҳавода пиёда юринг, ҳаммаси ҳаракатсизликдан деди. Энди овқатдан сўнг ёнбошлаб телевизор кўриш йўқ. Сайр қиламиз. Менга шерик бўласанми?
– Албатта, – хурсанд бўлди Отабек.
Отабек ҳар куни эрталаб бобоси билан маҳалладаги спорт майдончасида биргаликда бадантарбия қилишарди. Кечки таомдан кейин эса сайрга отланишар, Отабек веломайдонда самокат учирарди. Бобоси тез орада тетиклашиб, соғайиб кетди. Лекин эрталабги машқлар ва кечги сайрни канда қилишмади.
2
Бир куни Отабек ота-онаси ишдан келгач, уларга деди:
– Туманимизда спорт маскани очилибди. У ерда катталар ва болалар учун ҳар хил машғулотлар бор экан.
– Шундай, – тасдиқлади бобоси. – Мен ўзим қатори отахонлар билан бугун шахмат ўйнадим. Отабекни футбол ва сузиш тўгаракларига ёздирдим.
– Футболни роса яхши кўраман, бугун битта гол урдим! – ғурурланди Отабек.
– Ажойибку, – деди дадаси. – Биз ҳам дам олиш кунлари борсак бўларкан.
– Тўғри айтасиз, кун бўйи бир жойда ўтириб ишлаганимиз учун спорт бизга жуда керакда. Мен ҳам қатнайман, – деди ойиси.
3
Отабек шанба куни ота-онаси, бобоси билан спорт масканига борди. Кунлари жуда мазмунли ўтди, кучларига куч қўшилди, кайфиятлари кўтарилди.
– Энди ҳар тонг оилавий югуришга чиқамиз, – деди дадаси. – Одам жисмонан фаол бўлса, ақли ҳам тиниқлашар, ғайрати ошаркан.
– Соғ танда соғлом ақл, деб бекорга айтишмаган, – бобоси хурсанд бўлди.
Отабек уларни тингларкан, синфдошларини ҳам спорт тўгаракларига жалб қилишга қарор қилди.
Ферузбек Бахтиёров



