РИМДАГИ БИЛИМ, ТОШКЕНТДАГИ НАТИЖА

67

Sapienza университети магистранти ва MAURAS компанияси
молия директори Жалол Абдурайимов билан халқаро таълим, замонавий молиявий бошқарув ва Ўзбекистон қадоқлаш саноатининг янги имкониятлари ҳақида суҳбат

Илм билан тажриба бирлашган жойда мутахассис шаклланади. Бугун дунёнинг турли мамлакатларида таҳсил олаётган ёшлар орасида ўз билимини амалиёт билан уйғунлаштираётганлар тобора кўпаймоқда. Аммо халқаро университет аудиторияси билан реал ишлаб чиқариш ва бизнес бошқарувини бир вақтда олиб бориш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди.

Илм билан тажриба бирлашган жойда мутахассис шаклланади. Бугун дунёнинг турли мамлакатларида таҳсил олаётган ёшлар орасида ўз билимини амалиёт билан уйғунлаштираётганлар тобора кўпаймоқда. Аммо халқаро университет аудиторияси билан реал ишлаб чиқариш ва бизнес бошқарувини бир вақтда олиб бориш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди.

Жалол Абдурайимов ана шундай ёш мутахассислардан. У Римдаги нуфузли Sapienza университетида Иқтисодиёт йўналиши бўйича магистратура таҳсилини давом эттирар экан, Тошкентдаги фаолиятини ҳам тўхтатгани йўқ. Аксинча, у Ўзбекистондаги ёрлиқ ва қадоқлаш маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи MAURAS компаниясида молия директори сифатида корхонанинг молиявий стратегияси, инвестиция қарорлари, бюджетлаштириш ва ривожланиш жараёнларида иштирок этмоқда.

Унинг профессионал йўли ҳам эътиборга молик: 2024 йил февралида компанияга молиявий аналитик сифатида ишга кирган мутахассис орадан бир йил ўтиб молия директори лавозимига кўтарилди.

Бугун унинг фаолиятида икки географик макон — Рим ва Тошкент, икки муҳит — академик таълим ва реал бизнес, икки хил тажриба — Европа ва Ўзбекистон кесишади. Аммо бу икки дунёни бирлаштираётган асосий омил битта: билимни натижага айлантириш истаги.

Жалол Абдурайимов билан унинг касбий йўли, MAURASдаги фаолияти, молиявий бошқарувга олиб кираётган янги ёндашувлари, халқаро тажрибаси ва Ўзбекистон қадоқлаш саноатининг истиқболлари ҳақида суҳбатлашдик.

— Сизнинг бугунги профессионал фаолиятингизга қарасак, бир вақтнинг ўзида Римда талаба, Тошкентда эса молия директорисиз. Бу йўл қаердан бошланди?

— Менинг профессионал шаклланишим, аввало, таълимдан бошланди. Бакалавр босқичида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида халқаро иқтисодиёт ва менежмент йўналишида таҳсил олдим. Бу даврда иқтисодиётга нафақат назарий, балки халқаро жараёнлар нуқтаи назаридан қарашни ўргандим.

Кейинчалик билимларимни янада чуқурлаштириш мақсадида Италияга, Римдаги Sapienza университетига ўқишга кирдим. Ҳозирда Иқтисодиёт йўналиши бўйича магистратуранинг иккинчи босқичидаман. Шу билан бирга, Ўзбекистонда молиявий бошқарув соҳасида фаолият олиб боряпман. Менимча, бугунги мутахассис учун фақат дипломнинг ўзи етарли эмас. Бозор назарий билимни амалий қарорларга айлантира оладиган, халқаро тажрибани маҳаллий шароитга мослаштира оладиган кадрларни талаб қилмоқда. Мен учун Римдаги университет аудиторияси билан Тошкентдаги иш столи бир-биридан узоқ икки макон эмас. Аксинча, улар бир-бирини тўлдиради.

— MAURASдаги карьерангиз жуда қисқа вақт ичида ривожланган. Молиявий аналитикдан молия директоригача бўлган йўлда қандай масъулият сизга юкланди?

— MAURAS компаниясига 2024 йил февраль ойида молиявий аналитик лавозимида ишга кирганман. Бир йил ўтиб, 2025 йил январь ойида компания раҳбарияти томонидан молия директори лавозимига тайинландим.

Албатта, бундай лавозимга кўтарилиш фақат лавозим номининг ўзгариши эмас. Бу, энг аввало, масъулиятнинг ортиши дегани. Молия директори сифатида компаниянинг молиявий стратегиясини шакллантириш, бюджетлаштириш, харажатларни оптималлаштириш, инвестиция лойиҳаларини баҳолаш, молиявий хатарларни таҳлил қилиш ва раҳбариятга стратегик қарорлар қабул қилишда зарур бўлган молиявий маълумотларни тақдим этиш билан шуғулланаман.

Бизнинг соҳамизда нотўғри қабул қилинган битта молиявий қарор бутун ишлаб чиқариш жараёнига таъсир қилиши мумкин. Шу сабабли молия бўлимининг вазифаси фақат ҳисобот тайёрлашдан иборат эмас. У компаниянинг келажагини режалаштиришда ҳам фаол иштирок этиши керак.

— Молия директорининг қарорлари компания ривожланишида қанчалик стратегик аҳамиятга эга?

— Бугунги бизнесда молия — корхонанинг бошқа барча жараёнларини боғлаб турувчи тизимлардан бири. Масалан, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳақида қарор қабул қилинаётган бўлса, савол фақат «янги ускуна керакми?» деган масала билан тугамайди. Унинг инвестиция қиймати, қайтиш муддати, валюта хатари, ишлаб чиқариш таннархига таъсири, бозор талаби ва узоқ муддатли рентабеллиги ҳам ҳисоблаб чиқилиши керак.

Шу нуқтаи назардан, Молия директорининг вазифаси — рақамларни санаш эмас, рақамлар ортидаги бизнес қарорини кўра билиш. MAURASда ҳам молиявий қарорларни янада тизимли ва таҳлилий ёндашув асосида қабул қилишга катта эътибор қаратмоқдамиз.

— Сизнинг фаолиятингиз натижасида компанияда қандай аниқ ўзгаришлар юз берди? Натижаларни рақамларда ифодалаш мумкинми?

— Менимча, молиявий бошқарувнинг самараси айнан ўлчанадиган натижаларда кўриниши керак. Фаолиятим давомида асосий эътиборим компанияда молиявий фикрлаш маданиятини кучайтиришга қаратилди. Янги лойиҳа ёки инвестиция таклифига энди шунчаки «керак» ёки «керак эмас» деган нуқтаи назардан эмас, балки молиявий модел, рисклар, кутилаётган даромад ва узоқ муддатли самарадорлик асосида ёндашишга ҳаракат қиляпмиз. Масалан, агар маълум бир лойиҳа компанияга йилига фалон миқдорда иқтисодий самара берган бўлса, бу натижани шунчаки «муваффақиятли лойиҳа» деб эмас, аниқ рақам билан кўрсатиш керак. Чунки бизнесда «яхши натижа» деган тушунча имкон қадар рақамларда ифодаланиши лозим. Питер Друкернинг «Ўлчай олмасангиз, бошқара олмайсиз» деган машҳур фикри молиявий бошқарувга жуда мос келади.

— Демак, сизнинг ҳиссангиз фақат молиявий назорат эмас, балки компаниянинг қарор қабул қилиш механизмини ўзгартириш билан ҳам боғлиқ?

— Ҳа, айнан шундай. Менинг асосий мақсадларимдан бири — молиявий бўлимни компаниянинг қарорлар қабул қилиш жараёнидаги фаол стратегик ҳамкорга айлантириш. Бунда инвестицияларни олдиндан баҳолаш, турли сценарийларни ишлаб чиқиш, харажатларни таҳлил қилиш, пул оқимларини режалаштириш ва хатарларни ҳисобга олиш муҳим.

Илгари айрим бизнес қарорлари кўпроқ тажриба ёки интуитив қарашларга таяниши мумкин эди. Бугун эса имкон қадар қарорнинг иқтисодий асосини рақамлар орқали кўрсатишга интиляпмиз. Мен буни компаниядаги энг муҳим профессионал ҳиссаларимдан бири, деб ҳисоблайман.

— Sapienza университетида олаётган билимларингизни компаниядаги фаолиятингизга қандай олиб келяпсиз?

— Бу мен учун энг қизиқарли жиҳатлардан бири. Университетда ўрганаётган молиявий таҳлил методологиялари, стратегик бошқарув, инвестицияларни баҳолаш ва халқаро ҳисобот стандартлари реал бизнес муҳитида ўзининг амалий қийматини намоён қилади.

Масалан, университетда маълум бир молиявий моделни ўрганамиз. Кейин компанияда шунга ўхшаш вазиятга дуч келаман ва бу билимни амалда қўллайман. Баъзан эса аксинча бўлади: иш жараёнида муайян муаммо пайдо бўлади ва уни яхшироқ тушуниш учун яна академик манбаларга мурожаат қиламан. Шунинг учун мен ўқиш ва ишни икки хил фаолият эмас, ягона профессионал ривожланиш жараёни сифатида кўраман.

— Халқаро кўргазмалар ва бизнес тадбирларидаги иштирокингиз профессионал фаолиятингизга қандай таъсир кўрсатди?

— Қадоқлаш саноати технология жуда тез янгиланадиган соҳалардан бири. Шунинг учун халқаро тажрибани бевосита ўрганиш жуда муҳим. Биз Хитойдаги Canton Fair ҳамда Германиянинг Дюссельдорф шаҳрида ўтказилган “Drupa-2024” каби йирик халқаро кўргазмаларда қатнашдик. Бундай тадбирларнинг аҳамияти фақат янги ускуна ёки технологияни кўриш билан чекланмайди. Бу ерда ишлаб чиқарувчилар, технология компаниялари, инвесторлар ва потенциал ҳамкорлар билан бевосита мулоқот қилиш мумкин.

“Drupa-2024”, хусусан, босма ва қадоқлаш саноатидаги энг янги технологик йўналишларни кўриш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш имкониятларини баҳолаш ва янги халқаро алоқалар ўрнатиш учун муҳим платформа бўлди. Молия нуқтаи назаридан эса ҳар бир янги технология — инвестиция қарори. Демак, унинг иқтисодий самарадорлигини баҳолаш ҳам менинг профессионал вазифаларимдан бири.

— Нима учун айнан қадоқлаш саноати сиз учун профессионал жиҳатдан муҳим?

— Чунки қадоқлаш деярли барча ишлаб чиқариш тармоқлари билан боғлиқ. Озиқ-овқат, фармацевтика, косметика, маиший кимё, ичимликлар ва бошқа кўплаб маҳсулотлар қадоқлашга эҳтиёж сезади. Бугун қадоқлаш маҳсулотни шунчаки ўраб турувчи восита эмас. У маҳсулотнинг хавфсизлиги, сақланиши, ташилиши, идентификацияси ва бозордаги кўринишида муҳим роль ўйнайди. Айниқса, экспорт ҳақида гап кетганда, қадоқлаш халқаро талаблар билан чамбарчас боғланади. Шу сабабли Ўзбекистонда сифатли қадоқлаш ишлаб чиқаришнинг ривожланиши маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигига ҳам бевосита таъсир қилади.

— Соҳада қандай асосий муаммолар мавжуд?

— Энг асосий масалалардан бири — хомашёга, хусусан пластмасса ва полимер материалларга импорт қарамлигидир. IndexBox маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг пластмасса қадоқлаш бозори 2024 йилда 806 миллион долларни ташкил этиб, олдинги йилга нисбатан 7,7 фоизга қисқарган. Шу билан бирга, 2012-2024 йилларда бозор ўртача йилига 1,2 фоиздан ўсиб келган.

 

Бу рақамларнинг ўзиёқ бозорнинг валюта курслари, хомашё нархлари ва ташқи бозордаги ўзгаришларга қанчалик сезгир эканини кўрсатади. Шунинг учун компания молиясида валюта хатарларини бошқариш, харидларни олдиндан режалаштириш ва турли сценарийларни ҳисобга олиш муҳим. Бундан ташқари, халқаро сифат стандартларига мослашиш ҳам зарур. Чунки Ўзбекистон компаниялари нафақат ички бозорда, балки Марказий Осиё ва бошқа халқаро бозорларда ҳам рақобатлашиши керак.

— Шундай муаммоларга қарамай, Ўзбекистон қадоқлаш саноатининг келажагини қандай кўрасиз?

— Мен истиқболни ижобий баҳолайман. Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиши, аҳоли сонининг кўпайиши, озиқ-овқат ва бошқа истеъмол товарлари ишлаб чиқаришининг кенгайиши қадоқлаш маҳсулотларига бўлган талабни табиий равишда оширади. АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2025 йилги ҳисоботида Ўзбекистон иқтисодиётининг 2024 йилдаги ўсиши 6,5 фоиз даражасида қайд этилган ва 2025 йил учун 5,9 фоизлик ўсиш прогнози қилинган. Бундан ташқари, озиқ-овқат ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича давлат томонидан белгиланган мақсадлар ҳам қадоқлаш саноати учун янги имкониятларни юзага келтиради.

Халқаро бозорда ҳам ўзи ёпишқоқ ёрлиқларга талаб ортиб бормоқда. MarketsandMarkets маълумотларига кўра, глобал ўзи ёпишқоқ ёрлиқлар бозори 2023 йилдаги 53,2 миллиард доллардан 2028 йилга келиб 69,2 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Демак, Ўзбекистон компаниялари учун ички бозор билан бир қаторда минтақавий ва халқаро бозорларга чиқиш имконияти ҳам мавжуд.

— Келажакдаги профессионал фаолиятингизни қаерда кўрасиз?

— Мен ўз фаолиятимни Ўзбекистон билан чеклаб қўйишни истамайман. Чунки бугунги иқтисодиётда молия ва бизнес чегаралар билан чекланмайди. Европада ўқиш давомида халқаро бизнес муҳитини кўриш, Ўзбекистонда эса реал ишлаб чиқариш жараёнларида ишлаш менга икки хил тажрибани бирлаштириш имконини бермоқда. Келажакда халқаро молиявий бошқарув, инвестициялар ва ишлаб чиқариш самарадорлиги йўналишларида фаолиятимни янада ривожлантиришни истайман. Шунингдек, Ўзбекистон компанияларининг халқаро бозорларга чиқиши, хорижий инвестицияларни жалб қилиши ва замонавий бошқарув стандартларини ўзлаштиришига ўз ҳиссамни қўшиш ниятидаман. Бунинг учун эса доимий таълим ва профессионал ривожланиш зарур.

— Ёш иқтисодчи ва молиячиларга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?

— Энг аввало, назария билан чекланиб қолмасликни маслаҳат бераман. Университетда олинган билим — бошланғич нуқта. Уни реал ҳаётда синаб кўриш керак. Ишлашдан, хато қилишдан, савол беришдан қўрқмаслик лозим.

Иккинчидан, халқаро профессионал сертификатларга эътибор бериш керак. ACCA, CFA каби дастурлар молиявий билимларни чуқурлаштириш билан бирга, халқаро профессионал муҳитга кириш имконини ҳам беради.

Учинчидан, халқаро конференция ва кўргазмаларда қатнашиш керак. Баъзан битта конференциядаги суҳбат ёки битта учрашув келажакдаги катта имкониятнинг бошланиши бўлиши мумкин. Ва энг муҳими — ўрганишни тўхтатмаслик керак. «Етти ўлчаб, бир кес» деган мақол бизнесга ҳам жуда мос. Қарор қабул қилишдан олдин уни таҳлил қилиш, имконият ва хатарларни кўриш, кейин ҳаракат қилиш керак.

  • Мазмунли суҳбатингиз учун ташакуур!

ИККИ ШАҲАР, БИР МАҚСАД

Рим ва Тошкент ўртасидаги масофа минглаб километрларни ташкил этади. Аммо Жалол Абдурайимов учун бу икки шаҳарни ажратиб турувчи масофа эмас, аксинча, бир-бирини тўлдирувчи икки тажриба маконидир. Римда — иқтисодиёт ва молиянинг замонавий назарияси, халқаро академик муҳит. Тошкентда эса — реал ишлаб чиқариш, реал бизнес қарорлари, реал рақамлар ва реал масъулият.

Унинг ҳикояси бугунги ёш мутахассис учун битта муҳим ҳақиқатни кўрсатади: халқаро таълимнинг қиймати у қаерда олинганида эмас, ундан кейин қандай фойдаланилганида намоён бўлади. Sapienza аудиториясида олинган билим Тошкентдаги иш столида синовдан ўтади. Молиявий модель реал инвестиция қарорига, назарий билим эса ишлаб чиқаришдаги амалий натижага айланади.

Халқимиз «Билаги зўр бирни йиқар, билими зўр мингни» дейди. Бугунги рақобат дунёсида эса билимнинг ўзи билан кифояланиб бўлмайди. Билим, тажриба, халқаро қараш ва натижа бирлашгандагина мутахассиснинг ҳақиқий қиймати юзага чиқади.

«Ishonch» мухбири Салим Абдураҳмонов суҳбатлашди.