ёки айрим касблар учун тўланадиган иш ҳақи қачон ўзгаради?
Ишсизлик муаммосига дуч келган инсоннинг кўнглидан ўтаётганларини мунтазам иш жойи борлар ҳар доим ҳам ҳис қилавермайди.
Яқинда турмуш ўртоғи билан Россияга ишлашга кетган яқин дугонам билан телеграмда ёзишиб қолдик. Ҳол-аҳвол сўрашгач, қачон келишини сўрадим.
Унинг жавоби шундай бўлди:
– Мен кетсам, хўжайиним бир кун ҳам бу ерларда қолмайди. Лекин қишлоққа қайтганимиз билан у ерда иш бўлмаса, нима қиламиз? Болаларимиз катта бўлиб қолди, ўқишга топшириши керак, контрактга кирса, уни қандай тўлаймиз? Болаларни ўқитиш учун шу ерларда юрибмиз. Улар ҳам бизга ўхшаб маълумотсиз бўлиб қолмасин, деймиз…
Дугонамнинг гаплари анча кун хаёлимдан кетмади. Биргина у эмас, мен билган қанча-қанча танишларимиз бола-чақасини боқиш учун хорижга ишга кетган.
Биламан, «Ана, билими бўлса, ҳунари бўлса, тил билса ёки оддий тадбиркорликдан ҳам яхшигина даромад топаётганлар бор юртимизда туриб», дейишингиз тайин ва бунга минглаб мисоллар ҳам келтирасиз. Фикрларингизга қўшиламан, аммо…
Ҳамма ҳам олий маълумотли эмас. Шароит ёки тақдир тақозоси туфайли ўқий олмаганлар, оддий бир ҳунарнинг бошини тутолмаганлар қанча? Шу билан бирга, «Қанийди, юртимда икки миллионлик, уч миллионлик иш бўлганида, ҳеч қаерга кетмасдан фарзандларимнинг олдида ишлардим», деганлар ҳам кўп.
Икки-уч йилдан буён хорижда ишлаётган танишим ободонлаштириш соҳасидагилар ойига 600, идиш-товоқ ювиш билан машғул қизлар 1000 АҚШ долларидан маош олаётгани, ижара пулини тўлаб, озиқ-овқат, кийим-кечакка сарфлаб, ундан орттириб, уйига яхшигина пул юбораётганини айтади. Бу – энг паст нархдаги ишлар. Аммо унга тўланаётган ҳақ билан бемалол яхши яшаш мумкин экан.
Журналист сифатида мавзу мени анча ўйлантиргач, уни ўрганиб, айрим саволларга жавоб олиш мақсадида Миробод тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида бўлдим.
Марказ раҳбари ўринбосари Бекзод Омоновнинг айтишича, туманда расмий 143 минг, норасмий ва вақтинчалик рўйхатдагилар билан 165 минг атрофида аҳоли яшайди. Йил бошидан буён 1680 нафар киши марказга иш сўраб, мурожаат қилган ва уларнинг 620 нафари ишга жойлашган, 325 нафари эса қисқа муддатли жамоат ишига, 480 нафари касбга ўқитилган. 7 нафар фуқарога ўз бандлигини таъминлашига кўмаклашиш учун субсидия берилган. Айни пайтда туманда 16 нафар фуқаро ишсизлик нафақаси олаётган экан.
Табиийки, кўпчилик ўзи яшаётган туман ҳудудида ёки унга яқинроқ жойда ишлашни хоҳлайди. Миробод туманида эса 2660 та бўш иш ўрни мавжуд. Бу, иш сўраб мурожаат қилганлар сонига нисбатан кўп ва қувонарли. Аммо юқорида айтганимиздек, мавжуд иш ўринларининг 85-90 фоизи кам маошли, яъни яхши яшашга, оила боқишига етмайди.
– Масалан, – дейди Б.Омонов, – мавжуд эълонларда мактабни тугатган фуқаро учун мўлжалланган касблардаги ўртача маош 600 000 сўмдан 1 200 000 сўмгача, ўрта махсус маълумот учун 800 000 сўмдан 1200000 сўмгача ва олий маълумот учун 1 000 000 сўмдан 2 500 000 сўмгачани ташкил этмоқда. Натижада, ўрта ва ўрта махсус маълумоти бор фуқароларга мўлжалланган аксарият вакансиялар учун белгиланган маошлар рўзғор тебратишга ёки ўртача яхши яшашга етмагани боис ишсиз юртдошларимизга маъқул бўлмаяпти ва бундай иш ўринлари йиллаб ёки ойлаб «эга»сини кутиб қолмоқда.
Ҳайдовчилик касби бўйича иш қидириб юрган Тошкенбой Жўраев билан суҳбат қилганимизда, у Тошкент шаҳрида «Тез ёрдам» ҳайдовчиси бўлиб ишлаши учун Юнусобод туманидан иш чиқаётгани, маоши эса 1 миллион эканини айтади.
«Агар Сергелидан Юнусободга қатнаб ишлайдиган бўлсам, маошимнинг ярми йўлкира ва овқатланишга кетади» дейди у.
Шу ўринда «Ish.Mehnat.uz» сайтидаги эълонлар рўйхатига кўз югуртирамиз:
Қўшкўпир туманида ўт ёқувчи лавозимига 1 ставка иш, маоши 823 000 сўм. Фарғона вилоятида олий маълумотли ўқитувчи 0,5 ставка лавозимга, маоши 650 000 сўм. Фарғона вилояти Бағдод туманида тарбиячи лавозимига 950 000 сўм. Чироқчи туманида олий маълумотли ўқитувчи лавозимига 1 ставка учун 1 850 000 сўм маош.
Хуллас, бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Ҳозирги бозор – гўшт, ёғ кабиларнинг нархлари ўзингизга аён. Хўш, шунда юқоридаги касб эгаларига белгиланган маошлар, умуман, бошқа шу каби қатор касблар учун ҳам тўланаётган маошлар қониқарлими?
Депутатлар, тегишли вазирлик ва идоралар ушбу масалага реал ҳолат юзасидан эътибор қаратишса, меҳнатга ҳақ тўлаш учун белгиланган миқдорни қайта кўриб чиқишса, айни муддао бўларди.
Шунда хорижга кетиш истагидаги юртдошларимиз сони ҳам камаярмиди?..
Зебо НАМОЗОВА,
«Ishonch»
