Ҳар йилнинг октябрь ойида Ўзбекистонда давлат тилини қўллаб-қувватлаш бўйича муайян тадбирлар ўтказилади, акциялар, конференциялар уюштирилади, муҳокамалар бўлиб ўтади.
Бу ишларга одатда давлат ташкилотлари бош-қош бўлади. Зиёлилар, журналист-блогерлар, ижтимоий тармоқлар фаоллари эса тил муаммолари ҳақида ёза бошлайди: кўчалардаги пешлавҳалар давлат тилида эмаслиги, саводсизлик авж олаётгани, давлат ташкилотларида рус тили устунлик қилаётгани қизғин баҳсларни келтириб чиқаради.
Скептиклардан фарқли равишда, бу «тадбирбозлик», бу муҳокамалар мутлақо бефойда деб ҳисобламайман. Ҳар қандай саъй-ҳаракат изсиз кетмайди, албатта.
Аммо мен ҳозир бошқа масалага тўхталмоқчиман. Бу ўзбек тили муаммоларини ўрганиш ва муҳокама қилиш юксакроқ, академик босқичга кўтарилмаётганидир.
Илм-фаннинг аҳамияти шундаки, у бизга ҳар қандай масалада аниқ, холис тасаввур ҳосил қилишга кўмак беради. Юқорида таърифланган муҳокамалар иштирокчилари одатда ўз тажрибаларидан, таассуротларидан келиб чиққан ҳолда у ёки бу жиҳатга урғу беради: кимгадир ўзбек тили салкам йўқолиб кетаётгандай туюлади, кимгадир эса ўзбек тилини ривожлантириш миллатчиликни авж олдириш бўлиб туюлади. Тажрибалар, таассуротлар ҳар хил, хулосалар ҳам шунга яраша тавсифланади.
Илмий ёндашув эса олтин ўрталиқни топишга ёрдам беради: тил ўлиб боряптими, ривожланиб боряптими, аниқ кўрсаткичлар орқали намоён бўлади. Қўлимизда рақамлар, фактлар бўлса, эҳтиросимизни бироз жиловлаб, «мана бу масалада адашган эканман, аслида аҳвол фожиали эмас экан», ёки аксинча, «мана бу муаммо ўйлаганимдан жиддийроқ экан», деб айта оламиз.
Хуллас, Ўзбекистонда охирги йилларда тез-тез кўтарилиб турган тил муҳокамаларига бироз илмий таҳлил, танқидий мушоҳада қўшилса, баҳслар журналист ва зиёлилар орасидагина бўлиб ўтмай, тадқиқотчилар диққатини ҳам тортса, улардан кўпроқ наф келади, конструктив хулосалар чиқарилади ва академик трендларда акс этади.
Қуйида ўзбек тилига дахлдор бир-иккита масалани олиб, уларга илмий ёндашиш қандай хулоса ва манфаатлар келтириши мумкинлиги ҳақида мулоҳазаларимни келтираман.
Ўзбек тили хавф остидами?
Муҳокамалар асносида баъзи жонкуярлардан «ўзбек тили хавф остида», «тил ҳалокати – миллат ҳалокати» сингари ваҳимали гапларни эшитиб қоламиз. Бу таъкидлар ҳақиқатга қай даражада яқин?
2021 йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра Ўзбекистон аҳолиси 35 миллион 79 минг нафар кишидан ошди. Расмий статистикага биноан, бу нуфуснинг 82,9 фоизи ёки 29 миллион 80 минг нафари ўзбеклардир. Норасмий баҳолашларни инобатга олсак ҳам, ўзбеклар адади 22-24 миллиондан пастга тушмайди.
Қўшни давлатларда ва бошқа мамлакатларда яшовчи ўзбеклар сони 7-8 миллион орасида баҳоланади. Яъни, жаҳонда 29-37 миллион нафар ўзбек бор. Бу – жуда катта рақам!
Афсуски, илмий тадқиқотлар, статистик изланишлар йўқлиги туфайли ўзбек тилини қанча одам она тили деб ҳисоблашини билмаймиз. Замонавий ижтимоий антропологияда тил ва миллат бир-бирига боғлиқ тушунчалар эмас, шу боис ўзбекнинг она тили русча ёки тожикча бўлиши, ўз навбатида, бошқа этнос вакилларининг она тили ўзбекча бўлиши мумкин. Бизда ҳали бу борада изланишлар, статистик маълумотлар йўқ, лекин умумий тенденциялар маълум: ўзбек тилида сўзлашувчилар сони ўзбеклар сонига яқин, рус тилли аҳолининг кўчиб кетиши, баъзи миллий озчиликлар ассимиляцияси туфайли ўзбек тилининг истеъмол доираси йил сайин кенгайиб бормоқда.
Қолаверса, ўзбекчани иккинчи тил ўлароқ ишлатувчи аҳоли – Ўзбекистон фуқароларининг кўпчилиги, чет давлатлардаги баъзи ўзбекчани билувчи одамлар ҳисобидан бу тилда сўзлашувчилар сони 40-43 миллион кишини ташкил этади. Тан олайлик, бу қадар кўп ташувчига эга тилни хавф остида деб ҳисоблаш адолатсизликдан бошқа нарса эмас. Ўзбек тилига ҳеч нарса хавф солмаяпти, ҳозирча тилнинг йўқолиб кетиши ҳақида ўйламасак ҳам бўлади.
Сўзлашув даражасида ўзбек тилида қийинчилик йўқ экан, муаммо нимада?
Таълимда десак, ўзбек тилида мактаблар, университетлар, ўқув марказлари ишлаяпти, дарсликлар чоп этиляпти; медиада десак, ўзбек тилли сайтлар, каналлар, видеоконтент, газета-журнал, телеканаллар жуда кўп. Кўриб турганингиздек, тилнинг муаммоларини аниқлаш ҳам у қадар осон иш эмас: «мана бу муаммо» деб аниқ айтиб бериш қийин, шахсий тажрибамиздан келиб чиққан хулосалар эса янглиш бўлиши мумкин.
Келинг, ўзбек тили қайси соҳаларда муаммоларга учраётганини аниқлашга ҳаракат қилиб кўрайлик.
Терминология
Илм-фан жамият тараққиётининг асосини ташкил этади. Унинг ривожи айни пайтда тилда ҳам ўзгаришларга олиб келади: турли фан йўналишларида илмий фикр айтиш, илмий матн яратиш ёки баҳслашиш учун терминология, яъни шу йўналишнинг тушунчаларини ифодаловчи истилоҳлар жамланмаси зарур. Айни пайтда, фан ва техника ютуқларини ижтимоий ҳаётга татбиқ этиш асносида тилда ўзгаришлар рўй беради – янги буюмларни, воқеликларни, тушунчаларни ифодаловчи янги сўзлар ўйлаб топиш ёки эскиларига янги маъно коннотацияларини юклаш керак бўлади.
Ўзбекистонда тизимли терминологик тадқиқотлар олиб борилмайди. Кўп ҳолларда атамалар рус тили орқали жаҳон фанидан ўзлаштирилади ва ўзгаришсиз ишлатилади. Ўзбек тилининг ички имкониятларидан келиб чиқиб жорий этиладиган терминлар эса одатда тизимли бўлмай, унификация қилинмай, алоҳида олимларнинг шахсий ташаббусидан келиб чиқади ва кўпинча бошқа олимларнинг луғатига ўзлашмай қолиб кетади. Бу жараёнларни тартибга соладиган тузилма йўқ, махсус терминологик луғатлар кам чоп этилади.
Бу муаммо бугун пайдо бўлган эмас. Унинг илдизлари совет даврига бориб тақалади. СССРда миллий республикалар тили, шу жумладан ўзбекча ҳам маълум даражада ишланган эди. Бу тилларда бадиий асарлар, газета-журналлар, дарсликлар чиқар, жаҳон адабиёти дурдоналари таржима қилинар, теле ва радио каналлар ишлар эди; давлат бошқаруви, илм-фан эса кўпроқ рус тилида юритилар, илмий адабиётлар одатда русчадан таржима қилинарди.
Бундай сиёсатнинг оқибатлари бугунги кунга қадар билинади: рус тилида илмий изланиш олиб бориш, илмий матнлар ёзиш осондек туюлгани боис бутун академия тизими шунга ўрганган (ўзбек тили ва адабиёти, тарихи билан боғлиқ баъзи гуманитар йўналишлардан ташқари), ўзбек тилида эса илм қилиш кам учрайди, бу йўлни танлаган изланишлар қатор қийинчиликларга учрайди ва юқорида айтилган терминология муаммоларига, манбалар йўқлигига тўқнаш келади.
Тилнинг илмий услуби ҳақида сўз кетганда, бир дилемма юзага чиқади. Бир томондан, илмий тафаккур, илмий контентнинг кенг оммага етиб бориши жамиятнинг савиясини белгилаб беради; илм-фансиз жамиятда танқидий фикрлаш, таҳлил, савия шаклланмайди. Бошқа томондан эса фан миллат, давлат билмайди, чегараларсиз мавжуддир. Математика Ўзбекистонда ҳам, АҚШда ҳам бир хил; биология давлатга қараб ўзгариб қолмайди. Шу туфайли бугунги кунда илмий фикр бирлашуви, ягона халқаро академик ҳамжамият шаклланиши жараёни кетмоқда, бу жараёнда эса инглиз тили илм-фан ва техника лингва-франкаси ўлароқ кристалланиб чиқмоқда. Илм-фандаги охирги ютуқлардан, парадигма ва концепциялардан бохабар бўлиш, халқаро академик ҳамжамият билан бир хил савияда қолиш, ўз илмий ишларини жаҳонга танитиш ҳамда халқаро академиянинг бир қисмига айлантириш учун ўзбек олимлари ҳам инглиз тилида ишлаши керак бўлади. Ўзбек, қозоқ сингари тилларни қўя туринг, узоқ халқаро тарихга ва нуфузга эга халқаро тиллар – француз, немис, рус тиллари ҳам инглизчага йўл бўшатиб бермоқда. Франция, Россия, Германия ва бошқа давлатларда ҳам олимлар инглиз тилида ёзишга уринади.
Ўзбекистон бу каби давлатларнинг тажрибасини ўрганиши мақсадга мувофиқ бўлар эди. Шунда ушбу дилемманинг ечим йўллари топилади.
Халқаро илисоний манзара
Илм-фанда инглиз тили монополиясининг ўрнатилиши масаласи бизни ўз-ўзидан кенгроқ мавзуга етаклаб боради, бу ҳам бўлса, глобал дунёда маълум тилларнинг халқаро мақомга эга бўлишидир. Иккинчи жаҳон урушига қадар француз тили халқаро сиёсат ва маданият тили бўлган, ҳозир уни инглиз тили сиқиб чиқарди. Айтиш мумкинки, Британия империясининг мероси ўлароқ янада кенгроқ қамровга эга инглиз тили империализми давом этмоқда. Бу тил нафақат халқаро фанда, балки халқаро сиёсатда ва бизнесда, маданиятда, халқаро молиявий ва ижтимоий фаолиятда, спортда турли халқларни ва давлатларни боғловчи воситага айланмоқда.
Британиянинг собиқ мустамлакалари ҳамда Европа давлатларида инглиз тили ва маҳаллий тиллар ўртасида тўқнашув, мулоқот ёхуд соҳалар тақсимоти юзага келаётган бўлса, Ўзбекистон сингари инглиз тилидан бошқа тил муҳитлари таркибига кирувчи давлатларда уч томонлама зиддият ва муносабатлар вужудга келмоқда. Ўзбекистон, Қозоғистон ва шунга ўхшаш бошқа МДҲ давлатлари аввал Россия империяси, сўнг СССР таркибига киргани боис уларда рус тилининг позициялари мустаҳкам; Россия билан муносабатлар яқинлиги туфайли бу тил ўз позицияларини бой бермай келяпти. Айни пайтда бу давлатлар фуқаролари дунёга чиқиши, кенгроқ география билан мулоқот қилиши учун инглиз тилини ўрганиши лозим. Инглиз тилини ўрганиш эса Европадагидек осон эмас: бу тил ўзбекларнинг, қозоқларнинг «қонига» сингмаган, улар ҳар куни инглиз нутқига дуч келмайди. Мухтасар айтганда, Ўзбекистонда инглиз тилини ўрганиш кўпроқ меҳнат талаб этади, бу эса ўзбек тилига ажратиладиган вақт камайишига олиб келади. Бошқа томондан, маълум йўналишларга рус тилисиз қадам қўйиб бўлмайди. Бу эса яна бўш вақтнинг бир қисми бошқа хорижий тилни ўрганишга сарфланади деганидир.
Маҳаллий тил, собиқ метрополия тили ва халқаро тил ўртасидаги муносабатлар асносида юзага келадиган зиддиятлар билан фақатгина Ўзбекистон тўқнашмаяпти; жуда кўп давлатларда бундай муаммолар бор, айримлари бунинг ечимларини у ёки бу даражада муваффақиятли топмоқда ҳам. Шу маънода ўзбек тилининг мамлакат ичидаги ва жаҳондаги ўрнини илмий баҳолаш, бошқа давлатлар ва тилларнинг тажрибаларини кўздан кечириш катта фойда келтиради, зеро илмий журналлар варақларида ёки давлат агентликлари кабинетларида тайёр ечимлар пинҳон бўлиши мумкин.
Афсуски, бизда бу борада тадқиқотлар бўлмагани учун аниқ ечимларни тақдим эта олмаймиз, зотан муаммоларни аниқ билмай туриб ечимлардан сўз очиб ҳам бўлмайди. Ўзбек тилининг ўз ўрнини, қўлланиш доирасини аниқлаштириш ва тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқиш айнан илмий тадқиқотларга асосланмоғи лозим.
Ҳозирча, бошқа тилларнинг ўрнагидан келиб чиқадиган бўлсак, кўринаётган йўл муроса ва самарали ҳамкорликдир. Ўзбек тили биратўла ҳамма тармоқларни эгаллашига, барча соҳаларда асосий тилга айланишига ҳаракат қилиш, биринчидан, жуда қийин, серхаражат ва амалга ошириб бўлмайдиган ишдир, иккинчидан, аслида бунинг кераги ҳам йўқ. Тилларни компанияларга ўхшатсак, улар бозорнинг ўзига керакли сегментларини эгаллаб бориши лозим. Шу жиҳатдан, бугунги глобал дунёда халқаро тилларнинг ютиб юборувчи таъсирига қарши тура олиш ва маълум сегментларни эгаллаш энг оптимал натижа ҳисобланади.
Тил гегемониясидан тил иерархиясига
Дейлик, муайян давлатнинг ўз миллий тили мавжуд. Айни пайтда, қўшнилар билан мулоқот қилиш учун яна бир тилни, дунёга чиқиш учун бошқа бир тилни ўрганиш керак. Яъни бу мамлакат фуқаролари учта тилни билиши лозим.
Бу типик лисоний қопқондаги давлатга мисолдир. Бир ёқдан, қўшимча тил ўрганмаса, қўшнилар билан гаплаша олмайди, хориж билан алоқалар ўрната олмайди; бошқа ёқдан, муваффақиятли карьера қилишни, дунё кўришни истаган фуқаролар хорижий тилларга кўп урғу бериб юбориши оқибатида миллий тилни ўрганишга қизиқиш ва вақт қолмайди, оқибатда тил деградацияга учрайди, пировардида ё йўқ бўлиб кетади, ё сўзлашув тили даражасида қолиб кетади.
Лисоний қопқонга деярли барча собиқ мустамлакалар тушган. Келтирилган ўрнакда Ўзбекистонни таниган бўлсангиз, бу муаммолар мустамлака замонидан мерос қолганини тушундингиз, албатта.
Муаммони ҳал қилиш учун ҳар йил октябрда шовқин кўтариш, ёшларга ва миллий озчиликларга ватанпарварлик етишмаётганидан нолиш етарли самара бермайди. Шаффоф, методик ечимлар керак. Буларни биз бошқа собиқ мустамлакалар тажрибасидан ўрганишимиз мумкин.
Йирик империяларнинг колонияси бўлган ёш давлатлар тил сиёсатини уч хил қуради одатда:
– миллий тилнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ, муҳими пул топиш, иқтисодиётни кўтариш, собиқ метрополия тили бунда ёрдам берса, ўша тилга урғу бераверамиз;
– миллий тилни сақлаб қоламиз, бошқа тилларни сиқиб чиқаришга ҳаракат қиламиз;
– мувозанат қидирамиз, миллий тилни унутмаган ҳолда халқаро тилларни ўзлаштирамиз.
Ўзбекистон ҳозирча иккинчи ва учинчи йўл ўртасида депсиниб турибди. Белгиланган тил сиёсати йўқлиги туфайли бўлса керак, баъзида ўзбек тилини муқобили йўқ ягона танловга айлантириш ҳақида сўз очилади, баъзида рус ёки инглиз тилини ўрганиш муҳимлиги таъкидланади.
Саналган стратегиялар орасида охиргиси энг қийинидир. У иккита ёки учта тилга ўрин топишни, қўпол қилиб айтганда, бозорни бир неча рақобатчига бўлиб беришни талаб қилади. Бу эса конфликтлар келиб чиқиш хавфини оширади. Агарда бу стратегия муваффақиятли амалга оширилса, унда мамлакатда ўзига хос тил иерархияси ўрнатилади, ҳар бир тилни ўрганишдан муайян манфаат туғилади. Шунда ёшлар ўзини чет тилига уриб, миллий тилдан узоқлашмайди, зеро миллий тилни яхши билиш унга конкрет манфаат олиб келади ва бу манфаат хориждаги ҳаёт келтирадиган манфаатга тенг ёхуд ундан устун бўлади. Ана ўшанда миллий тил ҳам ўз ўрнини топиб, ривожланишда давом этади, хорижий тилларни билиш даражаси ҳам тушиб кетмайди. Шунчаки ҳамма ўзига кераклигини танлайверади.
Ўзбекистон учинчи стратегияни танлаб, шунга мувофиқ тил сиёсатини қурса, юксак иқтисодий ва маданий ютуқларга эришиши мумкин. Ўзбекистон бошқа йирик, ривожланган давлатлар билан ҳамкорлик қилишга муҳтожлигини, шунингдек, мамлакатда кўплаб этнос ва тил гуруҳлари яшашини инобатга олсак, тиллар иерархиясини қуриш зарурдай туюлади.
Ўзбек тили муаммоларига мана шу нуқтадан боқиб, илмий ёндашувларга йўл очиб, конкрет ишлар амалга оширилса, фикримча, қайси стратегияни амалга ошириш осонроқлиги англашилади ва ечимлар топилади.
Юқорида мен қўлимизда мавжуд маълумот асосида баъзи чизгилар беришга, баъзи тавсияларни илгари суришга уриндим. Албатта, тавсияларни ва чизгиларни конкретлаштириш учун айнан Ўзбекистон материалида ўтказилган тадқиқотларга муҳтожмиз. Ҳозирча чет эл тажрибасидан келиб чиқиб хулосалар қилиб туришга мажбурмиз. Сиёсий элита илмий тадқиқотларнинг жамият маданий трансформациясидаги аҳамиятини тушуниб, фанга етарли маблағ ажрата бошласа, фундаментал тадқиқотлар юзага келса, Ўзбекистоннинг тил вазияти ҳамда глобал лисоний манзарадаги ўрни янада ойдинлашади.
Элдор АСАНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар
Академияси Миллий археология маркази кичик илмий ходими

