Халк, овози

544

Халқ овози – Ҳақ овозидир,
Ҳақ овози – Халқ овозидир.
Халқ ризоси буюк бахт эрур,
Халқ розидир – Ҳақ ҳам розидир.

Тингламасди олдин замонлар,
Келди очиқ-ойдин замонлар.
Тили боғлиқ мардум халқ эмас,
Дили доғлиқ мардум халқ эмас.
Халқ олдинги мавҳум халқ эмас,
Ва ё муте маҳкум халқ эмас.

Уч минг йиллик тарихинг пойдор,
Уч минг йиллик оғриғинг ҳам бор.
Эртакмас бу ва ё ҳангома,
Ҳар айтганинг – буюк жангнома.1
Халқ олдинги мавҳум халқ эмас,
Боши эгик, мазлум халқ эмас.

Халқ овози – Ҳақ овозидир,
Ҳақ овози – Халқ овозидир.
Халқ ризоси буюк бахт эрур,
Халқ розидир — Ҳақ ҳам розидир.

Қаддинг кўтар, дунёга кенг боқ,
Ҳар мулку ҳар маъвога тенг боқ.
Не элатлар хор-зор дунёда,
Хору зор ҳам ночор дунёда –
Давлатинг бор – шавкатинг пойдор,
Шавкатинг бор – давлатинг пойдор.

Юрт отаси – халқ орасида,
Ҳар кўнгил, ҳар қалб орасида –
Халқ ҳолидан, ё Қодир Оллоҳ,
Ўзи кезиб бўларкан огоҳ,
Эл кўнглида савол бўлмагай,
Бундай элда завол бўлмагай.

Халқ овози – Ҳақ овозидир,
Ҳақ овози – Халқ овозидир.
Халқ ризоси буюк бахт эрур,
Халқ розидир – Ҳақ ҳам розидир.

Ота-она ризосидай бу,
Келажакнинг имзосидай бу.
Минг йилларнинг орзу-хаёли –
Элу юртнинг кўрку жамоли.
Келажакка тилхатларидир,
Давру замон дастхатларидир.

Халқ овози – Ҳақ овозидир,
Ҳақ овози – Халқ овозидир.
Халқ ризоси буюк бахт эрур,
Халқ розидир – Ҳақ ҳам розидир.

Сирожиддин САЙЙИД,
Ўзбекистон халқ шоири