Халқчил тамойиллар асосида

585

Инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларга касаба уюшмалари ҳам муносиб ҳисса қўшиб келаётгани бугун ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, ижтимоий соҳада Федерация амалга ошираётган ишларнинг салмоғи жуда катта. Ушбу жараёнда Шавкат ­Мирзиёевнинг «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган ўта адолатли ва халқчил тамойили дастуриламал вазифасини ўтамоқда.

Федерация раиси Қудратилла ­Рафиқов раҳбарлигида ўтган давр­­да республика қатори пойтахтда ҳам болалар соғломлаштириш оромгоҳлари, сиҳатгоҳлар, санаторийлар, маҳаллаларда спорт майдончалари, кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари барпо этилди.
Айниқса, оғир турмуш шароитида кун кечираётган, ижтимоий-иқтисодий кўмакка муҳтож хотин-қизлар масаласи касаба уюшмаларининг доимий диққат марказида бўлди.
Бу ҳақда гап кетганда, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» доирасида касаба уюшмалари амалга оширган ишлар хусусида сўз айтмасликнинг сира иложи йўқ.
Тошкент шаҳар кенгаши томонидан икки босқичда ташкил этилган «Аёллар дафтари» доирасида 58 минг 394 нафар аёл рўйхатга олинди ва ҳаммасига тегишли тартибда моддий ва маънавий кўмак берилди. Жумладан, кўплаб хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди, касб-ҳунарга ўқитилди. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун имтиёзли кредит олмоқчи бўлган минг нафарга яқин аёлга имтиёзли кредитлар ажратилди. Шу билан бирга, боқувчисини йўқотган уй-жойи йўқ опа-сингилларга хонадонлар ажратилди. Баъзи тоифадаги аёлларга ҳуқуқий ва психологик маслаҳатлар берилди.
Албатта, миллионлаб меҳнаткашлар манфаатларини ҳимоя қилиш – касаба уюшмаларининг бирламчи вазифаси. Шуни инобатга олган ҳолда, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, иш берувчилар ҳамда кенг жамоатчилик эътиборини меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларини ҳал этишга қаратиш, ишлаб чиқариш маданиятини юксалтириш, иш берувчи томонидан ходимларга соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитини яратиш, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг олдини олиш, шунингдек, «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида «Меҳнат муҳофазаси ойлиги» ўтказиб келинмоқда. Тадбирлар нафақат ушбу соҳа эгаларини, балки барчани янада ҳушёрликка, огоҳликка чорламоқда.
Ўрни келганда қайд этиш жоиз, айни пайтда Тошкент шаҳар кенгаши тизимида 3 минг 108 та бош­ланғич касаба уюшма ташкилоти фаолият юритиб келмоқда. Аъзолар сони 696 минг 435 нафардан ортиқ. Шундан 309 385 нафари ёшлар, 322 751 нафари аёллар ҳиссасига тўғри келмоқда.
Тасарруфдаги юридик шахс мақомига эга бўлган меҳнат жамоаларида уч мингдан зиёд жамоа шартномаси тузилиб, улар орқали меҳнаткашларнинг манфаатлари ҳимоя қилинмоқда.
Бошланғич касаба уюшмалари билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда яқиндан алоқада бўлиш мақсадида ойнинг иккинчи сешанбаси «Бошланғич касаба уюшма ташкилотларига амалий ёрдам бериш куни» деб эълон қилинди.
Бир неча йиллардан бери ўтказиб келинаётган «Энг намунали бошланғич ташкилот» кўрик-танлови ўзининг кенг аудиториясига эга бўлди.
Ходимларнинг ўз касбига бўлган фидойилигини таъминлаш, ижтимоий фаолликни ошириш, ташаббус ва изланиш­ларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар икки йилда «Ўз касбининг моҳир эгалари» аниқланиб, уларни тақдирлаш тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Ҳар йили ўтказиладиган меҳнат муҳофазаси бўйича жамоат назоратини энг яхши ташкил этиш юзасидан кўрик-танловлар ўтказилиб, қуйи босқичда барча корхона, ташкилот ва муассасалар иштироки таъминланди.
Кенгаш фаолияти давомида болаларни соғломлаштириш масалалари ҳам доимо эътибор марказимизда. Хусусан, ёз мавсумида 22 минг 540 нафар бола шаҳар ташқарисидаги 25 та стационар оромгоҳда олти навбатда мароқли ҳордиқ чиқариб қайтди.
Мавсум давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ҳамда «Ногиронлар жамияти» ишчиларининг фарзандлари, меҳрибонлик уйларининг тарбияланувчиларига имтиёзли ва бепул йўлланмалар берилди.
«Спорт – саломатлик гарови» шиори остида спартакиада, «Соғлом оила» оилавий спорт мусобақалари, ҳаваскор велоспортчилар ўртасида «Kaсaбa-тур» веломарафони ҳамда спортнинг стол тенниси, волейбол, шахмат, шашка, бадминтон ва сузиш бўйича мусобақалар, «Спорт – саломатлик гарови» спартакиадаси ва бошқа спорт тадбирлари ўтказилди.
Пойтахт касаба уюшмалари раҳбари сифатида шуларни таъкидлаб ўтишим лозимки, бугунги ислоҳотлар замирида бир нарса муҳим роль ўйнайди, бу – юртимиз тинчлиги, мамлакат ижтимоий-иқтисодий равнақи, фуқароларимизнинг эртанги куни, уларни моддий ва маънавий томондан қўллаб-қувватлаш, яшаётган бугунги кунларидан рози қилиш, фарзандларимизнинг келажаги, уларнинг бахту иқболидир.

Сайфулла АҲМЕДОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент шаҳар кенгаши раиси,
Федерация раиси ўринбосари