Қорақалпоғистонни чорак аср бошқарган, меҳнат фахрийси,
ардоқли нуроний, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби Қаллибек Камалов феномени
Бу инсонни қорақалпоқ халқи «ота» ёки «оқсоқол» дейди. Мен у киши билан атиги беш марта учрашганман ва икки марта телефонда сўзлашганман. Илк бор дуо олиш илинжида тўрт нафар ўртоғим билан уйига борганимизда, отахон 91 ёшда эди.
Эшикдан кирар чоғимиз қўлларимизни совунлаб ювишимиз лозимлигини айтишди. Чунки оқсоқол ташқаридан келган киши билан саломлашишдан олдин қўлини ювишини талаб қилар экан.
Биз ҳам бу тартиб-қоидага риоя қилдик. Сўнгра ичкарига кириб, ҳол-аҳвол сўрашдик. Кўп ўтмай, дастурхонга қазили ош солинган лаган қўйилди. «Во ажаб, оға шу ёшида палов емоқчими?!.» Биз ҳайратланиб, зимдан бир-биримизга боқдик. Дастурхонда юпқа қаттиқ нон, мева-сабзавотлар ва зираворлар ҳам бор эди. Ота бизларни овқатга таклиф этди. У киши таомдан кейин нимани, қачон ва қай тартибда ейиш юзасидан тушунча берди. Биз эса унинг гапларини тинглаб, ҳайратда ўтирардик. «Э, қойил! Овқатланишнинг ўзи бир санъат экан-ку!» дея…
Қаллибек оғанинг ҳар бир гапи, ҳаракатлари биз учун бебаҳо тарбия намунаси эди.
«Одамда бешта сочиқ бўлиши керак: бош, тана, қўл, жинс аъзолари ва оёқ учун. Уларни бир-бирига аралаштирмаслик керак». Бу гап ҳам биз учун янгилик эди…
Кейинги гал борганимда, отахон тарих ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Мозий ҳақида сўзлаётганида, битта китоб керак бўлиб қолди. Ёрдамчисини чақириб, ўша китобни жавондан топиб келтиришини тайинлади. Китоб жавоннинг қайси токчасида ва қаерида эканини аниқ айтди. Биз унинг хотираси ўткирлигига ич-ичимиздан тасаннолар ўқидик. Негаки, оқсоқол яшайдиган хоналарнинг барчаси китобга лиқ тўла эди. Шундай эса-да, у қайси китоб қаерда турганини аниқ-тиниқ биларкан.
Қаллибек Камалов менга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқовнинг «Менинг Президентим!» китобини иштиёқ билан ўқиганини ва уни қорақалпоқ тилига таржима қилдираётганини ғурурланиб айтди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга ҳар борганида ота билан учрашади. Илк бор 2016 йили Президентликка номзод сифатида келганида, Шуманай туманида ота нутқ сўзлади. Аслида, у 16 дақиқа гапирган эди, телеканаллар атиги 2 дақиқасини кўрсатди. Шунга қарамай, Шавкат Миромонович ватанпарвар инсоннинг сўзларидан руҳлангани ва чексиз миннатдор бўлгани тасвирларда яққол сезилиб турди.
2017 йили Қаллибек Камалов давлатимиз раҳбари фармонига биноан «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланди. Мукофотни унга Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ўзи топширди. Бунга жавобан ота шундай деди: «Президентимиз қўлидан орден олиш мен учун улкан бахт. Бу мукофот бир ўзимга эмас, бутун Қорақалпоғистон аҳлининг қаҳрамонона меҳнати учун берилган орден, деб ўйлайман. Ҳар бир элнинг, ҳар бир миллатнинг, ҳар бир мамлакатнинг ўсиши, ривожланиши биринчи раҳбарнинг одамгарчилиги, ақли, иш юритиш услубига боғлиқ. Бир йил ичида бизнинг суюкли Президентимиз Шавкат Миромонович дўст мамлакатлар билан яқин бўлиб, Ўзбекистоннинг 2017-2021 йилларда қуриладиган улкан қурилиш объектларига етадиган инвестицияни олиб келди. Халқаро аренада Шавкат Миромонович дадил қадам ташлади. Бу қадам билан, Худо хоҳласа, яқин орада Ўзбекистон энг ривожланган мамлакатлар қаторидан ўрин олади».
Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Муратбай Низановнинг «Эрки мустаҳкам эл оғаси» сарлавҳали мақоласида ота ҳақида қуйидаги фикрларни ўқиймиз:
«У Қорақалпоғистонни юз фоиз электрлаштирганини, 98 фоиз газлаштирганини, тарихда тентак дарё деб номланган Жайҳунни етти марта жиловлаб, пахтадан мўл ҳосил олганини, дарёдан поездни отлантириб, Чимбойгача олиб борганини, охирида халқ учун қилган ушбу эзгу ишлари эвазига «айбдор» деб топилиб, қора курсига ўтирганини бошқаларга нисбатан биз яхшироқ билмасмидик?
У пайтлари (1989-2016 йиллар оралиғи) Қ.Камалов ҳақида гапириш «хавфли» эди. Суд оқлаб, ҳамма орден-медалларини, унвонларини қайта тиклаб берса ҳам, кўнглимиздан ўша қўрқув кетмади. Бу хавотир деярли 27 йил давом этди. Президент Шавкат Мирзиёев Қаллибек Камаловнинг кўкрагига «Эл-юрт ҳурмати» орденини тақиб, фидокорона меҳнатларини бутун Ўзбекистон халқига таништиргунга қадар қорақалпоқларнинг ҳурматли эл оғаси олдида кўзга кўринмас шлагбаум турарди. Биз бу шлагбаумдан ўтиб, ичкарига киролмадик, ота ҳам ташқарига чиқолмади. Эндиликда бу тўсиқ олиб ташланди. Эрки мустаҳкам эл оғаси, меҳнатлари бирон марта ҳам тилга олинмаган ўттиз йиллик жимжитликка сабр ила бардош берди».
Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институти директори Айтмурат Алниязовнинг айтишича, ота институтга тарихий мавзуда ёзилган 430 та китоб совға қилибди. Уларнинг саҳифаларида отанинг китоб мутолааси жараёнида қўйган белгилари учрайди. Буни ҳақиқий китобсеварлик, деса бўлади!
Биз китобхонлик маданияти қандай бўлишини мана шундай ҳаётий мисоллар асосида тарғиб қилсак, фойдадан холи бўлмайди. Бу нафақат халқимизнинг, балки бутун инсониятнинг тарбияси учун ҳам муҳим сабоқ вазифасини ўтайди.
Қаллибек Камаловнинг феномени ҳали чуқур ўрганилмаган. Бу инсоннинг нафақат элни бошқарган даврдаги ишлари, балки барча инсонийлик фазилатлари ҳақида ҳикоя қилувчи талай асарлар яратса бўлади. Зеро, бундай инсонлар биз учун ўзига хос дорилфунундир.
Есимхон ҚАНОАТОВ,
«ISHONCH»



