Китобхонларга янги асар тақдим этилди

1919

Бугун, 20 ноябрь куни Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида хонанда Шуҳрат Дарё, шоир Шуҳрат Ориф ҳамда таржимон, адиба Нодирабегим Иброҳимовалар билан ижодий учрашув ташкил этилди.
Тадбирда Н. Иброҳимова томонидан таржима қилинган «Аланга ичидаги аёл» асари тақдимоти бўлиб ўтди. Шу билан бирга, «Фаcтор пресс» китоб дўконининг ярмаркаси ташкил этилди.

Учрашув давомида мусиқа ихлосмандлари учун Шуҳрат Дарё дилга яқин наволари билан барчани хушнуд этган бўлса, шоир Шуҳрат Ориф шеърлари билан даврага ўзгача руҳ бахш этди.

Тақдимотда адабиётшунос Рухсора Тўлабоева ҳам қатнашиб, таржима асар ҳақдаги фикрларини йиғилганларга тақдим этди. Қуйида ушбу мулоҳазаларни эътиборингизга ҳавола этамиз:

«Бугун замон ўзгармоқда, дунё тараққий топмоқда. Инсоният янги қиёфага кириб бормоқда. Лекин кимлардир янги замон ҳавосидан нафас олиб яшаётган бир маҳалда яна кимлардир турмушнинг оғир юкидан, халқнинг урф ва одатларидан азоб чекиб яшамоқда. Айниқса, ер юзининг қайсидир бурчакларида қиз болага, аёл зотига паст назар билан қараш, уларни одам ўрнида кўрмаслик ҳанузгача давом этиб келмоқда. Суад қаламига мансуб “Аланга ичидаги аёл” асари айни шу оғриқ нуқтани ифода этишга бағишланган. Асарда тилга олинган ҳодисалар, воқеалар реал ҳаётда юз бергани, инсон тақдир қаршисида нақадар ожиз экани кўз олдингизга келади. Суад қиссанинг биринчи қисмини “Мен қиз боламан” деб номлар экан, бунинг бежиз эмаслигини шу қисмни ўқиб чиққач биласиз. Суад туғилган жой одамлари ўзларигача давом этиб келган анъанаю урф-одатларга содиқ қолган ҳолда қиз болани ўта қаттиққўллик билан тарбия қиладилар. Сабаби қиз бола, аёл кишининг жамиятда ҳеч қандай ўрни йўқ эди. Суаднинг отаси ҳамиша ўғил фарзанд кутган, онаси эса кўпинча қиз туғарди ва бу отанинг қизларни янада ёмонроқ кўриб қолишига сабаб бўлаверарди. Бахтга қарши Суад ҳам ана шу кутилмаган меҳмонлардан бири эди. Суад эсини танибдики, туғилиб ўсган қишлоғи, молхонаси, қўйларини боқадиган яйловини бутун дунё деб биларди. Оғир меҳнатларнинг ҳаммаси қиз фарзандлар бўйнида, оиланинг ягона ўғил фарзанди эса иззату икромда яшарди. Бу унинг бутун болалигини ташкил этган хотиралар эди.
Қиссада биз билан замондош, бир вақтда яшаб туриб ҳаётнинг ёруғ, бахтли кунлари борлигини билмай ўтаётган Суад сингари опа-сингилларимиз борлиги юрагимизни эзади.
Асар гарчи биографик усулда ёзилган бўлса-да, унда инсон қиёфаси, ички кечинмалари, психологияси ёрқин ифодаланган. Қаҳрамонлар ўртасидаги зиддият, кечинмалар табиати диалоглар воситасида очилган.
Айниқса, қаҳрамонлар фожиаси кишида чуқур қайғу, изтироб уйғотади. Қиссани ўқир экансиз, беихтиёр бир хулоса ҳаёлингизда гавдаланади. Фожиа – Суаднинг тириклай ёқиб юборилишида эмас. Зеро, Суаднинг туғилишидан тортиб, кўрган ҳар бир куни фожиа эди. Фақат қиз буни фожиа деб эмас, шунчаки ҳаёт шунақа бўлади, деб санарди. Қизнинг тириклай ёқиб юборилиши эса ана фожиани ташқарига чиқариб, оламга ошкор қилиш бўлди.
Қиссада одам боласининг нақадар пасткаш ва разил бўла олиши Фаёз мисолида, нақадар шафқатсиз бўла олиши отаси ва поччаси мисолида, ўз ўрнида нақадар ожиз бўлиши Суаднинг ўзи мисолида ўз исботини топади. Асарда яна шундай ўрин гавдаланганки, беихтиёр ишонгингиз келмайди: Суаднинг онаси кетма-кет туғилган қиз чақалоқларини ўзи ўлдиради… бу даҳшатни ўқиб, онанинг бундай қилишига асло ишонишни истамайсиз. Бироқ аёл яшаётган жамият шундай эди, бу жамият шу қадар шафқатсиз эдики, натижада онанинг ўзи ҳам қизларининг келажакда азоб ичра яшашига улар туғилган заҳотиёқ барҳам бериб қўйди. Бунга гувоҳ бўлган Суаднинг изтироблари эса фақат унинг ичида эди.
Суад қиз болага бўлган шафқатсиз муносабатдан турмушга чиқибгина қутулиш мумкин, деб ҳисобларди. Шу хаёлларининг таъсири ҳам сабаб бўлиб Фаёзга алданади. Болалик, ғўрлик қилган Суаднинг бирор нажоти, умиди қолмайди.
Мўъжиза туфайли тирик қолган Суад буларни хотирлар экан, орадан кўп йиллар ўтса-да у ерларга қайтиб боришдан ҳануз қўрқиб яшайди. Тақдир тақозоси билан тирик қолишига ва яшаб кетишига сабабчи бўлган Жаклин ҳам асарда алоҳида тилга олинади. Бу аёл образи билан дунёда яхши инсонлар ҳам борлиги, бошқаларга ҳеч қандай манфаатсиз, шунчаки, ёрдам бериш учун яшаётгани ва ишлаётганини кўриб кўнглингиз тоғдек кўтарилади.
Асарни бугунги ўзбек китобхони эътиборига албатта ҳавола этиш зарур деб ҳисоблаймиз. Бугун ёшлар орасида гўзал ва бахтли ҳаётнинг қадрига етмайдиган, уни суистеъмол қиладиганлари кўплаб учрайди. Балки, ёмон йўлларга кириб кетмаса-да ўта масъулиятсиз, ниҳоятда эрка-тантиқ авлод шаклланиб келаётгани ҳеч биримизга сир эмас. “Аланга ичидаги аёл” асари кишига ўзи яшаётган замон ва замин учун чексиз шукрона келтириш кераклигини эслатиб туради.
Бу асарни ўзбек китобхонлари эътиборига ҳавола қилган таржимон қизимиз икки миллат адабиёти ўртасида янги бир риштани улаб берди, десак муболаға бўлмайди. Зеро, таржимон икки миллат ўртасидаги шундай мустаҳкам кўприкки, унинг маҳорати билан асар бошқа тилда ҳам қанот чиқариб учиши мумкин. Нодирабегим Иброҳимова бу муҳим вазифани уддалабди. Сўзларнинг танланиши, ибораларнинг ишлатилиши, умуман, услуб жуда равон. Ўқиган одамни зериктирмайди, ғализ жумлалар билан китобхонга халақит бермайди ва аксинча, асар худди ўзбек тилида ёзилгандек таассурот қолдиради. Балки бунинг сабабларидан бири таржимон қизимизнинг ўзи ҳам ижодкор эканидир.
Асарни кенг китобхонлар оммаси эътиборига ҳавола қилиш мумкин. Асар инсонга муносабат, яшаётган кунга шукрона нуқтаи назаридан ниҳоятда долзарб. Илм олиб, ҳунар эгаллаб ўз мамлакати тараққиётига ҳисса қўша оладиган қанчадан-қанча фарзандларнинг аччиқ қисмат чангалида эзилиб йўқ бўлиб кетаётгани барчамизга сабоқ бўлиши керак.
Биз бу муҳим таржима билан, яхши иш билан таржимон қизимизни табриклаймиз. Ва албатта, ушбу хайрли ишнинг давомли бўлишини тилаймиз».

Тадбир сўнггида ёшлар янги китоб билан танишишди ҳамда ижодкорларга ўзларини қизиқтирган саволларини беришди.