Отабек Шукуров давлатимиз раҳбари назарига тушган ёшлардан. У бу эътироф ва эътиборга футбол майдони ва ундан ташқаридаги саъй-ҳаракатлари туфайли эришган.
…Отабекни отаси Ғайратбек Қаршидаги футбол мактабига ўқишга берганида тўққиз ёшда эди. Қарши шаҳрида ўтган бир мусобақада болакай «Машъал» футбол академияси мураббийлари эътиборига тушди. Шу тариқа у «Машъал» мактабида шуғуллана бошлади. 17 ёшида «Машъал»нинг ўринбосарлари сафига қабул қилинган Отабек орадан бир йил ўтиб, асосий таркибда майдонга тушди. 2015 йилда уни «Бунёдкор»га таклиф қилишди.
20 ёшига қадар Ўзбекистон ўсмирлар, ёшлар ва олимпия терма жамоаларида тўп суришга улгурган футболчи мамлакат миллий терма жамоасига ҳам жалб этилди. Орадан кўп ўтмай, Отабек Шукуров БААнинг «Шаржа» жамоаси таркибига қўшилди.
Ҳимоя, ярим ҳимоя ва ҳужум чизиғида бирдек фаол ҳаракатлана оладиган, ўзининг кучли зарбалари билан рақиб дарвозабонини шошириб қўядиган Отабек бугун «Шаржа»да ҳам, миллий термамизда ҳам ўта зарур ўйинчига айланган. «Шаржа» жорий йилда БАА миллий чемпионатида ғолиб бўлди. Осиё чемпионлар лигасида ҳам муносиб қатнашди. Бу ютуқларда ўзбек йигитининг сезиларли улуши бор, албатта.
Отабекнинг амирликларда кўрсатаётган ўйинлари яхши. Аммо унинг Ўзбекистон заминида амалга ошираётган ишлари ундан-да салмоқли.
Футболчи ўзи туғилиб ўсган Чироқчи туманидаги «Районобод» маҳалласида янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида «Sharjah» кўп тармоқли мажмуасини ишга туширган.
Бугун бу ерда овқатланиш мажмуаси, тренажёр зали, маиший-электротехника жиҳозлари, замонавий мебеллар дўкони, ўқув маркази ҳамда дорихона фаолият кўрсатаётир. Энг асосийси, 80 нафарга яқин киши доимий иш билан таъминланган.
Отабек Шукуров нафақат Чироқчида, балки Қарши шаҳрида ҳам эл маъмурчилигига ўз улушини қўшмоқда. У шаҳарнинг «Кунчиқар» маҳалласи ҳудудида 150 ўринли «CHEERFUL KIDS» (Қувноқ болалар) нодавлат мактабгача таълим муассасасини очган. Муассасага соҳанинг 37 йиллик фидойиси Роза Валиева мудиралик қилади. Роза опа ўз атрофига тажрибали тарбиячилар қаторида изланувчан, интилувчан ёшларни ҳам йиғди. Шу тариқа 30 нафарга яқин киши ишли бўлди.
– Отабекнинг Қаршида болалар боғчаси очмоқчи бўлганини эшитиб, очиғи, ўзимда йўқ суюниб кетдим, – дейди Роза Валиева. – Анча маблағ сарфлаб, замонавий боғча яратиш, ишчиларга доимий маош бериш осон эмас. Отабек билан суҳбатлашгач, англадимки, у эл-юртга нафи тегиши учун, болалар келажакда жамиятга керакли инсонлар бўлиб вояга етиши учун хайрли ташаббусни илгари сурган экан.
Отабек Шукуров тадбиркорлик фаолиятини, элга илму урфон улашишдек савобли ишларини, янги иш ўринлари яратишдек ўта фойдали тадбирларини эндигина бошлади. Унинг режалари кўп.
Ватанга хизмат қилишдек муқаддас туйғу билан зийнатланган Отабек Шукуровнинг ташаббускорлиги муносиб баҳоланди. У Президент Фармонига кўра, «Мард ўғлон» унвони билан тақдирланди.
Ният ва тилагимиз шуки, Отабекдек ҳақиқий миллатпарвар ёшлар кўпаяверсин!
Акмал АБДИЕВ,
«ISHONCH»
