Қурилиш ишлари назоратга олинди

845

«Ishonch» газетасининг шу йил 12 октябрдаги 127-сонида чоп этилган «Емаган сомса»га тўланаётган пул» сарлавҳали мақолага «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ инжиниринг компаниясининг Қорақалпоғис­тон филиали қуйидагича муносабат билдирди:

«Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ инжиниринг компанияси Қорақалпоғистон филиали (буюртмачи) В.Абдураматова ва бошқалар (якка тартибдаги қурувчи) билан 2020 йил дастури доирасида Тахиатош тумани, «Oрайлиқ» массивида 4 қаватли 24 хонали намунавий лойиҳадаги уй-жойни қуриш юзасидан «Уй-жойни қуришга буюртмачи функциясини амалга ошириш бўйича» шартнома тузилган ва қурилиш ишларини олиб боришга (тендер савдолари натижаси бўйича тавсия қилинган) 14-сонли келишув контрактига асосан бош пудратчи «City stroy kom» МЧЖ бириктирилган ва уй-жойнинг қурилиш ишлари мазкур келишув контракти имзоланганидан бошлаб 9 ойда якунланиши белгиланган. Мазкур келишув контракти шартларига асосан буюртмачи томонидан қурилиш ишлари учун аванс пуллари, жами 293.900.000 сўм пудратчи «City stroy kom» МЧЖга ўтказиб берилган.
Шунингдек, мазкур уй-жойнинг қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиши юзасидан тақдим қилган F-2,3 ҳисоб фактуралари бўйича бажарилган ишлар учун жами 2 629 778 005 сўм пул ­маблағлари ўтказиб берилган.
Аммо «City stroy kom» МЧЖ томонидан қурилиш ишлари суст олиб борилгани оқибатида бугунги кунда келишув контракти бекор қилиниб, бажарилмаган ишлар ҳажмини аниқлаш юзасидан қайта назорат-ўлчов ишлари олиб борилмоқда.
Ҳозир қурилиш ишлари тўхтаб қолмаслигининг ва уй эгалари эътирозлари кўпайишининг олдини олиш мақсадида ­бошқа субпуд­рат ташкилотларини жалб қилган ҳолда қурилиш ишларини 2 сменада олиб бориш ташкил қилиниб, жорий йилнинг ­ноябрь ойи охирига қадар қурилиш ишларини тўлиқ якунлаш ­бўйича чоралар белгиланган.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан мазкур муаммоли уй-жойнинг қурилиш ишларини ўрганиш мақсадида 2021 йил 7 октябрдаги № 9/6-901-сонли сўровига асосан «2020 йил дастурига кўра, Тахиатош тумани «Oрайлиқ» массивида қурилиши белгиланган 4 қаватли 24 хонали уй-жойнинг қурилиш ишлари олиб борилиши юзасидан тўпланган ҳужжатлар тақдим қилинган.
Мурожаат муаллифлари В.Абдураматова ва бошқаларга ҳамда Тахиатош тумани ҳокимлигига мазкур мақола бўйича 2021 йил 13 октябрь куни №-02-06/3-10/795 сонли хат орқали маълумот берилган.
Мақолада келтирилган муаммоли уй-жойнинг қурилиш ишлари юрасидан келгусида келишмовчиликлар ва норозиликлар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида филиал раҳбарияти томонидан қурилиш ишлари бажарилиши назоратга олинганини маълум қиламан.

«Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ
инжиниринг компанияси
Қорақалпоғистон
филиали директори А.Матиков