Мактабгача таълим тизими ходимларининг маоши ошадими? 

421

Очиқ мулоқот

Вазир ўринбосари очиқ мулоқотда бу саволга жавоб берди

 Бугун Мактабгача таълим вазирлиги биносида ОАВ вакиллари учун «Мактабгача таълим соҳасидаги ислоҳотлар самараси 4 йил ичида» мавзусида очиқ мулоқот ҳамда 9-декабрь – “Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни” муносабати билан “Очиқ эшиклар куни” ташкил  этилди.

Тадбирда журналистлар, блогерлар ва вазирлик мутасаддилари иштирок этишди. Дастлаб мактабгача таълим соҳасида 2017-2021 йиллар давомида амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳага киритилган инновацион педагогик технологиялар, қамровни ошириш юзасидан олиб борилаётган ишлар, нодавлат секторнинг улуши, бир йиллик мажбурий мактабгача тайёрловнинг мақсади ва натижадорлиги ҳақида оммавий ахборот воситаларига баёнот  берилди.

Унда айтилишича, Ўзбекистонда 35 млн. аҳоли истиқомат қилиб, шундан 2,8 млн.ни 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар ташкил этади. Бунда аҳолининг йиллик ўсиши 800 минг болага тўғри келади. Ҳозирги кунда  мамлакатимизда 3-7 ёшдаги болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 3-7 ёшли болаларнинг 64,9 фоизи мактабгача таълим билан қамраб олинган. Шу билан бирга 2021 йил 3 чорак якунига кўра юртимизда
24 922 тамактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. Ваҳолангки, 2017 йилда уларнинг сони 5 211 та бўлиб, қамров эса 27,7 фоизни ташкил этган.

 

Тадбирда мактабгача таълим ташкилотларида учраётган коррупцион ҳолатлар ҳақида ҳам  сўз борди.  Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими 2019 йилда тизимда 91 нафар, 2020 йилда эса 70 нафар мансабдор шахслар жиноий жавобгарликка тортилганини айтиб ўтди. Муҳокамалар ниҳоятда қизғин тус олди. Журналист ва блогерлар тизимда учраётган муаммолар ҳақида сўраганида, мутасаддилар имкон қадар очиқ жавоб беришга ҳаракат қилишди.

Шунда “Ишонч” газетаси мухбири тизимда ишчи ходимларнинг маоши камлиги, бу жиҳат ҳам коррупцион ҳолатларнинг юзага келишига бир омил бўлаётганини таъкидлаб, “Вазирлик юқори органларга  мактабгача таълим ташкилотида ишлаётган ходимларнинг маошини ошириш масаласида таклифлар билан чиқдими? Яқин келажакда бу борада ижобий ўзгариш бўладими?” деган савол билан мурожаат қилди.

Шунда Мактабгача таълим вазири ўринбосари Нодир Муслитдинов қуйидагича жавоб берди:

–Биз тизимдаги ишчи ходимларнинг маоши камлигини яхши биламиз.  Бир неча бор молия вазирлиги ва юқори ташкилотларга ходимларнинг маошини ошириш ҳақида таклиф ҳам киритганмиз. Аммо шу пайтгача улардан рухсат бўлмаган. Тўғри тушунинглар, бу фақат бизнинг вазирликка миқёсида ҳал этиладиган масала эмас. Шу боис  ҳозирги пайтда ҳам ойлик маошни ошириш ҳақида уч хил усулдаги лойиҳани тақдим этганмиз. Аммо унинг қайси бири маъқул бўлиши бизга ҳам қоронғу. Лекин биз аллақачон ўз таклифларимизни берганмиз.

Эҳтимол, 2022 йилда бу борада ижобий янгилик бўлиб қолар. Ҳозирча шунга умид қиламиз.

 

Зебо НАМОЗОВА,

“ISHONCH”