Лудоманиэ пидемияси қанча-қанча умрнинг заволига айланмоқда?

1019

Лудомания – ўйинларга қарамлик демак. Унга кўра, кўпинча буюм ёки пул тикиладиган ҳамда ортиқ даражада қизиқиш уйғотадиган қимор ўйинларига муккасидан кетган киши реал ҳаётни ва ўзлигини унутиб қўяди. Охир-оқибат жамиятда ва оилада ўрнини йўқотади, касб-коридан айрилади.

Сўнгги пайтлар дунёда пулли автомат ўйинлар, казино ва букмекерлик идоралари кўпайгани боис лудоман-беморлар сони ҳам ошди. Ғолиблик ҳам, мағлублик ҳам уларда бирдек мотивация уйғотиб, ўйинда қайта-қайта қатнашишга ундамоқда.
1970 йили Англияда қимор ўйинларига қизиқиш ўта авжига чиқади. Бу ҳолат «лудомания эпидемияси» деб баҳоланди. Гўё барча одамлар ўз вақтини пулли ўйинларга бағишлагандек, кинотеатрлар бўм-бўш бўлиб қолди.
Лудоман назоратни батамом йўқотади, фикру ёди ўйинда бўлади. Ўйнаётганида ўзини эркин ҳис қилади, реал ҳаётга қайтса, масалан, ўйинни тўхтатиб, овқатланишга ўтирса, безовталана бошлайди. Боши оғрийди, уйқуси бузилади, иштаҳаси бўғилади, кайфияти тушади, диққатини жамлай олмайди.
Кимошди савдоси лудоманлар учун қалтис жараён. Иштирокчилар оғзига сиққанини айтгани сайин бу касалликка чалинган киши илҳомланаверади ва нархни баландлатишда давом этаверади. Айниқса, ёшлар унинг мухлисига айлангани сайин кўпроқ ўйнашга интиладилар. Дўстлари билан суҳбатда ҳам фақат шу хусусда сўз юритадилар. Агар ота-оналари ўйиндан чекласа, тақиқлар қўйса, қайсарлиги тутиб, асабий бўлиб қолишади.
Ўйинларга ҳаддан зиёд ружу қўйиш ҳам, ундан тўсатдан буткул айрилиш ҳам боланинг асаб тизимига фожиали таъсир кўрсатади. Шундай экан, уни ўз ҳолига ташлаб қўймаган ҳолда ўша ўйинлардан аста-секин ва самарали усуллар ёрдамида ажратиш керак. Бунда психотерапевт тавсия­лари асқатади.
Албатта, мутахассис учун ушбу тоифадаги мижоз билан ишлаш анча мушкул. Чунки унинг бемори кўп ёлғон гапиради, руҳиятида рўй бераётган безовталик­ларни ошкор қилгиси келмайди. Ўзини психолог ёрдамига ва муолажаларга муҳтож деб ҳисобламайди, аксинча, пала-партиш ҳаёт кечиришни афзал кўради.
Лудомания иссиғида даволанмаса, бемор жиноятчига айланади. Чунки хаёли эртаю кеч ўйинда бўлгани сабабли меҳнат унумдорлиги пасаяди. Даромади ҳам шунга яраша камаяди. У қўлида бор маблағини сарфлаб тугатгач, ўғрилик, безорилик, талон-тарож қилиш каби қинғир йўллар билан пул топиш пайида бўлади. Қўлга киритганини дарҳол ўйинга тикади. Хуллас, у учун ўйин сув ва ҳаводек зарур бўлиб, ҳаёт-мамот масаласига айланиб қолади.
Қимор ўйинларига ­ ишқибоз­лик асосан эркакларда кузатилади. Борди-ю, аёл киши ҳам унга йўлиқса, анча хунук оқибатларга дучор бўлади. Ўйиндаги мағлубиятдан кейин эркак киши ичкиликбозликдан нажот кутади. Бироқ бу муаммога ечим бўлолмай, вазиятни баттар мураккаблаштиради. Аёллар эса бундай омадсизликдан сўнг кучли депрессияга тушадилар.
Умуман олганда, хоҳ аёл, хоҳ эркак бўлсин, ўйинга ўта берилиб кетишнинг сабаби ўз ҳаётидан норозиликка, мавжуд муаммоларга нисбатан бетоқатликка, масалалар ечими олдидаги ночорликка бориб тақалади. Улар кундалик ташвишлардан бир оз чалғиш учун ўйинга ружу ­қўйишади, бора-бора унинг домига илинганларини сезмай қолишади.
Оиладаги носоғлом муҳит, нотўғри тарбия; ота-онанинг азарт ўйинлар билан бандлигига гувоҳ бўлиш; болаликдан домино, қарта, монополия туридаги ўйинларни кўп ўйнаш; пулга нисбатан нотўғри муносабат, молиявий масалаларга юқори эътибор қаратиш; бой қариндош ёки танишларга боқимандалик; депрессия таваккалчиликка асосланган ўйинларга қарамликни келтириб чиқарувчи асосий омил ҳисобланади.
Энг муҳими, лудоманни кечиктирмай даволаш шарт. Акс ҳолда, у «зомби»га айланади. Бу босқичда эса уни нотўғри йўлдан қайтариш жуда қийин.
Лудоманиянинг яна бир оғир асорати – ўз жонига қасд қилиш. Мағлуб бўлган ўйинчи ҳаётдан тамоман тўйиб кетади ёхуд бадал учун пули қолмаса, ўлим у учун энг осон ечимга айланиб қолади.
Қисқаси, огоҳ бўлинг, ўзингизда ёки фарзандингизда лудомания унсурларини сезсангиз, дарҳол психотерапевтга мурожаат қилинг!

Дурдона АЛИМОВА