Терминали йўқ пластик карта кимга керак?

1091

Пойтахтимиздаги деярли барча ташкилотларда ходимлар учун банкларда пластик карта очтиришади. Бизнинг ташкилотдагилар ҳам плас­тик карта олиш учун «Ипотека банк»нинг Тошкент шаҳар филиали амалиёт бошқармасига боришди. Улар қўлимизга ўз аризалари шаклини тутқазиб, тўлдириб беришимизни сўрашди. Аризада «Uzcard» ва «HUMO» ёзувлари бор, мижоз хоҳлаганини белгилаши мумкин эди. Аммо банкдагилар унга эътибор бермай, «Uzcard»ни белгилаганларга ҳам негадир «HUMO» пластик картасини тиқиштираверишди. Талаб қилганларга «Бизда фақат «HUMO» бор» дея кўзини лўқ қилиб тураверишди. Ноилож борига шукур қилиб, пластик картани олдик. Ана шундан сўнг машмашанинг каттаси бошланди.

«HUMO» плас­тик картаси терминали ноёб. Айрим катта дўконларни айтмаганда, бу пластикни ишлатолмайсиз. Ҳатто коммунал тўловлар шохобчаларига борсангиз ҳам у ердагилар сиздан фақат «Uzcard»ни сўрашади. Чунки «HUMO»нинг терминали йўқ! Устига-устак, банкоматлар ҳам тақчил. Қўлингиздаги «HUMO» пластик картасини ишлатолмагач, банк ходимларини бисотингизда бор энг «чиройли» сўзлар билан роса «сийлайсиз». Аммо фойдаси йўқ.
Яқинда «Ўрикзор савдо комплекси»га бордим. Дўконларнинг бирортасида иримига бўлса ҳам «HUMO» пластик картаси терминалини учратмадим. Сотувчилардан сўрасам, «Опажон, бизга фақат «Uzcard» терминали бор, дейишди.
Савдо мажмуаси ўртасидаги бир дўкон пешлавҳасига «Оптовая цена терминал» (Давлат тилига ҳурматни қаранг!) деб ёзиб қўйилган экан. Хайрият, терминалга савдо қиладиган жой бор экан, дея банан олмоқчи бўлиб, пластик картамни сотувчи йигитга узатдим. У эса, «Узр опажон, бизда бунинг терминали йўқ. «Uzcard»ингиз бўлса, беринг», деди.
Савдо мажмуасидан ўзим хоҳлаган маҳсулотларни ололмай қайтдим. Аксига олгандай, ён-атрофда банкомат деган нарса ҳам кўринмади.
Таажжуб, «HUMO» пластик картаси чиқарилиб, мижозларга тарқатилар экан, савдо дўконлари терминал билан таъминлаб ҳам қўйилмайдими? Бу ишни ким ва қачон назоратга олади?