Ўзбекистон ва Беларус мусулмонлари диний идораларининг  видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди

81

Диний бағрикенглик ғояси нафақат диндорларнинг, балки жамият аъзоларининг ҳам эзгулик йўлида ҳамкорлигини назарда тутиб, тинчлик ва барқарорликнинг муҳим шартидир. Ўзбекистоннинг диний соҳадаги янги сиёсати мамлакатимиз кенг жамоатчилигида ҳам ижобий акс эттирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ислом қадриятлари ва мусулмон маданиятини асрашимиз кераклигини таъкидлади. Ислом тинчлик, маърифат ва маънавий бойликни тарғиб қилувчи диндир. Қадимги Ўзбекистон, яъни Моварауннаҳр диёри ислом оламининг юксак маданияти ва цивилизатсияси ривожига унутилмас ҳисса қўшган аллома ва мутафаккирлар диёри. Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Абу Райҳон Беруний, ал-Хоразмий, Имом ал-Мотуридий каби буюк мутафаккирлар, муҳаддислар, аллома ва илоҳиётчиларнинг номлари нафақат мусулмон мамлакатларига, балки бутун дунёга машҳур.

2018-йил 16-апрелда мамлакатимизда “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Ушбу ҳужжат аждодларимиздан мерос бўлиб қолган кўп асрлик миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, мамлакатимизда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашга қаратилган.

Жорий йилда Олий Мажлис Сенати халқаро экспертлар иштирокида шакллантирилган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини маъқуллади. Бугунги кунда Ўзбекистонда 16 та диний конфессияга мансуб 2238 та диний ташкилот фаолият кўрсатмоқда. Республикада 2100 дан ортиқ масжидлар фаолият юритади. Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси марказининг асосий мақсадлари ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш билан бирга миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик ҳамда цивилизатциялар ўртасидаги мулоқотни ривожлантиришдан иборат.

Мазкур вазифалар доирасида жорий йилнинг 16 декабрь куни Марказда Ўзбекистон ва Беларус мусулмонлари диний идоралари вакилларининг онлайн учрашуви ташкил этилиб, унда икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Имом Мотуридий илмий-тадқиқот маркази, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, Фанлар академияси Тилшунослик институти ва Беларус халқаро жамоат палатаси, шунингдек, Ўзбекистоннинг Минскдаги элчихонаси вакиллари мазкур тадбирда фаол иштирок этишди.

Тадбирни Халқ дипломатияси маркази директори Қобулжон Сабиров кириш сўзи билан очар экан, беларуслик ҳамкасбларини сўнгги йилларда мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништирди.

Шу билан бирга, Марказ раҳбари Ўзбекистон билан Беларус ўртасидаги муносабатлар барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Очиқ, дўстона ва конструктив руҳда ўтган олий даражадаги самарали музокаралар томонларнинг ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга интилишининг ёрқин намунаси бўлиб, ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун янги уфқларни очиш имконини беради. Динлараро мулоқотни ривожлантиришда халқ дипломатиясининг ўрни ҳақида маълумот берди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов Ўзбекистон ҳукуматининг турли миллат ва конфессия вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган изчил сиёсати халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланаётгани ҳақида гапирди. Шунингдек, диний экстремизмни қўзғатувчи унсурлар фаолиятининг олдини олиш бўйича Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар билан таништирди.

Беларус Республикаси мусулмонлари диний бирлашмаси раиси, муфтий Абу-Бекир Шабанович Ўзбекистонда динлараро ва конфессиялараро тотувликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳолади. У Беларус заминида мусулмон динининг шаклланиш тарихи ҳақида батафсил тўхталиб, хусусан, республикада 12 та масжид қурилгани, улардан асосийси Минск собори масжиди эканлигини таъкидлади. Мамлакатнинг 9 миллион аҳолиси орасида мусулмон маданиятига мансуб 30 дан ортиқ миллат вакиллари бор. Ассоцациянинг халқаро алоқалари, Россия (Москва, Чеченистон ва Татаристон), Туркия, Қирғизистон ва Қозоғистон маънавият идоралари билан ўзаро алоқалари ҳақида сўз юритилди. Ўзбекистон ва Туркманистон мусулмонлари диний идоралари ўртасида ҳамкорлик бошлангани мамнуният билан қайд этилди. Беларус диний бирлашмаси раҳбари ўзбекистонлик ҳамкасбларини мақолаларни таржима қилиш, замонавий исломнинг долзарб масалаларига бағишланган китоблар нашр этиш, ислом дини соҳасидаги кадрлар малакасини ошириш орқали икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштиришга чақирди. Шунингдек, 2022 йил сентабр-октябр ойларида Беларус олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ўртасида тарбиявий ишларни олиб бориш, улар учун исломшунослик бўйича Ўзбекистонлик мутахассислар (1-2 киши) иштирокида алоҳида курслар ташкил этиш таклиф этилди.

Тадбир мазмунли ва фойдали кечди.

 

З. Намозова