«Менинг Президентим» ижодий ишлар танловининг ҳудудий босқичи беллашувлари
Ўзингиз кўряпсиз, дунёда ўқиган, замонавий илм ва ҳунарларни пухта эгаллаган, ёш авлодини айни шу руҳда тарбиялаган халқлар, давлатлар жадал ривожланмоқда.
Ўзбекистон ёшлари ҳам ана шундай юксак даражаларга кўтарилиши учун биз албатта барча имкониятларни ишга соламиз.
Шавкат Мирзиёев
Хабарингиз бор, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида умумтаълим мактабларининг 10-11-синф ўқувчилари ўртасида «Менинг Президентим» ижодий ишлар танловини ўтказиш бўйича қўшма қарор қабул қилинган эди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ривожланиш жараёнлари ва келажакка дахлдорлик ҳиссини шакллантириш мақсадида ташкил этилган танловнинг биринчи босқичида 9 894 та умумтаълим мактабидан 591 927 нафар ўқувчи қатнашиб, ғолиб бўлган 9 872 нафар иштирокчи туман (шаҳар) босқичига йўлланма олди. Ушбу босқич натижаларига кўра, 207 нафар ўқувчи ҳудудий босқичда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Танловнинг ҳудудий босқичида иштирокчилар «Янги Ўзбекистон – янги имкониятлар» мавзусида тақдимот тайёрлаб, билимларини намойиш этишди. Қуйида танловнинг ҳудудий босқич жараёнлари билан танишасиз..
Истиқбол йўли
Пойтахтимизнинг Янгиҳаёт туманидаги 329-умумтаълим мактабида «Менинг Президентим» танловининг Тошкент шаҳар босқичи ўтказилди.
– Ушбу танлов амалга оширилаётган ислоҳотларни теран идрок этиш, бу ҳақда мулоҳаза юритиш, Ватанимиз тақдири, эртанги куни ва истиқболига дахлдорлик туйғусини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга, – дейди Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Тошкент шаҳар кенгаши раиси Абдухалил Раҳмонов. – Шунингдек, ўқувчиларда ностандарт фикрлаш, нотиқлик, ўз фикрини ижодкорона етказиб бера олиш кўникмалари ривожида ҳам муҳим роль ўйнайди.
Туман босқичида ғолиб бўлган ўқувчилар мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилган ўзгаришлар ёритилган тақдимотларини ўзига хос тарзда намойиш этишди. Натижада, Низом талабларига жавоб бера оладиган ғолиблар аниқланди.
– Ватаним келажаги – мен ва оилам келажаги. Унга муносиб бўлиб, камол топиш ёш авлод сифатида ҳар биримизнинг бурчимиздир, – дейди танловнинг республика босқичида иштирок этиш учун йўлланма олган Мирзо Улуғбек туманидаги 256-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Нодира Якубова. – Мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ва шароитлар эртанги кунда ҳар биримиз юртимиз равнақи учун ўз ҳиссамизни қўшишимизга замин ҳозирлайди. Фурсатдан фойдаланиб, устозларим, билим ва қобилиятимизни оширишимизга алоҳида эътибор қаратаётган Президентимизга ўз миннатдорлигимни билдираман. Ўтказилаётган ижодий танловлар бизга илм-фан чўққиларини эгаллашимиз учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилишига ишонаман.
Танлов якунида ғолибларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Шаҳло АБДУРАҲМОНОВА,
«Ishonch»
Муносиблар сараланди
«Менинг Президентим» кўрик-танловининг Наманган вилояти босқичи «Янги Ўзбекистон» ёшлар зиё маскани ахборот кутубхона марказида ўзгача руҳда кечди. Унда шаҳар ва туман босқичида муносиб иштирок этган 14 нафар иқтидорли ўқувчи ўз иқтидорини яна бир бор синовдан ўтказиб олди.
– Танловнинг дастлабки босқичларида ўқувчилар ўзлари ёзган эссе, иншолари орқали беш йил давомида амалга оширилган бунёдкорлик ишларини акс эттиришди, – дейди Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Наманган вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Лутфиддин Ғаниев. – Халқлар ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини ўз иншоларида очиб беришга ҳаракат қилган энг иқтидорли ўқувчилар саралаб олинди.
Ҳакамлар ҳайъатининг қарорига биноан Янгиқўрғон туманидаги 50-умумтаълим мактаби ўқувчиси Аҳаджон Охунов, Чуст туманидаги 13-умумтаълим мактаби ўқувчиси Гулёра Мамажонова ҳамда Уйчи туманидаги 5-умумтаълим мактаби ўқувчиси Камола Аҳмаджоновалар танловнинг республика босқичида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритишди.
– Ғолибликни қўлга киритиб, устозларимнинг ишончини оқлаганимдан беҳад шодман, – дейди биринчи ўрин соҳиби Аҳаджон Охунов. – Кези келганда юз бераётган ижобий ўзгаришлар, халқимизнинг фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, олиб борилаётган одилона сиёсатни баён қилишнинг ўзи мен учун катта шараф эканлигини алоҳида таъкидлашни истардим.
Вилоят босқичида ғолиб ёшларимиз Республика босқичида ҳам пешқадамлик учун астойдил ҳаракат қилишларига ишонамиз.
Орзугул Рустамова,
«ISHONCH»
Ислоҳотлар кўлами ўқувчилар нигоҳида
Термиз шаҳридаги 26-умумтаълим мактабида «Менинг Президентим» танловининг Сурхондарё вилояти босқичи бўлиб ўтди. Унда 15 нафар ўқувчи беллашди.
Иштирокчилар сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотларни ўзлари яшаб турган маҳалла, тумандаги ўзгаришлар мисолида тақдимот қилишди. Жумладан, Бандихон туманидаги 7-ИМИнинг 11-синф ўқувчиси Хайринисо Улуғназарова тайёрлаган слайдни барча мамнуният билан кутиб олди. Бунинг сабаби, ҳудуддаги ислоҳотлар кўлами кенг очиб берилган. Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилганларга кўрсатилаётган беминнат ёрдамлар, аҳолининг бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар аниқ мисолларда ўз аксини топган.
Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, Хайринисо Улуғназарова 1-, Узун туманидаги 2-умумтаълим мактаби 10-синф ўқувчиси Ф.Абдусамадова 2-, Қизириқ туманидаги 42-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Д.Турдимуродова 3-ўринга муносиб деб топилди.
Ғолиблар фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Э.КЕНЖАЕВ,
Сурхондарё вилояти халқ таълими бошқармаси
бошлиғининг биринчи ўринбосари
Китоб ўқишнинг хосияти кўп
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгашида «Менинг Президентим» ижодий ишлар танловининг ҳудудий босқичи ўз ниҳоясига етди.
Қайд этиш жоизки, танловда жами 74 минг 17 нафар ўқувчи иштирок этиб, шундан 919 нафари туман, шаҳар босқичига йўлланма олган эди. Шулардан 19 нафари вилоят босқичига етиб келди.
Танлов иштирокчилари мавзу юзасидан тайёрлаган тақдимотлари орқали давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ўзгариш ва янгиланишларни кўрсатиб беришга ҳаракат қилишди.
– Мазкур танлов бошқа танловлардан фарқли ўлароқ барча жараёнлар «Youtube» тармоғи орқали онлайн намойиш этилди. Шу тариқа бевосита кузатиб бориш учун устозлар, ота-оналарга ҳам алоҳида шароит яратиб берилди. Бу, ўз навбатида, танловнинг адолатли ва шаффоф бўлиши таъминланди, – дейди ҳакамлар ҳайъати аъзоси Ҳуснияхон Шерматова.
– Тақдимотларни кўриб, эртамиз эгалари ишончли қўлларда эканига амин бўлдим, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши раиси ўринбосари Орзигул Қозихонова. – Бугунги ислоҳотлар шу даражада очиб берилдики, иштирокчилар қобилиятига тасанно айтдим. Танлов кўплаб умидли ёшларни кашф этди.
Ҳакамлар ҳайъатининг қарорига кўра, 1-ўрин Сўх туманидаги 2-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Асадбек Султонбоевга, 2-ўрин Ўзбекистон туманидаги 65-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Мадинахон Камолиддиновага, 3-ўрин эса Фурқат туманидаги 34-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Рухшонахон Рустамовага насиб этди.
– Ғолиб бўлганимдан жуда хурсандман, – дейди Асадбек Султонбоев. – Одам ўз устида қанча кўп ишласа, тинимсиз китоб ўқиса, албатта натижаси бўлар экан.
Танлов ғолиблари ва фаол иштирок этган ўқувчилар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Жамшид ЭРГАШЕВ,
«ISHONCH»



