Зарур чоралар кўрилмоқда

1045

«Соатли бомба» мақоласи ўрнатилган тартибда кўриб чиқилди. Газета таҳририятининг ушбу мавзуга эътибор қаратиши оммавий ахборот воситаларининг мамлакатимизда жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги фаолияти тобора такомиллашиб бораётганидан далолат беради.

Президентимизнинг 2019 йил 11 сентабрдаги «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва ­институционал тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига асосан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиришни амалга оширувчи ваколатли давлат органи сифатида Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги белгиланган.
Шунингдек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2021 йил 19 январь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг видеоселектор тарзида ўтказилган мажлиси баёнидаги топшириқлардан келиб чиқиб, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Миллий телерадиокомпания, «Ўзбеккино» миллий агентлиги (ҳозирги Кинематография агентлиги), Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциа­цияси, Маънавият ва маърифат маркази, Журналистлар ижодий уюшмаси, Ёзувчилар уюшмаси, «Ўзбекконцерт» давлат муассасасининг 2021 йил март ойидаги қўшма қарори билан «Телерадиоканалнинг Бадиий кенгаши ҳақидаги Намунавий низом» тасдиқланди. Ушбу Низомда Бадиий кенгашлар телерадиоканалнинг ижтимоий-сиёсий, ахборот-информацион, маънавий-маърифий, кўнгилочар, ток-шоу, мусиқий, ижодий телерадиодастурлар, кўрсатув ва эшиттиришлар, реклама ва эълонлар, кинофильм, сериал ва спектаклларни кўриб чиқиш, саралаш, эфирга узатиш масалалари бўйича хулоса, тавсия ва таклифлар бериш ҳамда қонунга зид ҳолатларда уларнинг эълон қилинишини чеклаш ваколатига эга бўлган доимий фаолият кўрсатувчи коллегиал орган этиб белгиланган.
«Соатли бомба» мақоласида билдирилган таклиф ва мулоҳазалардан келиб чиқиб, ҳозирги кунда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан нодавлат телерадиоканаллар билан ҳамкорликда уларнинг Бадиий кенгашлари таркибини малакали ва тажрибали мутахассислар билан мустаҳкамлаш ва иш режаларини такомиллаштириш, айниқса, Бадиий кенгаш ёрдамида эфирга узатилаётган медиа маҳсулотлар, хусусан, реклама материалларига бўлган талабни кучайтириш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Шу билан бирга, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ўз ваколати доирасида оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, телеканалларда эълон қилинаётган ­реклама материалларининг мамлакатимиз қонунчилигига мувофиқлиги юзасидан мунтазам равишда мониторинг ишларини амалга ошириб, аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича ўратилган тартибда тегишли чоралар кўриб келаётгани маълум қилинади.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар
агентлиги директорининг
биринчи ўринбосари Д.САИДЖОНОВ