Меҳнат муносабатларидаги муҳим масалалар

1057

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларни муҳокама қилиш учун очиқ мулоқот ва жамоатчилик эшитуви шаклида «Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар» мавзусида онлайн давра суҳбати ўтказди.

Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Ўзбекистон Иш берувчилари конфедерацияси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича 2020-2022 йиллар учун имзоланган Бош келишувнинг 68-банди ҳамда «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонуннинг 41-моддасига асосан ташкил этилган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар ва идоралар вакиллари, касаба уюшмалари фаоллари иштирок этди.
Давра суҳбатида Президентимиз ташаббуси билан ижтимоий-иқтисодий соҳада кўплаб муҳим ўзгаришлар рўй бераётгани алоҳида таъкидланди. Жумладан, сўнгги йилларда Халқаро меҳнат ташкилотининг 4 та конвенция­­си ва 1 та баёни амалиётга имплементация қилингани, янги таҳрирдаги «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун амалиётга жорий этилгани давлат ва жамиятни ривожлантиришдаги долзарб вазифалар ечимини топишда касаба уюшмаларининг ролини кучайтирди. Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида ҳам ижтимоий соҳадаги қатор масалалар ўз ечимини топди. Хусусан, коронавирус пандемияси давом этиб турган даврда касаба уюшмалари 5 миллион нафардан ортиқ турли касб эгаларининг меҳнат муҳофазасини таъминлаш ва меҳнатга оид ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан бирга, 100 минглаб кам таъминланган оилалар муаммоларини аниқлаб, уларга амалий ёрдамлар кўрсатди. Шунингдек, якунига етаётган йил давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­­си томонидан ижтимоий-меҳнат муносабатларига тааллуқли 50 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан таклифлар киритилди.
Рақамларга мурожаат этсак, 2021 йил давомида касаба уюшмалари органларига жисмоний ва юридик шахс­лардан келиб тушган 4,5 мингдан ортиқ мурожаат кўриб чиқилиши натижасида 3 мингга яқин шахснинг ҳуқуқлари тикланиб, етказилган зарар учун ходимлар фойдасига 2 млрд. сўмдан ортиқ маблағ ундириб берилишига эришилганини кўрамиз. Яна бир муҳим жиҳат, жорий йилда Халқаро меҳнат ташкилотининг Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмак­лашиш асослари тўғрисидаги 187-Конвенция­­си ратификация қилинди.
Бош келишувдан келиб чиққан ҳолда мамлакат миқёсида амал қилаётган тармоқ ва ҳудудий келишувлар, корхона, ташкилот ва муассасаларда тузилган жамоа шартномалари ижросини таъминлаш, уларнинг мазмун-моҳиятини давр талаби асосида зарур тадбирлар билан бойитиш, ижтимоий таркибини кенгайтириш орқали турли тармоқларда меҳнат қилаётган ходимларга қулай меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳозир амал қилаётган 14 та ҳудудий келишув, 105 та тармоқ, 14 та ҳудудий тармоқ, 340 та туман миқёсидаги тармоқ келишувлари, 109 мингдан ортиқ жамоа шартномалари меҳнат муносабатларини самарали тартибга солиш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, ходимлар учун кўплаб имтиёз ва кафолатлар яратиб беришга хизмат қилмоқда ҳамда меҳнат ­жамоаларидаги барқарорликни сақлаб қолишга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Давра суҳбатида меҳнаткашларнинг кенг қатламлари томонидан анча йиллардан бери кўтариб келинаётган қатор муаммолар ­сўнгги йилларда ўз ечимини топаётгани алоҳида таъкид­ланди. Тадбиркорлик фаолиятини эркинлаштириш мақсадида 16 та қонун, 100 дан зиёд қарор қабул қилингани, ўтган бир йил давомида лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилиб, уларни бериш муддатлари қисқартирилгани, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида барча текширувлар учун мораторий ­эълон қилингани ушбу фикрга ёрқин далил эканлиги қайд этилди.
Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, ўзини-ўзи иш билан банд қилган аҳоли учун қулай ­шароитлар яратилганлиги натижасида бир йилда 1 миллион нафарга яқин фуқаро рўйхатдан ўтиб, фаолиятини қонуний асосда йўлга қўйишга муваффақ бўлди. Иқтисодиёт тармоқларининг ривожланиши натижасида аҳолининг реал ялпи даромади 2016 йилга нисбатан 28 фоизга ўсди. Бугунги кунда номинал ҳисоб­ланган ўртача ойлик иш ҳақи 2,7 миллион сўмни ташкил қилиб, 2016 йилга нисбатан 2,1 баробарга оширилди.
Охирги йилларда мамлакатимизда аҳоли ижтимоий ҳимоясини кучайтириш соҳасида салмоқли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг ўзига хос янги тизими яратилди. Яъни, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари», «маҳаллабай» ишлаш усуллари амалиётга жорий этилиб, ижтимоий ҳимояталаб оилалар турмуши даражасини ошириш мақсадида салмоқли амалий ёрдамлар кўрсатилди. Шунинг­дек, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ишлаб чиқилиб, умумхалқ муҳокамасидан ўтказилди. Ислоҳотларнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида ушбу муҳим концептуал ҳужжатда «Ҳаракатлар стратегия­сидан – Тараққиёт стратегияси сари» тамойили асосий ғоя ва бош мезон сифатида кун тартибига қўйилди. Бундан ташқари, Халқаро меҳнат ташкилотининг «Юз йиллик ташаббуси»га киритилган «барча учун ижтимоий ҳимоя» тамойилидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоянинг Миллий стратегияси ишлаб чиқилди.
Давра суҳбатида меҳнат соҳасида келгуси йилда амалга оширилиши кўзда тутилган қатор ижобий ўзгариш­лар тўғрисида ҳам ахборот берилди. Долзарб масалаларни ҳамкорликда ҳал этиш борасида ташкилий чора-тадбирлар кўрилиши мақсадга мувофиқ эканлиги келишиб олинди.

Муҳаббат ЎРМОНБЕКОВА,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари