ЎНГ ҚЎЛИНГ БЕРГАНИНИ ЧАП ҚЎЛИНГ БИЛМАСИН

1590

Избоскан туманининг «Оқолтин» маҳалласидаги масжидга борадиган 200 метрлик йўл четларига чироқлар ўрнатилдию, одамларнинг мушкули осонлашди. Лекин, ажабланарлиси, бу савобли ишни ким қилганини ҳеч ким билмади.

Мен эса уни яхши танийман, фақат «Ака, яхшиси, ҳеч ким билмай қўя қолсин», дегани боис бошқаларга айтмайман. Айни чоғда, тиниб-тинчимас тадбиркор қўшним гузаримизга ариқ тортиб келганини кўриб, дилим яйрайди. Эндиликда у кўчамизга чиқиндилар вақтинча сақланадиган контейнер ўрнатиш ниятида.
Яқинда Андижон туманида ҳам шундай саховатпеша ака-укалар борлигидан хабар топдим.
– Бундан 3 йил аввал узунлиги 750 метрга тенг Боғибеҳишт деб аталадиган кўчамизни ёзда чанг, қишда лой босиб ётарди, – ­дейди тумандаги Хортум қишлоғининг «Ўрикзор» маҳалласида яшовчи отахон Шерали Иброҳимов. – Салгина ёғингарчилик бўлса, юришга ниҳоятда қийналардик. Бу ҳолга шу ерда яшовчи ака-ука тадбиркор-қурувчилар бефарқ қараб туришолмади. Азаматлар ўз маблағлари ҳисобидан олдин йўлга бетон қопламалар ётқизишди, сўнгра устини текис-равон қилиб асфальт­лашди.
– Ҳа, ака-укаларнинг ҳимматига балли! – дея қўшнисининг гапини маъқуллайди 73 ёшли Исроилжон Раҳимов. – Шахсан гувоҳман, улар фақатгина цементнинг ўзидан 100 тоннадан зиёд сарфлашди. Ўша кунлари усталар чет эл техникасида бетон қориб, узлуксиз меҳнат қилишди. Биз «Ҳеч бўлмаганда, тушликка иссиқ овқат тайёрлаб берайлик!» десак, ака-­укалар кўнишмади. Ҳаммасини ўзлари муҳайё қилишди.
Меҳр-мурувватли оға-инилар фақатгина шу билан кифояланмай, маҳалла масжиди ва қабристонини ободонлаштиришга ҳам ҳомийлик қилишяпти. Уларнинг етакчилигидаги 200 дан зиёд қурувчиларнинг қарийб 70 нафари Хортум ­қишлоғидан.
– Халқимиз «Ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин», деган пурмаъно ҳикматни бежиз ­айтмаган, – дея суҳбатга қўшилади маҳалла фаоли Козимжон Алиев. – Бу ака-укалар қўл урган савобли ишлар санаб адоғига етолмайдиган даражада кўп. Лекин улар ҳеч қачон «Биз ундоқ қилдик, бундоқ қилдик, фалончига моддий ёрдам кўрсатдик», деб мақтанишмайди. Чунки оилада кичиклигидан яхши тарбия кўришган.
Козимжон ака тўғри айтган экан. Биз ака-ука тадбиркорларнинг онаси билан телефон орқали боғланиб, фарзандларининг савобли ишларини газетага ёзмоқчи эканимизни тушунтирдик. Онахон эса «Йўқ, болам, у ҳолда қилган савоб ишларимиз ҳавога совурилади. Шунинг учун ёзманг», деди.
Ана энди тушунгандирсиз, «Яхшилик қил, билса, балиқ билар, билмаса, Холиқ» деган ҳикматнинг туб маъносини. Илоҳим, ана шундай савобли ва хайрли ишларини бировларга кўз-кўзламай ёки миннат қилмай амалга оширадиган ҳамюртларимиз сафи кенгаяверсин.

Анваржон ҲАЛИМОВ,
журналист