Ижтимоий масканларсиз янги мавзе ёхуд муаммолар ўчоғига айланаётган ҳудудга қачон эътибор қаратилади?

2287

Сўнгги йилларда юртимизнинг барча ҳудудлари қатори пойтахтимизда ҳам кўплаб янги тураржой бинолари қурилди. Натижада уйга муҳтож оилалардан аксариятининг узоқ йиллик орзу-умидлари ушалди.

Албатта, бу жуда савобли ва ўта хайрли иш. Айни чоғда, бизни бошқа баъзи бир масалалар қизиқтиради: хўш, ўша иморатлар жойлашган ҳудудларнинг ҳаммасида ҳам мактаблар, болалар боғчалари, даволаш-профилактика муассасалари ва бошқа ижтимоий объектлар мавжуд­­ми? Янги маҳалла ва гузарлар, даҳа ёки мавзелар рисоладагидек ободонлаштирилиб ва кўкаламзорлаштирилиб, аҳоли эмин-эркин яшаши учун зарур қулайликлар яратилганми?
Афсуски, бу саволларга баралла «Ҳа!» дея, жавоб бериб бўлмайди. Масалан, Янгиҳаёт туманидаги «Спутник-16 А» мавзесини олайлик. Бу янги ҳудудда қисқа фурсатда қад ростлаган 16 та кўпқаватли бино фойдаланишга топширилганига уч йилдан ошди. Бироқ, шунча вақт ўтганига қарамай, мактаб қурилмади. Поликлиникага мўлжалланган бино ҳам ҳануз ҳувуллаб ётибди. 40 ўринли болалар боғчаси эса мавзеда истиқомат қилаётган юзлаб оилалар фарзандларини тўлиқ қамраб ололмайди.
Устига-устак, мавзени шаҳар маркази билан тўғридан-тўғри боғлайдиган жамоат транспорти қатнови йўлга қўйилмаган. Шу боис ҳар куни ишга ёки ўқишга бориб келадиганларнинг аксарияти метро бекатигача бўлган 2-3 чақиримлик масофани пиёда босиб ўтишмоқда, айримлари такси ёллаб, ортиқча маблағ сарфлашмоқда. Сабаби аён: агар улар «Қурувчилар» мавзесидан келадиган 66-йўналишдаги автобусни кутадиган бўлсалар, 20-30 дақиқалик вақтлари ҳавога совурилиши тайин.
Яна бир муаммо эса мавзеда яшовчи ўқувчиларга катта қийинчилик ва ноқулайликлар туғдирмоқда. Негаки, улар бошқа ҳудуддаги билим даргоҳларига қатнаб ўқийдилар. Мактаб ва спорт ўйингоҳлари бунёд этиш учун ажратилган майдон қаровсиз қолиб, қурилиш чиқиндиларига тўлиб бормоқда, ҳаммасиданам ачинарлиси ва хавфлиси, қопонғич дайди итлар маконига айланмоқда.
Янги мавзеда тиббиёт муассасаси йўқлиги туфайли кексалар, ёш болали аёллар қўшни мавзеда жойлашган 37-сонли поликлиникага қатнашга, шифокорлар қабулига кириш учун соатлаб кутишга мажбур бўлишмоқда. Чунки янги уйлар қурилиши муносабати билан ҳудуддаги аҳоли сони анча кўпайган. Лекин шуни ҳисобга олиб, аввалдан кўпчиликка тиббий хизмат кўрсатиб келаётган муассасанинг моддий-техник имкониятларини ошириш ва ходимлари сонини кўпайтириш ёки янги мавзеда алоҳида поликлиника барпо этиш чоралари кўрилмаган.
Ажабланарлиси, «Спутник-16 А» мавзесида хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари (ХУЖМШ) ҳам ­фаолият юритмайди. Бунга ширкатлар тузиш борасида туман ҳокимлиги ва аҳоли ўртасида юзага келган келишмовчиликлар сабабчи бўлди. ­Алалоқибат ширкатлар йўқлиги туфайли эътибордан четдаги уйлар ён-атрофида аянчли манзара шаклланди. Дарахт ва гул кўчатлари ўтқазиш ҳамда майсалар экиш кўзда тутилган жойлар қаровсизликдан тақир ерга айланди. Маиший чиқиндилар эса дуч келган ерга ташлаб кетилмоқда. Уйлар олдига ва ички йўлакларига ўрнатилган чироқлар учун сарфланган электр энергияси бўйича қарзлар вақт ўтгани сайин янада кўпаймоқда.
Хуллас, ўтган давр ичида бу мавзе, кўпчилик кутганидек, обод ва кўркам гўшага эмас, балки муаммолар ўчоғига айланди. Эндиликда уни пойтахтнинг – шаҳри азим Тошкентнинг узвий бир қисми дейишга ҳам тил бормайди.
Табиийки, эзгу орзулар билан янги уйларга кўчиб кирганлар ўзларини қийнаётган ва ташвишлантираётган бундай масалалар ҳақида турли давлат ва жамоат ташкилотларига кўп бор мурожаат қилишди. Чунончи, бултур октябрь ойида 60 нафардан ортиқ киши шаҳар ҳокимлигига шикоят хати йўллади. Ҳокимлик мутасаддилари эса ҳақиқий аҳволни ўрганиш учун мутахассисларни юбориш, камчилик-нуқсонларни бартараф этиш чораларини кўриш нарида турсин, лоақал бир энлик расмий жавоб беришни ҳам ўзларига эп кўришмади.
Дард-­ҳасратларини такрор-такрор қоғозга тушириб, масъул идораларга жўнатишдан чарчаган одамлар эса энди кимга мурожаат қилишни ҳам билмай қолишган.
Бу кетишда «Спутник-16 А» мавзеси қачон обод бўлади?.. Янги ташкил этилган Янгиҳаёт туманидаги бу янги гўшага қачон том маънода янгича ҳаёт кириб келади?
Мутасаддилар ҳам бу саволни ўзларига бир бериб кўрармикан?

Умида ХУДОЙБЕРГАНОВА,
«ISHONCH»