Юраги бутун авлод

1737

Қисқа фурсатда Хоразмда болалар кардиожарроҳлиги мактаби шаклланди

Далил: Дунёда ҳар минг нафар боладан 8-10 нафарида туғма юрак нуқсони учрайди. Агар вақтида малакали тиббий ёрдам кўрсатилмаса, ушбу дардга чалинганларнинг 50 фоизи гўдаклигидаёқ нобуд бўлади. Бу кўрсаткич бир ёшгача бўлганлар орасида 87 фоизни ташкил этади.
Шукрки: биз тиббиёт тобора ривожланаётган даврда яшамоқдамиз. Замонавий кардио­хирургиянинг ҳозирги даражаси туғма юрак нуқсони билан туғилган болаларнинг 97 фоизини ҳаётга қайтариш имконини бермоқда.
Маълумот: Хоразм вилоятида ҳар йили ўртача 40 минг нафар чақалоқ дунёга келади. Улардан 300-350 нафари туғма юрак нуқсони билан туғилади.
Бундан беш йил аввал ушбу хасталикка йўлиққан фарзандини «чўнтаги кўтарган» ота-оналар даволатиш учун хорижга ёки пойтахт­­га олиб боришарди. Имтиёзли жарроҳлик амалиётлари учун эса йиллаб навбат кутишга тўғри келарди.
2017 йили Президентимизнинг Хоразмга ташрифи воҳанинг ижтимоий-иқтисодий ривожида янги даврни бошлаб берди, энг муҳими, юзлаб болажонларнинг хаста юракларига қувват бахш этиш учун замин яратди.
– Ўшанда Шавкат Миромонович мен раҳбарлик қилаётган муассаса фаолияти билан ҳам танишиб, ютуқлар ва мавжуд муаммолар ҳақида суҳбатлашди, – дейди тиббиёт фанлари номзоди, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими Анвар Сагиров. – Шу асно болалар кардиохирургияси бўлими ва янги поликлиника биносини қуриш таклифини киритди. Бунёдкорлик ишлари жадал суръатларда олиб борилди. Сўнгра жаҳоннинг етакчи клиникалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, машҳур кардиолог ва кардиожарроҳларни муассасамизга таклиф қилдик. Ўз мутахассисларимизни эса малака ошириш учун хорижга юбордик. Шу зайл қисқа фурсатда Хоразм болалар кардиожарроҳлиги мактабини шакллантирдик. Муқаддам муассасамизда йилига ўртача 50-70 нафар беморда жарроҳлик амалиёти ўтказилган бўлса, эндиликда бу кўрсаткич 400 нафарга етди. Жумладан, туғма юрак нуқсони мавжуд 130-140 нафар бемор операция қилиняпти. Янги поликлиника эса қишин-ёзин 27 минг нафардан зиёд мижозга кардиологик хизмат кўрсатяпти.
Дарҳақиқат, Хоразм кардиологияси жаҳон миқёсида беллашадиган даражага етмоқда. Бироқ, боя айтганимиздек, ўртада маблағ муаммоси ҳам бор. Давлатимиз ва яхши инсонлар юрак нуқсони билан туғилган болакайларга соғлом ҳаёт кечириши учун кўмаклашяпти. Масалан, «Замин» фонди ёрдамида 40 нафардан зиёд беморда жарроҳлик амалиёти бепул амалга оширилди. Бу уларнинг оила аъзоларига қувонч бағишлаб, болажонлар ҳаёт аталмиш буюк неъматдан баҳраманд бўлишлари учун замин яратди.
Масалага шу жиҳатдан ёндашганда, Хоразм вилояти ҳокими ўтган йил 14 декабрда имзолаган туғма юрак нуқсони билан туғилган 141 нафар боланинг жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун маҳаллий бюджетдан маблағ ажратиш хусусидаги фармойиш ҳам айни муддао бўлди. Тез орада операция қилиниши шарт бўлган 40 нафар болакай рўйхати ­шакллантирилди. Ўтган давр­­да уларнинг ярми операция қилинди, январь ойи охиригача қолганларида жарроҳлик амалиёти ўтказилади.
Хўш, туғма юрак нуқсони қай сабаб­ларга кўра келиб чиқади? Унинг олдини олиш мумкинми?
– Бу хасталик пайдо бўлишининг бир қатор сабаблари бор, – дейди болалар кардиожарроҳи Санъат Собиров. – Қариндош­лар никоҳи, ҳомиладор аёлдаги камқонлик, вирусли хасталик­лар, гормонал ёки нейрогуморал омиллар боланинг туғма дардлар, жумладан, юрак нуқсони билан дунёга келишига сабаб бўлади, Демак, касалликларнинг олдини олиш учун ота-она, айниқса, аёл соғлом бўлиши керак. Ҳомиладорликни режалаштиришдан олдин улар тиббий кўрикдан ўтишлари, хасталик аниқланган тақдирда, даволанишлари зарур. Шунингдек, ҳомиладор аёлларнинг рационал овқатланишига, стресс­лардан холи бўлишига эътибор қаратиш даркор.
Муассаса ходимлари туғма юрак нуқсонини барвақт аниқлаш ниятида Хоразм вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, перинатал маркази, туман кардиологлари билан доимий ҳамкорлик қилишмоқда. Чекка ҳудудларда тиббий кўриклар уюштирилмоқда. Туғма юрак нуқсони бор болаларни даволаш усулини танлашда педиатрларга амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Бу янглиғ чора-тадбирлар самараси ўлароқ, вилоятда туғма юрак нуқсони бўйича ўлим кўрсаткичи 5,5 фоиздан 1,8 фоизга тушди. Жамоанинг мақсади бу ҳолатга батамом барҳам бериш ва хасталикнинг олдини олиш чораларини кучайтиришдир.
Шифохонада нафақат болаларга, катталарга ҳам малакали ёрдам кўрсатилаётир. Бу ерда ҳар йили 4500 дан зиёд бемор стационар шароитда даволанаётир. Сўнгги беш йил мобайнида жарроҳлик амалиётлари турлари 43 тадан 67 тага кўпайтирилди. 2017 йили ўрнатилган ангиограф аппарати кўплаб кишиларнинг юрак фаолиятини яхшилашга ва умрини узайтиришга хизмат қилмоқда.
Марказда беморларнинг яқинлари учун ҳам барча қулайликлар яратилган. Чунончи, унинг ҳудудида меҳмонлар уйи ва ошхона очилган. Муассаса атрофи қалин арчазорга айлантирилган. Бинонинг ички йўлакларидаги анвойи гуллар қишин-ёзин ёқимли ифор таратиб туради. Болалар кардиологияси бўлимида эса улар ўзларини худди уйидагидек ҳис этиш­лари учун алоҳида шароитлар муҳайё этилган.
Маълумки, 2021 йил 9 ноябрда Президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва уларни даволаш тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Шу асосда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Хоразм филиали Оролбўйи минтақавий марказига айлантирилиши ва унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун 20 миллиард сўм ажратилиши белгиланди. ­12 ­ноябрда ҳукуматнинг «Оролбўйи минтақаси ихтисослаштирилган кардиология ва кардиохирургия илмий-амалий тиббиёт марказини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Демак, келгусида марказ нафақат хоразмлик­ларга, балки Бухоро, Навоий вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси аҳолисига ҳам хизмат кўрсатади. Шунга мувофиқ, у янги технологиялар билан жиҳозланмоқда.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«ISHONCH»