Андижонда фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлар томонидан 2021 йил давомида иш ҳақи ундириш бўйича чиқарилган суд буйруқлари аввалги йилга нисбатан 441 тага ортиб, 937 тани ташкил этган. Бу ҳақда яқинда ўтказилган матбуот анжуманида вилоят суди раисининг ўринбосари Жасуриддин Абдусаттаров маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳисобот даврида меҳнатга оид низолар юзасидан 249 та даъво ариза келиб тушган. Уларнинг 152 таси ишга тиклаш билан боғлиқ даъволар ҳисобланади. Жумладан, ишга тиклаш ҳақидаги даъво аризаларнинг 67 таси қаноатлантирилган.
Зикр этилаётган даврда ходим томонидан иш берувчига етказилган зарарни, шунингдек, ходим соғлиғига етказилган зарарни қоплаш билан боғлиқ низолар ҳам кўриб чиқилган.
Аввалроқ ishonch.uz мухбири «Агробанк» АТБ Жалақудуқ филиалининг уч нафар ходими ишдан ноқонуний бўшатилгани ортидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилояти кенгаши айни масала бўйича судга даъво ариза киритганлиги ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Хўжаобод туманлараро судининг ҳал қилув қарори билан улар ишга тикланганлиги хусусида хабар берган эди.
