Тошкентлик журналистлар шахмат ўйинида мусобақалашди

1866

         Хондамирнинг “Макорим ул-ахлоқ” асарида Алишер Навоийнинг шахматга ўхшаган тафаккурни ривожлантирувчи ўйин ўйнаганлиги ҳақида маълумот келтирилади. Бобомиз Амир Темур  ҳам  ўз саройида мантиқан шахматга яқин бўлган ўйин мусобақаларини ўтказиб турган. Яқин ўтмишимизга назар ташласак, таниқли публицист Озод Шарофиддинов ва истеъдодли шоир Эркин Воҳидов ҳам ўз даврида ёзувчи, журналист ва ижод аҳли ўртасида мунтазам шахмат мусобақалари ташкиллаштирган.

           Бугун Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси ва унинг Тошкент шаҳар бўлими ҳомийлигида қаламкаш – ижод аҳли ўртасида ташкил этилган шахмат мусобақаси ҳам ушбу ажойиб анъананинг бардавом бўлиб келаётганини, тўхтаб қолмаганини кўрсатди.

Дастлаб мусобақанинг Тошкент шаҳар босқичи бўлиб ўтди. Унда 40 га яқин журналистлар эркаклар ва аёллар ўртасидаги турларда иштирок этишди. Эркаклар ўртасида давом этган  7 турда шахмат ишқибозлари ўзаро бир-бири билан куч синашиб, очко тўплаб бордилар ва якунда энг кучлилар сараланди. Аёллар ўртасидаги  5 тур ҳам қизғин ва муросасиз кечиб, опа-сингилларимизнинг ҳам ақл гиманистикасида тенгсиз эканликлари маълум бўлди. “Мағлубиятнинг катта-кичиги йўқ, кичиги ҳам аламли бўлади” деганларидек, мусобақага барча иштирокчиларнинг қизғин иштиёқ, тайёргарлик билан келганликлари бир ёну,  шахмат баҳонасида анчадан буён дийдор кўришмаган ҳамкасблар, қадрдонлар учрашуви, хурсандчилиги бир ён бўлди. Қарангки, баъзи турларда ҳамкасб қадрдонлар бир партияда, бир-бирига қарши дона суришига тўғри келган бўлса, айрим партияларда устоз шогирдлар икки қутбдан туриб  ҳаракат қилишига тўғри келди. Айрим ҳолатларда раҳбар ва ходимлар мусобақлашган бўлса, бир-бирининг номини яхши таниган, аммо ҳаётда кўришмаган, суҳбатлашмаган журналистлар ҳам ўйин  баҳонасида дўстлашишди, гурунглашишди.

–Умуман олганда бундай мусобақаларнинг бўлаётгани жуда яхши, –дейди “Ҳуррият” газетаси бўлим бошлиғи Шоҳруҳ Акбаров. – Олимпиада спорт ўйинларида бир қоида бор: “Ғалаба эмас, иштирок этиш муҳим” деган. Бу ўйинда ҳам шахсан мен учун иштирок этаётганим муҳим. Анчадан буён  китоб ёзиш билан шуғулланаётгандим. Бугун дўст-биродарларимни, қадрдон ҳамкасбларимни кўриб димоғим чоғ бўлди. Кайфиятим кўтарилди. Журналистлар ижодий уюшмасининг Тошкент шаҳар бўлимига ушбу тадбирни ташкиллаштирганлари учун миннатдорчилик билдираман.

–Мана бешта тур ўтиб бормоқда, ўйин учун вақт бироз қисқа берилган бўлса-да, жиддий мусобақа кетмоқда, – дейди ФИДЕ ҳаками Сабоҳат Зайниддинова. – Мени хурсанд қилгани барча журналистлар халқаро даражадаги мусобақага келгандек жиддий тайёргарлик кўришган, сабаби кучлилар ўйини бўлмоқда. Ҳар бир иштирокчи ғалаба қозониш ҳаракатида дона сурмоқда, аммо йиғилган очколар сўнгги натижаларни белгилаб беради.

Қизлар ўртасидаги баҳсларга ҳам назар ташлаймиз. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбири Дилобар Маматова ҳамда Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ўқитувчиси Ёқутхон Эркабоевалар ўртасидаги ўйин жуда қизғин кечди. Вақт қисқа, тезкор қарор қилиш ва дона суриш зарур. Ниҳоят Ёқутхон Эркабоеванинг қора доналари оқлар устидан ғалаба қозонди. МТРКнинг “Спорт” телеканали муҳаррири Нодир Яхшиев ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Асрор Мўмин, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги   вакили Тўлқин Рўзиев ва “Адабиёт” газетаси бош муҳаррири Бахтиёр Карим, “Муштум” журнали бош муҳаррири Носиржон Тошматов ва МТРК монтажчи оператори Даврон Ғуломовлар жуфтлигидаги ўйинлар қисқа вақт ичида бўлса-да, кескин ва қизиқарли кечди. Олимжон Ўсаров ва Ҳусан Эрматовларнинг бир-бирига қарши дона сурган ўйини эса ҳамкасблар томонидан энг кўп кузатилган партия бўлди.

Шундай қилиб, етти турнинг барчаси якунлангач, ҳакамлар натижаларни эълон қилди. Унга кўра моҳир журналистлар Ҳабиб Темиров, Шоҳрух Акбаров ва Шодмон Отабекларга “Энг моҳир ўйинчи”, “Энг фаол иштирокчи”, “Энг ёши улуғ шахматчи” номинациялари берилган бўлса, Асрор Мўмин етти очко билан мутлақ биринчи, Носиржон Тошматов – иккинчи, Нодир Яхшиев – учинчи, Рашид Галиев – тўртинчи ва Акбар Нурматов – бешинчи ўринларни қўлга киритди.

Қизлар ўртасида эса Ёқутхон Эркабоевага биринчи, Дилобар Маматовага иккинчи, “Класс” газетаси мухбири Гулёра Ўринбоеваларга учинчи ўринни забт этиш бахти насиб этди. Ғолибларга Журналистлар ижодий уюшмасининг Тошкент шаҳар бўлими томонидан тайёрланган эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, фаол иштирокчилар номинациялар бўйича  ҳам тақдирланишди. Ҳозирда мусобақанинг Республика босқичи давом этмоқда.

Зебо НАМОЗОВА,

«Ishonch»