Биз менежер ва менежмент атамаларини тез-тез ишлатиб турамиз. Менежер – бошқарувчи, менежмент эса, ҳар қандай ишлаб чиқариш, таълим ва тиббиёт соҳасида хизмат кўрсатиш фаолиятини бошқариш ҳақидаги фан демакдир.
Бу икки оддий тушунча замирида, таъбир жоиз бўлса, иқтисод фанининг жуда улкан капитали мужассамлашган. Инчунин, АҚШ, Япония, Германия ва Европа Иттифоқига аъзо бошқа мамлакатлар менежмент туфайли ғоят қисқа муддатларда юксак иқтисодий тараққиёт ва юқори турмуш фаровонлигига эришди.
Менежмент – бу тижорат ва бошқа ишлаб чиқариш, шунингдек, таълим ва тиббиёт соҳаларида хизмат кўрсатишни оқилона бошқариш тажрибаларининг умумлашмасидир. Бошқарув фаолиятнинг маълум бир тури сифатида иқтисод тарихида аввалдан маълум, аммо бозор иқтисодиёти шароитида таълим соҳаси бўйича хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш фаолиятини тўғри йўлга қўйиш асосий масалага айланади. Гап шундаки, ўтган асрда тижорат корхоналарини ҳамда таълим ва тиббиёт ташкилотларини бошқаришнинг махсус янги назарияси вужудга келди. Бу асосан қуйидаги учта ҳолат билан боғлиқ эди:
1. Акциядорлик жамиятлари бирин-кетин ташкил этилиши билан уларнинг барча мол-мулкларини бошқариш бевосита ишончли ва масъулиятли кишилар ҳисобланган менежерлар қўлига ўтади.
2. Ишлаб чиқариш технологиясининг мураккаблашуви ва жиҳозлар нархининг ошиб бориши ҳар бир ходимдан катта масъулият талаб қилади, буни менежерлик фаолияти ҳал қилиб беради.
3. Рақобат кучайиши натижасида таълим ва ижтимоий соҳаларда ҳамда кластерлар ишларида иштирокчиларнинг бирлиги ва аҳиллиги зарур бўлиб қолади. Бу ҳам менежмент билан боғлиқ жараён ҳисобланади.
Маълумки, муаммо уни ҳал қилиш воситалари билан бирга пайдо бўлади. Ишлаб чиқаришнинг акциядорлик шакли мактабгача таълим, халқ таълими, тиббиёт соҳасидаги кластерлар фаолиятида раҳбарлик қилишни ёлланма ишчиларга, менежерларга ишониб топширишни тақозо этади. Айни чоғда, акцияларни тарқатиш уларда қизиқиш туйғусини ва масъулият ҳиссини кучайтиради, пировардида бошқариш маҳорати ошишига олиб келади.
Менежерлар таълим ва тиббиёт соҳасида қуйидаги принциплар тизимини қўллайдилар:
Ҳар бир ходимнинг индивидуал имкониятларини тўла ҳисобга олиш орқали хизмат кўрсатиш муносабатларини инсонпарварлаштиришга эҳтиёж кучаяди. Масалан, турли гуруҳдаги ходимларни таълимни ривожлантириш мақсади атрофида бирлаштириш ва жипслаштириш жараёни бошланади. Бу менежментдаги «амалий ҳамкорлик» принципига яққол мисолдир.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, менежмент таълим ташкилотини жамият ишлаб чиқаришининг технологик бўғини деб ҳисобламайди, унга бозор иқтисодиётининг ижтимоий тизими деб қарайди. Менежментнинг асосий йўналишлари ҳам шу асосда белгиланади: таълим ташкилотининг ижтимоий, ижтимоий-касбий, маданий-маърифий, малака ва демографик структурасини аниқлаш, катта жамоани ишга жалб этишнинг бош омили сифатида кичик гуруҳлар тузиш, социометрик тадқиқотлар натижаларига кўра норасмий гуруҳларни аниқлаш ва ҳоказолар.
Қуйида таълим тизимида хизмат кўрсатишни бошқаришни янада такомиллаштириш, ижодий изланиш муҳитини яратиш, ташаббусларга кенг йўл очиш, қийинчиликлар ва тангликлар олдини олиш борасида чет эллик ва ўзбекистонлик олимлар олдида турган муаммоларга эътибор қаратмоқчимиз.
1991 йили АҚШ иқтисодиётида сусайиш бошланди – миллий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 0,5 фоизга пасайди. «Эски тадбиркорлик руҳи мамлакат учун анархияга айланди, – деб ёзган эди Беннис Уорреа «Нега лидерлар раҳбарлик қилиша олмаяпти? Гапирмас фитна давом этмоқда» номли китобида. – Унга қарши туриш ўрнига, шахсий бизнес ва ижтимоий ташкилотлар даҳоларининг ўзлари анархия тарафдори бўлиб чиқдилар. Ҳозир корпорациялар ўз ходимлари ва корхоналари тақдири учун, маҳаллий аҳоли ва бутун мамлакат олдида ўз товарлари ва хизматлари учун масъулиятни зиммаларидан соқит қилмоқдалар. Кўплаб кооператив бошқарувчилар учун энг муҳими бозор, фойда, акция курслари саналади».
Муаллифнинг фикрича, Америка корпорациялари бошқарувчиларининг хаёли фақат фойда олишда эди. Оқибатда шахсиятпарастлик катта манфаат ортидан қувишга айланди. Келинг, шу ўринда Беннис Уорреанинг бу борадаги айрим тавсиялари билан танишайлик.
Кооператив, яъни бошқарувнинг асосий элементи одамлар ҳисобланади. Улар ҳар куни одатдаги ишга келаётганларида ўз ҳис-туйғуларига, ният-интилишлари ва фикр-мулоҳазаларига эга бўлишади. Инсон кооператив иерархияларидан қанчалар юқори кўтарилса, унинг кучли ва кучсиз томонлари шунчалик кўп кўзга ташланади.
Кишиларнинг шахсий сифатлари хусусида сўз кетганда бир мезондан четлаб ўтиб бўлмайди: раҳбар билан ходим, бошқача айтганда, бошлиқ билан жамоа ўртасидаги фарқ кўп ҳолларда аниқ кўриниб туради. Бош раҳбар ташкилотнинг етакчиси саналади. Жамоа эса ўз бошлиғи кўрсатмаларини амалга оширувчидир. Бош раҳбарга у нечоғли тўғри ишлар қилаётганига, жамоасига эса бу ишни қанчалик тўғри амалга ошираётганига қараб баҳо берилади. Агар бош раҳбар келажакни кўра билса, ижрони ходимларнинг ўзлари назорат қилишади. Бош раҳбар чора излайди, ижрочилар бу чорани амалга оширишади. Бош раҳбар ташкилот ёки компаниянинг ички ва ташқи ҳаёти билан шуғулланади, ижрочилар эса маълум йўналиш бўйича иш олиб боришади холос.
Аммо, шуни унутмаслик керакки, бир-бирини ортиқ даражада яхши кўриш раҳбар билан ходимлар ўртасидаги рисоладаги муносабатга тўғри келмайди ва фойдаси камроқ бўлади. Мабодо улар ўзаро чиқишмаса ҳам ёмон, бу бутун ташкилотга салбий таъсир кўрсатади. Жамоа бош раҳбар ғояларини ифодалаб, намоён этиши керак. Лекин баъзан унинг ғояларини чиппакка чиқариши ҳам мумкин.
Агар ходим бошлиққа жиддий эътироз билдирса, у қанчалик асосли бўлишидан қатъи назар, ўз фаолиятини маълум маънода хавф остига қўйган бўлади. Лекин ҳар доим рози бўлиб, жимгина юрган муте ходим ҳам тараққиётга хизмат қилмайди. Ўз фикрини ичига ютиб, ҳеч нарсага муносабат билдирмагани туфайли унинг қобилияти ва тажрибаси тобора пасайиб бораверади. Худди шу ҳолат раҳбарда ҳам рўй беради, яъни у мағрурланиб кетиб, ходимлар билан ҳисоблашмай қўйса, жамоа олдида бурди кетади.
Жамоа ходимлари ҳамма вақт ўт билан сув ўртасида бўладилар. Бирор иш қилганда ҳам, қилмаганда ҳам сўкиш эшитадилар. Шундай эса-да, ўз ташкилотларида садоқатларини намоён этиб боришлари керак. Яхши ишласанг, яхши ҳақ оласан – мана шунинг ўзи уларнинг аксарияти учун катта имконият.
Америка мутахассисларининг фикрича, бош раҳбар ва унинг аппарати олдидаги энг муҳим вазифа битта. У ягона раҳбарга ишониб топширилиши керак. Бош раҳбар бир пайтнинг ўзида ҳам етакчи, ҳам энг яхши бошқарувчи бўлиб, қолган барча бошқарувчилар ўз ишларини аъло даражада бажариб, катта ютуқларга эришишлари мумкин. Бош раҳбар қисқа муддатли мақсадларнинг келажакдаги фаолият йўналишларига мос келишини таъминлаб, шунингдек, бугунги ишни ҳам эътибордан қочирмай, ўз мақсадига эришишга интилади. У ўз ходимлари қалбига йўл топа олади. Лекин бундай раҳбар лавозимида етти йилдан ортиқ турмаслиги керак.
АҚШдаги кўплаб самарали менежерлар бошқарувда «яратувчи келишмовчилик» принципини сақлаб қолишни, яъни ўз менежерлари билан турли қарашларга эга бўлишни маъқуллашади. Ўзаро баҳс-тортишувлар натижасида жуда кўп янгиликлар намоён бўлади, ҳақиқат биргаликда очилади.
Масалага шу жиҳатдан қараганда, жорий йил 29 январда Президентимиз раислигида мактаб таълимини ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилиши муҳим аҳамиятга эга бўлди. Чунки унда давлатимиз раҳбари таълим тизимидаги бошқарувни ислоҳ қилиш зарурлигини таъкидлаб, халқ таълими бўлими мудирлиги ва мактаб директорларига малакали менежерларни тайинлаш, хориждан етук мутахассисларни жалб қилиш бўйича қимматли тавсиялар берди. Соҳада лидерларни ҳам тарбиялашимиз кераклигини алоҳида уқтириб ўтди.
Хўш, лидерга хос фазилатлар нималардан иборат бўлиши лозим? Ўз вақтида Генри Минцберг лидерга хос саккизта хусусиятни санаб ўтган:
– тенг бўлиш санъати, яъни ўзи билан жамоанинг ҳар бир аъзосини тенг деб ҳисоблаш, ўзаро аҳил муносабат ўрнатиш ва уни сақлаш қобилияти;
– лидер бўлиш санъати, яъни ходимларга раҳбарлик қила олиш, барча муаммо ва қийинчиликларни енгиб ўтиш, улар лавозим билан боғлиқлигини чуқур ҳис этиш;
– низоларни ҳал қила олиш санъати – низо ҳолатида икки томонни муросага келтириш учун ўртада воситачилик қобилиятини намоён этиш, руҳий зўриқишлар туфайли юзага келган нохушликларни бартараф этиш;
– ахборотни қайта ишлаш санъати – ташкилотда коммуникация тизимини ташкил этиш, ишончли маълумотларга эга бўлиш ва уни самарали баҳолаш;
– одатдан ташқари бошқарув қарорларини қабул қилиш санъати – бошқа ҳаракатлар, маълумотларни эътибордан соқит қилмаслик, мақсад ноаниқ ёки шубҳали бўлган ҳолларда муаммонинг тўғри ечимини топиш;
– ташкилотда ресурсларни тақсимлаш санъати – мақбул йўлни, ресурслар етишмаган, вақт чегараланган вазиятларда қулай вариантни танлай олиш;
– тадбиркорлик қобилиятини намоён этиш – ташкилотда янгиликларни дадил жорий эта билиш;
– ўз-ўзини таҳлил қилиш санъати – ташкилотда лидернинг позициясини яхши тушуниш, унинг ўрнини ва бошқаларга таъсирини тўғри баҳолаш.
Бундан шундай илмий хулосага келиш мумкинки, лидер дегани хайрихоҳ одамлар тоифасига кирадиган, бахиллик ва кўролмаслик иллатларидан холи бўлган покдомон шахсдир. Унда, энг аввало, маънавий ҳушёрлик ҳамда саводхонлик яхши ривожланган бўлиб, барчага эзгу амалларни раво кўради. Бу тавсиялар кўплаб менежерларга дастуриламал бўлиши мумкин.
Ҳозирги иқтисодий шароитда Америка мутахассислари менежмент учун зарур яна бир қатор хусусиятларни тавсия қилишмоқда. Булар қуйидагилар:
1. Ниҳоятда диёнатли бўлинг, атрофингизга ҳамкорлар йиғилганда «олтин ўрталик»ни, яъни мувозанатни сақлай билинг. Бошқача айтганда, тўғри келган жойда ваъда бераверманг, йўл қўйилган хатони қисқа фурсатда тузатишни ўйланг. Таълим муассасасининг салоҳияти ҳамда иқтисодини кўтаринг, хизматчилар ва ишчилар мавқега эришишини ва яхши даромад олишини таъминланг. Жамоа ўз олдига катта мақсадлар қўйиб, катта ваъдалар берса-ю, улар бажарилмай қолса, ишчи-ходимлар ўртасида парокандалик бошланади.
2. Аҳмоқлардан йироқроқ юринг. Раҳбар кўп ишларни ўзгартиришни ва бажаришни ўйласа ҳамда шу мақсад учун курашса, аммо ходимлар ўртасида буни тушунмайдиганлар, қадрига етмайдиганлар пайдо бўлса, улар ҳамма ишни бузиб қўяди. Жамоа ичида ишончсизлик уйғонади.
3. Ходимлар ўртасида сизни тушунадиганлар ва ҳимоя қиладиганлар кўпроқ бўлишига эришинг. Ходимларни алмаштиришга шошилманг.
4. Ташкилотдаги ҳар қандай ўзгаришлар режаси ҳамма вақт жиддий илмий асосга эга бўлиши зарур. Нимани ва қай мақсадда ўзгартирмоқчисиз – буни аниқ ва равшан тасаввур қилинг. Ҳар қандай жиддий қайта ташкил этиш келишилган ҳолда, катта жасорат билан амалга ошади. Узлуксиз ўзгаришларни аста-секин амалга ошириш керак.
5. Ўз фикрларингиз билан ўралашиб қолманг. Таълим ташкилотида сезиларли ўзгаришларни фақат буйруқ асосида қилиб бўлмайди. Ҳар қандай ташкилотда иккита структура мавжуд: биттаси қоғозда, иккинчиси ўзаро муносабатларда қарор топади. Яхши раҳбар буни теран тушуниши ва шунга мувофиқ ҳолда ҳар қандай ўзгаришларни пухта режалаштириши лозим.
6. Ўзгаришларга қарши турувчиларга, бу борада бошқаларга таъсир қилувчиларга йўл берманг. Улар «Ўзгаришларга мойил раҳбар, энг аввало, «эски гвардия», ҳали ҳам ғалабаларга умид ва ишонч билан яшамоқда», деб ўйласа, ўйлайверсин. Одатда қўрқоқлар ва иккиланувчилар ҳам янгиликларга қарши чиқадилар. Келажакка ишонч билан қаровчилар эса тарихий анъаналарга, маданият ва маънавиятга ҳурмат билан ёндашадилар.
7. Ўз ҳудудингизни кураш майдони деб билишингиз, унинг имкониятларини атрофлича тасаввур қила олмоғингиз керак. Яъни раҳбар ўз ташкилоти қаерда жойлашганини, маҳаллий аҳолининг, жамоатчилик ва давлат органларининг янги корхонага кўмаклашиши ёки ҳалақит бериши мумкинлиги борасидаги кайфиятини билиши лозим.
8. Ташкилий муҳит омилларини билиш, тушуниш ва баҳолаш зарур. Агар яхши ва фойдали ўзгаришлар талай ноқулайликлар ва дискомфорт юзага келишига сабабчи бўлса, бундай ўзгариш муваффақиятсизлик келтиради.
9. Келажакка жуда берилиб кетманг. Раҳбар келажак ҳақида керагидан ортиқ ўйлай бошласа, ўтмишни эсдан чиқариб, ҳозирги ҳаётга камроқ эътибор берадиган бўлиб қолади. Ўзгаришлар ўз натижаларини бериб улгурмасидан ходимлар унга қарши кураша бошлайди.
10. Шуни эсда тутингки, ўзгаришлар кимларга қаратилган бўлса, улар ўзгариш жараёнида бошиданоқ иштирок эта бошлашлари зарур.
Бу режалаштириш тамойилининг оддий бир қоидаси. Янгиликлар одамларга зўрлаб тиқиштирилмаса, албатта, қўллаб-қувватланади. Ҳар қандай таълим ташкилотида ҳам амалга оширилиши лозим бўлган ўзгаришлар ходимларга тўлиқ эълон қилиниши керак. Буни ҳар қандай йўл билан рағбатлантириш лозим.
Юқоридаги таълим ва менежмент борасидаги тавсиф ва менежерларга берилган маслаҳатлар кўпчиликка жуда назарий ва мавҳум бўлиб туюлиши эҳтимолдан холи эмас. Аммо, шуни унутмангки, улар асосида лидерлар замон билан ҳамнафас бўлган бошқаришнинг янги услуб ва кўринишларини яратишлари мумкин. Услублар ҳар хил бўлган тақдирда ҳам асоси битта – бошқариш сифатини яхшилашга ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишнинг энг муҳим омили сифатида қаралади.
Бизнингча, барча босқичдаги ўқитувчи ва ходимларни бошқарувга, аниқроғи, муаммоларни муҳокама қилиш ва қарорлар қабул қилиш жараёнига жалб этиш мақсадга мувофиқдир. Аммо бу ҳол қўшимча харажатларни талаб қилишини унутмаслик жоиз. Шунинг учун ҳам ходимларни ўқитиш ва қайта тайёрлаш керак. Таълим ташкилотлари иш ҳақининг ўртача 5-10 фоизи шу мақсадларга йўналтирилиши даркор.
Бошқарувчилар таълим хизмати кўрсатишда ўз ҳокимиятининг бир қисмини бўлишиши, яъни лавозимига оид айрим ваколатларни, хусусан, меҳнатни назорат қилиш, таълим хизмати кўрсатишни ходимларга ишониб топшириши лозим. Шунда ходимлар қapopлар қабул қилишда қатнашишни ёқтирадиган бўлишади, таълим хизмати кўрсатиш муаммоларини ҳал қилиш жараёнининг ҳақиқий иштирокчиси эканлигини ҳис эта бошлашади.
Таълим хизмати юксак даражада тараққий этган хорижий мамлакатлар мутахассисларининг янги бошқарув тафаккурини жорий этиш борасидаги маслаҳатлари кенг кўламли муаммоларни қамраб олади. Таълим муассасасида жиҳозларни қандай қилиб яхши жойлаштириш, синфларда таълим-тарбия жараёнини қандай ташкил этиш, педагогик фаолиятда миллий ва умуминсоний маданият уйғунлигига қандай қилиб эришиш ва бошқа кўплаб масалалар шулар жумласидандир.
Биринчи энг муҳим талаб – ҳар куни оз-оздан бўлса-да, илгари силжиш. Янги методларни қўллашнинг амалий натижалари анча сезиларли бўлади. Захиралар ва тугалланмаган ишларни 5-10, хизмат кўрсатишга бўлган талабни 30-70, хизмат кўрсатиш ҳажмини оширишга бўлган талабни 30-50, хизмат кўрсатишга тайёрланган вақтни 70-90, зарарли харажатларни 30-50, хизмат кўрсатиш умумий харажатларини 30-50 фоизга, яроқсизликни 2 фоиздан 0,001 фоизгача қисқартиришга эришилади.
Мамлакатимизда давлат таълим муассасалари билан бир қаторда, хусусий таълим муассасаларига ҳам кенг шароит яратилаётгани боис келгуси йилдан эксперимент тариқасида кам қувватда ишлаётган мактабларни танлов асосида салоҳиятли талабгорларга ишончли бошқарувга бериш таклифи ҳам, бизнинг назаримизда, айни вақтида ўртага ташланди.
Мактабларда замонавий бошқарувни жорий қилиш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидандир. Мактаб директорларини лавозимга тайинлашда даққиюнусдан қолган, аллақачон эскирган усуллардан воз кечиб, бу масъулиятли иш бевосита маҳаллий кенгашлар билан келишилган ҳолда, танлов асосида амалга оширилса, ҳеч шубҳасиз, таълимни бошқаришга янгича шакл ва мазмун бахш этарди. Бинобарин, видеомулоқотда айтиб ўтилганидек, ҳар бир номзод мактаб кўрсаткичларини келгуси 3 йилда юқори даражага олиб чиқиш бўйича ўз дастури билан танловда иштирок этиб, ҳар йили кенгашлар олдида ҳисобот берса, амалга оширган ишлари тақдимотини омма муҳокамасига қўйса, жуда одилона иш бўларди. Албатта, бундан асосий мақсад мактабларнинг самарали фаолиятини ташкил этиш, директорлар ишига ноқонуний аралашувлар ва кадрлар қўнимсизлигига барҳам беришдир.
Маълумки, мактаб билим ўчоғи бўлиши билан бирга тарбия ва маънавият маскани ҳамдир. Шундай экан, бу ишларга ҳудудларда яшаб, ижод қилаётган шоир-ёзувчиларни кенг жалб қилиш, уларга мактабларнинг директор жамғармасидан ва маҳаллий бюджет ҳисобидан ойлик маош тўлаш лозимлигини таъкидлангани ҳам мақсадга мувофиқ бўлди.
Биз узоқ вақт мобайнида мактаб остоналаридан бошланган таълимий жараён барча бўғиндаги раҳбарлардан юксак масъулият ва юқори даражадаги жавобгарликни талаб қилишини унутиб яшадик. Йиллар давомида кўзга кўринмайдиган, аммо натижаси яқин 10-15 йилда бутун мамлакат қиёфасини тубдан ўзгартиришга асос бўладиган қудратли манба шу тариқа кул остидаги чўғдек ўз қобиғи ичида ёнди, лекин ҳеч ким уни росмана гулханга айлантириш учун жидду жаҳд кўрсатмади.
Модомики, шундай экан, эндиликда таълим тизимига чинакам лидерлар, фидокор менежерлар, билимдон ўқитувчилар керак. Уларнинг истеъдод ва қобилиятларини рўёбга чиқариш, ташаббусларига эркинлик бериш, шунингдек, ўқув жараёнларига янги инновацияларни жалб этиш – барчамизнинг фуқаролик бурчимиздир!
Юсуф ДОДОБОЕВ,
иқтисод фанлари доктори,
профессор
