«ГУРУЧ» ОПЕРАЦИЯСИ

2315

Саид Аҳмад ака девзира гуруч танлашга уста. Бир гал азза-базза Қўқон бозорига кириб, Чўнғаранинг гуручидан харид қилдик. Саид Аҳмад ака – ўттиз кило, мен ўттиз кило. Мезбонлар гуруч солинган қоғоз қопларни вагонга чиқариб беришди. Поезд жилгандан сўнг устоз билан алла-паллагача гурунглашиб ўтирдик. Кейин ухлаб қопман.

Бир маҳал ғалати шатир-шутирдан уйғониб кетдим. Қарасам, купе шифтида хира чироқ ёниб турибди. Саид Аҳмад ака майкачан бўлиб, ўриндиққа ўтириб олган. Олдида иккита қоп. Менинг қопимдаги гуручдан ҳовучлаб-ҳовучлаб олади-да, ўзининг қопига солади.
– Ҳорманг, устоз! – дедим. – Нима ҳаракат?
– Уйғондингми? – деди оқсоқол киройи меҳр билан. – Ухлайвер, бўтам, чарчагансан, ухлайвер. – Шундай деб юмушини бамайлихотир давом эттираверди. – Мен билан ишинг бўлмасин, – деди тушунтириб. – Шунақа, ярим кечадан кейин эсим жиндай кирарли-чиқарли бўлиб қолади. Нима қилаётганимни ўзим билмайман.
Ҳайрон бўлдим. Қарасам, гуручимнинг баракаси учиб кетаяпти.
– Эсингиз кирарли-чиқарли бўлса, нега ўзингизнинг гуручингизни менинг қопимга солмайсиз-да, меникини ўзингизнинг қопингизга соласиз?
Саид Аҳмад ака менга хотиржам қараб қўйди.
– Унда сапсем жинни бўламан-ку, болам!

Ўткир ҲОШИМОВ,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси

 

Хотираси кучли инсонлар

• Муҳаддислар султони Имом Бухорий дунё кезиб, 60 мингдан зиёд ҳадис тўплаганида эндигина 16 ёшдан ошганди. Бор умрини илмга бағишлаган ул табаррук зот 300 мингта ҳадисни ёд олган.
• Имом Қатода бир туя китобни ёддан билган.
• Муҳаддис ва фақиҳ Имом Нававий қисқа умри давомида 500 та китоб таълиф қилган.
• Ҳинд диёрида яшаган Ашраф Али Таҳонавий ҳам қисқа ҳаёт кечирди. Шунга қарамай, 1500 та китоб ёзишга улгурди ва кейинчалик катта обрў қозонган талай шогирдлар етиштирди.
• Фалокат туфайли Ибн Ҳазмнинг барча китоблари ёниб кетади. Шунда у ҳаммасини ёддан айтиб, одамларни ҳайратга солади.
• Имом Шаъбий «Оқ нарсага ёзилган ҳар нарсани ёд олдим», деган экан.

Учар тошбақа

Ўрмонда «Бўри мен Шердан қўрқмайман, деб мақтанганмиш», деган гап тарқалибди. Буни эшитган Қуён Бўрига учрашибди:
– Эшитдингизми, Тошбақа учармиш…
– Бу гапни айтганлар бекоргинанинг бештасини ебди! – дебди Бўри калондимоғлик билан.
– Наҳотки, ишонмасангиз?.. Ахир, мен бу янгиликни боягина Шернинг ўз оғзидан эшитдим, – дебди Қуён жиддий оҳангда.
– И-е! – Бўри бирдан ҳушёр тортиб, қалтирай бошлабди. – Олдинроқ шундай демайсанми, шалпангқулоқ. Шер ака айтган бўлсалар, Тошбақа учади. Ҳа, энди… жа-а баланд бўлмасаям, пастроқ учаверади.

Одилжон ЖЎРАЕВ

КОТИБАНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАСИ

– Дада, одамнинг ичган ёки ичмаганини қандай аниқлаш мумкин?
– Қара, ҳув анави ерда икки киши турибди. Улар мастнинг кўзига тўртта бўлиб кўринади.
– И-е, нималар деяпсиз, дада, у ерда бор-йўғи битта одам бор-ку?!.
***
– Бугун сизлар билан «ёлғон» тушунчасини ўрганамиз, – деди фалсафа ўқитувчиси дарсни бошларкан. – Бу мавзуда менинг иккита китобим бор. Орангизда уларни ўқиганлар борми?
Барча талабалар бараварига қўл кўтарган эди, у мийиғида кулиб, деди:
– Бу ёлғонга жонли мисол. Чунки менинг асарларим ҳали чоп этилмаган.
***
Қурилаётган иншоотни кўришга отланган директор янги котибага деди:
– Ўринбосарим сизга асосий вазифангизни обдон тушунтиргандир… Хўш, биринчи навбатда нима қилишингиз зарурлигини билиб олдингизми?
– Бўлмасам-чи, – деди котиба ҳозиржавоблик билан, – сиз бирор жойдан қайтишингиздан сал олдин ўринбосарингизни уйғотиб қўйишим керак!
***
– Менинг болалигим жудаям қийин кечган. Беш ёшгача исмимни «Овозинг ўчгур» бўлса керак, деб ўйлаганман.
***
– Қўшма гап қанақа бўлади, дада? – деб сўради дарс тайёрлаётган болакай.
– Буни, яхшиси, бир гап айтсам, ёнига ўнтасини қўшиб, бутун маҳаллага достон қиладиган ойингдан сўра, ўғлим.

Хомталаш мукофот

 

– Завод янги ихтиро учун муассасамизга катта миқдорда мукофот пули ажратди, – деб гап бош­лади директор комиссия аъзолари йиғилгач. – Қисқаси, ихтирони саноатга татбиқ этишда қатнашганларнинг барчаси қўшган ҳиссасига яраша улушини олиши лозим!
– Яшанг, муҳтарам директор! – гапни илиб кетди илмий ишлар бўйича ўринбосар Сангинов. – Бу ихтирони яратиш ғоясини бизларга аслида сиз бергансиз! Қолаверса, агар сиз бош-қош бўлмасангиз, ихтиро яратилмасди. Демак, биринчи номзод ўзингиз бўласиз. Тўғрими, ўртоқлар?…
– Тўғри! Тўппа-тўғри! – бир овоздан маъқуллашди даврадагилар.
– Сиз ҳам мендан кам тер тўкмадингиз, чамамда. – Директор Сангиновга қараб мамнун жилмайди. Сўнгра сўзида давом этди. – Хўш, биринчи ва иккинчи номзод аниқланди. Энди қолганларни ёзинг: лаборатория мудири Ўсаров, касаба уюшмаси раиси Раҳматов, бўлим бош­лиғи Тешабоев, бош муҳандис Темиров, ОТК бошлиғи Маҳкамов… Ия, сал бўлмаса, хўжалик ишлари ­бўйича ўринбосаримиз қолиб кетаёзибди-ку!..
– Э, хайрият-э, – енгил хўрсинди Бойбўсинов.
– Яна… Хўш.. Ҳа, айтганча, кадрлар бўлими бошлиғини қўшмасак, адолатдан бўлмас. Бундан ташқари… – Директор узун столни қуршаб ўтирганларга бирма-бир назар ташлаб, яна етти кишининг исм-шарифини ­айтди. Охирида сўзига якун ясади. – Так, жами ўн беш киши бўлди. Ишқилиб, бирорта одам қолиб кетмадими?…
– Менимча, – дея чайналди Ўсаров, – Жавлонни ҳам қўшишимиз кераг-ов.
– Ким у? – сўради директор. – Исми танишдек туюляпти.
– Ҳалиги… Янги аппаратни ясаб, ишга туширган бола бор-ку.
– Э-э, қўйсангиз-чи, уни! – лаборатория мудирига эътироз билдирди Темиров. – Шундай катта аппаратни бир ўзи ясай олмаса керак?
– Дарвоқе, – қошини чимирди директор, – аппарат ростданам каттами?
– Мана бундай! – қулочини керди Маҳкамов.
– Унақа эмас! – эътироз билдирди Тешабоев. – Чамамда, манави столдек.
– Йўқ, унинг ярмича чиқади-ёв, – тахминлади Маҳкамов.
– Менимча, нақ уйдек бўлиши керак, – дея баҳсга қўшилди Бойбўсинов. – Ҳар қалай, кичкина нарсага бунча кўп пул беришмайди.
– Бўлди-бўлди, тортишувни бас қилинглар! – Директор қўлидаги ручка билан олдида турган қутичани тақиллатди.
– Яхшиси, Жавлонбойни чақирайлик! – таклиф киритди Раҳматов.
Шундай қилишди. Зум ўтмай хонага паст бўйли жиккаккина йигитча кириб келди.
– Хў-ўш, айтинг-чи, – деди директор унга синчков боқиб, – ихтиро қилинган ўша аппарат тахминан қанча жойни эгаллаши мумкин?
Жавлонбой ажаблангандай елка қисди.
– Ана, олдингизда турибди-ку, – деди кейин боя директор ручкасини уриб, ҳаммани тартибга чақирган қутичага имо қилиб.
– И-я, шу қутичами?.. – директор олдинига ҳайрон бўлди, кейин тунд қиёфага кирди. – Унда нега буни кўзга кўринарли жойга қўймадингиз, ука… Ҳа, майли, марҳамат, хонангизга бориб, ишингизни давом эттираверинг…
– Уни хафа қилмайлик, – йигитча хонадан чиқиб кетгач, Ўсаров қўрқа-писа сўз очди. – Бу нарсани ясагунча анча-мунча тер тўккан бўлиши мумкин.
– Бўпти, ҳамма меҳнатига ярашасини олади! – Директор унинг гапини чўрт кесди. Сўнгра ўринбосарининг қулоғига шивирлади. – Ўсаровнинг улушидан беш фоизини чегириб, ўша болага ёзинг.
– Хўп бўлади! – Ўринбосар тавозе билан икки қўлини кўксига қўйди…

Абдураҳмон ИБРОҲИМОВ

 

Кимнинг «далили» кўпроқ

Хитойлик Ван ва Ву ер талашиб қолишди. Вилоят қозиси эса ўтакетган тамагир эди. Можаро ўз фойдасига ҳал бўлиши учун Ван енг ичида 300 кумуш танга узатди. Қози машваратда унга ён босишга ваъда берди. Сўнгра бу ҳақда Вуга хабар етказди. У ҳам пулини аямай, қозига 500 кумуш танга жўнатди.
Қарабсизки, машваратда Ван ютқазди. Бу ҳақдаги қарорни эшитгач, қозига олган порасини эслатиш учун қўлини кўтариб, учта бармоғини кўрсатди: «Ахир менинг ҳақлигимга далиллар бор!». Қози бешта бармоғини пеш қилиб, унинг гапини чўрт кесди: «Тинчланинг!.. Жаноб Вунинг далили сизникидан кўпроқ!».

Саҳифани Абдунаби ҲАЙДАРОВ тайёрлади.