Дунёда шоирлар кўп, юртимизда ҳам. Лекин ўз ижоди билан халқимиз орасида танилиб, адабиёт мухлислари қалбидан муқим жой олган шоирлар жуда кам. Улар чин маънода илоҳий истеъдод соҳибларидир.
Омон Матжон – халқ севган, ўз ижоди билан шеърият шайдолари тилидан тушмай келаётган, ўлмас қўшиқларга мавзу бўлган шеърлари билан миллионлаб санъат мухлисларининг қалбидан жой олган шоир эди. У ўзининг илк шеърлари билан ижод майдонига баҳорги ёмғир момақалдироғидай ҳаммаёқни гулдиратиб, шиддат билан кириб келди. Унинг «Очиқ деразалар», «Карвон қўнғироғи», «Ёнаётган дарахт» сингари илк жажжи тўпламларидан ўрин олган шеърлари фикримизнинг исботидир.
Академик Наим Каримов таъкидлаганидек, Омон Матжон адабиёт майдонига кириб келган йиллар ижтимоий ўзгаришлар, силсилалар арафасида турган давр эди. Шу вақтгача давом этаётган ҳаёт оқимини, яшаш ва фикрлаш тарзини буткул ўзгартириб юбориш лозим эди. Бу ўта муҳим вазифани авваламбор халқнинг виждони ҳисобланган адиблар амалга оширишлари лозим эди.
Ана шундай ижтимоий-иқтисодий, маданий ва маънавий муаммолар кўпчиб турган бир пайтда Омон Матжон «Гаплашадиган вақтлар» деган шеърий қисса ёзди. У бу асари билан шоирлар учун гул ва булбуллар тўғрисида ёзиладиган даврлар аллақачон ўтиб кетгани, эндиликда шоир тафаккуридаги соцреализм занжирларидан халос бўлиб, ижтимоий ва иқтисодий таназзулга олиб келган сабабларни илдизи билан қўпориб ташлаш, халқнинг ривожланган мамлакатлардагидек эркин, озод ва фаровон яшаши миллий тараққиётга эришиш йўлида курашиши лозим, деган масалани дадил кўтариб чиқди. Бу унинг шоир сифатидаги нафақат жасорати, балки ижодда ҳам дадиллик билан қўллай билган маҳоратли янгича услуби эди. Шеърий қисса шоирнинг имконияти ниҳоятда кенглигини, бўй-бастини баралла намоён этди.
Омон Матжон ижоди ҳақида кўп йиллар изланиш ва тадқиқотлар олиб борган ва бир қатор йирик монографиялар эълон қилган фидойи олима филология фанлари доктори Жумагул Жумабоеванинг илмий ишларини алоҳида таъкидлаш керак. У ўзининг «Эл билса бўлди» китобида шундай ёзади:
«Ўз халқини, Ватанини севмаган, унинг дардларини ўз дардига айлантира олмаган ижодкор бошқа миллатларнинг гўзал хислатларидан, ўзга масканларнинг бетакрор манзараларидан илҳом ололмайди, уларни ўз аслидек ҳис қилолмайди. «Фидойи халқим ўлсун танда жоним», деган эътиқоднинг Омон Матжон маънавий оламида нурланган ўзига хос, такрорланмас бир парчаси эканлигини англаш мумкин».
Шоир ижодида ўзига хос ўрин эгаллаган «Гаплашадиган вақтлар» шеърий қиссаси том маънода ҳозирги даврда адабиёт жараёнида шов-шувли воқелик сифатида қабул қилинаётган «Модернча шеърият» услубини Омон Матжон ўша шеърий қиссаси билан амалда тўла исботлаб берган:
Дарахтлар ва гиёҳларнинг тархи файзини,
Бир рисола этмоқ истаб, созлаб баётин,
Обдон боқсам ўз умримнинг қабатларига,
Мен яшабман ўшаларнинг рангин ҳаётин.
Ҳа-да
Гоҳи бўйтеракдек, дирдов қолибман,
На гул ва на мева тугиб ўз-ўзим билан,
Сал булутга баргларимни чизиб тескари,
Сал шамолга қўпорилиб илдизим билан.
Гоҳ ўрикдек, мевамдан то мағзимга қадар,
Юракларга малҳам даво йиғиб юрибман.
Буларнинг барчаси ўзгача мавзу. Уни ёш адабиётшунос-тадқиқотчилар батафсил ўрганиб, ўз фикрларини батафсил билдирадилар, деб ўйлайман.
1993 йил. Баҳор ойлари. Омон Матжон таваллудининг 50 йиллигига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди. Ана шундай кенг миқёсдаги учрашувлардан бири шоир туғилиб ўсган юрт – Хоразмда, Огаҳий номидаги вилоят драма театри томошабинлар залида ўтказилди. Унда республиканинг таниқли шоир-ёзувчилари, хусусан, Абдулла Орипов, Ўткир Ҳошимов, Саид Аҳмад ва ёшлар газетаси бош муҳаррири бўлиб ишлаётган камина ҳамда кўплаб таниқли санъаткорлар иштирок этишди. Қутлов ва табриклар, шеърхонлик, санъаткорларнинг чиқишлари мухлислар қалбида бир умрга сақланиб қолди. Айниқса, ўша вақтдаги вилоят ҳокими Маркс Жуманиёзовнинг Омон Матжон ижоди ҳақидаги фикрлари, шеърларини ёддан ўқиши кўпчиликда катта таассурот қолдирди.
Юбилей сана муносабати билан шоир туғилиб ўсган Янгибозор туманидаги Боғолон қишлоғида «Ёшлик» боғи ташкил этилди. Тошкентлик меҳмонлар боққа ташриф буюриб, кўҳна Хоразмнинг удуми бўйича минг йил умр кўрадиган гужум дарахти ниҳолини ўтқаздилар.
Омон Матжон таниқли санъаткор Отажон Худошукуров билан жуда қадрдон дўст эди. Бу ҳофиз шоирнинг кўпгина шеърларини қўшиқ қилиб куйлаган. Санъаткор билан бўлган бир воқеани Омон Матжоннинг ўзи шундай эслайди:
– Отажоннинг таваллуд кунига айтишди. Қатнашишга ваъда бердим. Хоразмда дўст-қадрдонлар ўз яқинларига ҳазиллашишни жуда ёқтиришади. Туғилган кунига гилам, костюм-шим, қимматбаҳо чопон ва бошқа буюмларни совға қилишади. Биз ҳам машинада уч-тўрт қадрдон билан дабдабали кириб бордик. Кутиб олувчилар: «Омон Матжон келди» деб ҳофизни чақиришди. Мен ҳайдовчига «Машина юкхонасини очинг, совғани олинг», деб тантанавор буйруқ бердим.
Шу пайт ҳофиз:
– Ҳов йигитлар, бир қаранглар, Омон акангиз Хоразмнинг сур терили қўчқоридан олиб келганга ўхшайди, ёрдамлашинглар, деб қолди. Ҳайдовчи юкхонада ҳеч қанақа қўчқор эмас, балки 10 тупдан ортиқ олма, нок, ўрик кўчатларини йигитларга тутқазди. Ҳамма қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди…».
Шоир меҳнат фаолиятининг сўнгги 10-15 йилини ўтказган ва фахрийликка чиққунча бўлган даврида менга у билан елкама-елка бирга ишлашга тўғри келди. Аввало, юқори раҳбарлик лавозимидан сўнг Ўзбекистон давлат матбуот қўмитасида раис ўринбосари, кейин эса «Чўлпон» нашриёт-матбаа уйи директори ва «Гулхан» журнали бош муҳаррири бўлиб ишлади. У ўша пайтларда «Ардахива» достонини, «Халоскор руҳ», «Дравахоним («Тўрабекахоним»)» каби асарларини яратди. Бу тарихий асарлар халқимизнинг бой мероси нақадар улуғлигини, дунёда тенгсиз эканлигини оламга намойиш этди. У ҳар бир шеъри устида йиллаб ишлайдиган ўзига талабчан шоир эди. Сўзлари оддий, халқчил бўлса ҳам, ўз ўрнида танлаб қўлларди. Ҳар бир ижодида фалсафий мушоҳада чуқур томир отган эди.
Омон Матжон ҳаёт бўлганида куни кеча 80 ёшга қадам қўйган бўларди. Афсуски, коронавирус балоси бу улуғ истеъдод эгасини ҳам орамиздан бевақт олиб кетди. Аллоҳнинг иродаси экан, жойлари жаннатдан бўлсин! Аммо унинг ўлмас, серқирра, ўзига хос бой ижоди асрлар оша мангу яшайди.
Шоир айтганидек:
Дилимнинг рангини гул билса бўлди,
Менинг кимлигимни эл билса бўлди.
Олис юлдузларга сиррим айтмирам,
Нолишимни тонгги ел билса бўлди.
Жаббор РАЗЗОҚОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

