Ходим нега иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътилга чиқишга мажбур?
Меҳнат қонунчилигига кўра, ходим йилда бир маротаба пул тўланадиган меҳнат таътилига чиқиши мумкин. Бунинг учун иш берувчи номига ариза ёзишнинг ўзи кифоя.
Аммо баъзи ҳолларда шундай вазиятлар ҳам бўладики…
«Гулистон экстракт-ёғ» ҳиссадорлик жамиятида чилангар вазифасида ишловчи Рустам Раҳмонов Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилояти кенгашига иш берувчига меҳнат таътили беришни сўраб, ариза билан мурожаат қилгани, лекин иш берувчи унга меҳнат таътили эмас, аксинча, ходим розилигисиз иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил бераётганидан норози бўлиб мурожаат қилди.
Кенгашнинг меҳнат ҳуқуқ инспектори ушбу мурожаат билан шуғулланиб, ҳиссадорлик жамияти раҳбарияти билан телефон орқали боғланди ва меҳнат қонунчилиги талаблари бўйича тўлиқ тушунчалар берди.
Шундан сўнг Р. Раҳмоновга ишлаган даври учун навбатдаги меҳнат таътили берилди ва мурожаат қаноатлантирилди.
Шу ўринда бир мулоҳаза: мурожаатларнинг аксариятига ходимлар билан меҳнатга оид муносабатларни расмийлаштиришда хато-камчиликларга йўл қўйилаётгани сабаб бўлаётир. Бу эса айрим иш берувчи ва ходимлар билан ишлаш бўлимлари мутахассисларининг меҳнат қонунчилигини яхши билмасликларидан дарак беради. Ваҳоланки, ташкилот, корхона ва муассасаларда, аҳоли ўртасида қонунларни қўллаш ва унга риоя этилиши юзасидан турли тарғибот тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Амалиётда эса…
Шириной УМАРАЛИЕВА,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси
Сирдарё вилояти кенгаши меҳнат
ҳуқуқи инспектори



