Юртимизда тиш шифокори қабулида вирус юқтирганлик ҳолатини исботлаш қийин бўлгани боис бу борада статистика юритилмайди. Чунки вирус янги организмга тушгандан сўнг ривожланиб, белгиларини намоён этиши учун маълум вақт керак.
Бу жараён кимдадир уч ёки олти ойга, бошқаларда йилларга чўзилиши мумкин. Шу давр оралиғида бемор бошқа тиббий хизматлардан ҳам фойдаланиб, эҳтиётсизлик туфайли вирус юқтирган бўлиши мумкинлиги гумон қилинади. Аммо сўнгги пайтларда «Тиш шифокорига борганимда гепатит В ёки С ни юқтириб олибман», қабилидаги шикоятлар қулоғимизга тез-тез чалинмоқда (Бошқа йўл билан юқтирилган ҳолатлар бундан мустасно).
Ривожланган давлатларда бу муаммо тиббий маданият ва гепатитга қарши оммавий эмлашни яхши йўлга қўйиш орқали ҳал этилган. Бизда-чи? Бугун барчамизни «Пойтахтимиздаги стоматология клиникаларида вирусларни юқтириш хавфи қай даражада?» деган саволнинг жавоби кўпроқ қизиқтириши, табиий. Қуйида шу хусусдаги маълумотлар ва фикр-мулоҳазалар билан танишиб, тегишли хулосани ўзингиз чиқариб оласиз, деган умиддамиз.
Бепарволикнинг мудҳиш оқибати
Қўшни аёлни хомуш ҳолда учратдим. У қонида гепатит В вируси борлиги туфайли бир ҳафтадан буён лаборатор текширувларга қатнаётган экан. Ўзининг айтишича, ўтган йили тиш докторига кўп борган ва вирусни ўша ерда юқтирган. Аввалига ҳеч нарса билинмаган. Сўнгги бир ой ичида эса соғлиғида салбий ўзгаришлар рўй бериб, безовта бўла бошлагач, тиббий текширувдан ўтган. Шунда танасида гепатит В касаллиги ривожланаётгани аниқланган.
Мен унга тасалли бериб хайрлашдим. Бахти бор экан, касалликни вақтида сезибди. Аммо ҳамма ҳам организмидаги белги-аломатларга эътиборли эмас… Шу ҳақда ўйлар эканман, ўтган йили тўсатдан вафот этган, ҳали 30 ёшга ҳам тўлмаган бошланғич синф ўқитувчиси ёдимга тушди. У тиш шифокорига қатнаб юрганида гепатит вирусини юқтирган. Мактабда қизғин иш, уйида рўзғор юмушлари билан андармон бўлиб, вақтида тиббий кўрикдан ўтмаган. Касаллик эса оғирлашгандагина ўз белгиларини намоён қилган. Афсуски, бу пайтга келиб аёлнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган…
Спирт вирусни йўқота оладими?
– Тиш шифокорига борганимда гепатит В ёки С ни юқтириб олибман, деб келувчилар охирги пайтларда кўпаймоқда, – дейди Миробод туманидаги 1-марказий поликлиника инфекционисти Наталя Борисовна. – Баъзан стоматология хизматидан фойдаланиш жараёнида вирус юқтирганига қатъий ишонч ҳосил қилган кишилар клиникани судга берадилар. Аммо даъвосини исботлаш учун зарур далилларни тўплаш қийинлиги боис охиригача кураша олмайдилар. Чунки «юққан» деб тахмин қилинган вақт оралиғида улар бошқа тиббий хизматлардан ҳам фойдаланган бўлишлари мумкин.
Тўғри, баъзи кишилар қандайдир сабаб билан текширувлар жараёнида вирус юқтирганини билиб қолиб, фурсат ғаниматида даволана бошлайди. Вирусни организмидан тўлиқ йўқотолмаса-да, саломатлигини тиклашга муваффақ бўлади. Айрим одамлар эса муайян белгиларга эътиборсиз бўлгани, тиббий кўрикдан вақтида ўтмагани туфайли касаллиги авж олиб кетади. Шундан кейингина унга ташхис қўйилади. Қарабсизки, қачонлардир танага тушган митти микроб инсон ҳаётини тубдан ўзгартириб юбориши, ҳатто ўлимга сабабчи бўлиши ҳам мумкин.
Статистик маълумотларда ВИЧ инфекциясига нисбатан гепатитдан касалланиб вафот этиш кўрсаткичлари юқори туради. Сўнгги йилларда гепатит касаллиги ривожланган мамлакатларда кескин камайиб, энди ривожланаётган ва қашшоқ давлатларда мустаҳкам «ўрнашиб олмоқда». Бундай давлатлар ҳамон эпидемия ўчоғи сифатида қолмоқда. Ўзбекистонда эса чақалоқлар туғуриқхонадаёқ гепатит В га қарши эмланиши орқали муаммонинг олди олинади. Аммо у ёши катталарда тез-тез учраб турибди. Бу хасталик охири жигар циррозига олиб бориши билан хавфлидир. Гепатит С га қарши вакцина эса ҳали яратилмаган, лекин уни даволашнинг самарали усуллари мавжуд.
Ўзбекистон аҳолиси орасида гепатит тез-тез учраб турадиган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Ушбу вирусни юқтириб олувчилар кўпайишига интим яқинлик ва текширилмаган қонни қуйишдан ташқари, бир марталик тиббиёт анжомларини қайта ишлатиш, тиббий қўлқоплардан фойдаланмаслик ва асбобларни яхши стерилламаслик ҳам сабабчи бўлмоқда.
Ҳамюртларимиз шуни яхши билишлари керакки, спирт билан артилган ва мижозга ишлатилган тиббиёт анжомидаги хавф камаймайди. Чунки спирт ёрдамида яхшилаб тозаланган асбобдаги ВИЧ инфекцияси ўлиши мумкин, аммо гепатит вируслари эмас. Ана шунинг оқибатида беморлар кўпинча айнан гепатит вирусларини юқтириб олишади.
Стерилизациялаш масъулиятли иш
– Бир кунда 600-700 та тиббий анжомни стерилизация қиламиз, – дейди Миробод туманидаги 1-марказий поликлиниканинг стерилизация бўлими ҳамшираси Гулноза Раҳимова. – Дастлаб ишлатилган анжомлар зарарсизлантирилади, сўнгра суюқликка бўктириб қўйиш орқали биринчи босқич стерилизация жараёни ўтказилади. Иккинчи босқичда улар махсус «автоклав» ускунасида тўлиқ ва ишончли тозаланади. Ушбу ускунада ҳар қандай вирус нобуд бўлиши кафолатланган ва биз буни махсус усул орқали яна бир бор назорат қиламиз. Давлат муассасаларида стерилизациялаш жараёни нисбатан ишончли амалга оширилади. Саккиз йилдан буён шу йўналишда ишлаётганим учун бу гапни ишонч билан айта оламан. Чунки бизда стерилизация аппарати бузилиб қолса, захирадагиси ишлатилади. Қолаверса, тўлиқ штатда ишловчи икки нафар ҳамшира фақат шу юмуш билан шуғулланамиз. Хусусий клиникалардаги жараёнлар ҳақида эса, афсуски, бундай деб бўлмайди.
Мен уч-тўрт ой олдин қўшимча иш суриштириб, бир стоматология клиникаси раҳбарига қўнғироқ қилдим. У менга 1 миллион 200 минг сўмлик маош эвазига тўрт нафар тиш шифокорига ҳамшира сифатида ёрдамлашишим ҳамда стерилизация ишларини бажаришим лозимлигини айтди. Давлат муассасасида айнан шу йўналиш бўйича ишлаганим учун бу вазифа нечоғли мушкул ва масъулиятли эканини яхши тушунаман. Бир ҳамшира тўрт нафар шифокорга қарашишга ва стерилизация ишларини бажаришга улгуролмайди.
Шу боис мен таклифга кўнмадим. Эҳтимол, бошқа ҳамшира рози бўлиши мумкиндир. Бу эса мижозларга яхши стерилизация қилинмаган асбобларда хизмат кўрсатишга олиб келади. Тўғри, ҳозир тиббиёт клиникалари ўртасида яхшигина рақобат бор ва улар сифатли хизмат кўрсатишга ҳаракат қилишади. Аммо ҳамма жойда ҳам бирдек деб бўлмайди.
Ҳамшира нега қайтиб келди?
– Мен ҳеч қачон клиникамизни реклама қилмаганман, – дейди пойтахтимиздаги хусусий стоматология клиникаси раҳбари Наврўз Бобохонов. – Чунки сифатли хизмат кўрастишнинг ўзи реклама вазифасини ўтайди. Шу боис ҳар бир ходимдан вазифасини сидқидилдан адо этишини талаб қиламан. Икки йил олдин эса стерилизация бўйича ишлайдиган ходимим билан бирга ўзим ҳам малака ошириш курсида ўқидим. Сабаби, ходимимдан сифатли ишни талаб қилиш учун ўзим бу жараённи ундан яхшироқ билишим ва тушунишим керак эди. Эндиликда клиникамиз стерилизация борасида ишончли масканга айланган, деб бемалол айта оламан.
Қайсидир йили ҳамшираларимиздан бири уйига яқинроқ клиникага ишга ўтиб кетди. Аммо икки кун ўтар-ўтмас, жамоамизга қайтиб келди. Сабабини сўрасам, «У ерда ишлашга виждоним қийналди», деди. Куюниб айтишича, клиника раҳбари ҳамшираларга бир марталик резина қўлқоплардан қайта-қайта фойдаланишни буюрар, устига-устак, у ердаги гигиеник шароит талаблар даражасида эмас экан.
Ҳа, орамизда зиммасидаги масъулиятни теран ҳис қилмайдиганлар ҳам учрайди. Улар касбига фақат пул топиш манбаи деб қарашади. Бу эса беморлар учун жуда қимматга тушади. Стоматологияда гепатит В ёки С ни орттирган мижозлар шикоятлари ҳам худди ўша ҳамкасбларимизнинг «шарофати» билан кўпаймоқда. Аслида тиш шифокори ҳар бир мижознинг кўз ўнгида янги, стерилланган асбоблар тўпламини очиши ва ундан фойдаланиши керак. Бошқа ҳар қандай усул қоидага хилофдир.
Хусусий клиникалар назорат қилинадими?
Ушбу савол билан Миробод тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги маркази мутахассиси Турсуной опага мурожаат қилдик. Унинг айтишича, туманда 74 та хусусий тиббиёт муассасаси мавжуд бўлиб, шундан 25 таси стоматология клиникасидир. Белгиланган тартиб-қоидага мувофиқ, давлат тиббиёт муассасалари ҳар чоракда ёки олти ойда бир марта марказ томонидан санитар-эпидемиологик назоратдан ўтказилади. Хусусий тиббий клиникалардаги ҳолат эса фақат аҳолидан шикоят тушган тақдирдагина ўрганилади.
Бултур ҳудуддаги давлатга қарашли 25 та тиббиёт муассасасида ўтказилган 32 та назорат тадбирининг 30 тасида санитар-гигиеник жиҳатдан хатоларга йўл қўйилгани аниқланиб, жарима жазоси қўлланилган. Кўп учрайдиган асосий ҳолат – инъекция пайтида ҳамшираларнинг резина қўлқоп киймаслигидир. Ваҳоланки, давлат томонидан ҳозир бир марталик резина қўлқоплар етарли миқдорда ажратилади. Кейинги жиддий камчилик ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтмай ишлаб юраверишларидир.
– Афсуски, хусусий тиббиёт клиникаларида бирон марта ҳам санитар-гигиеник назорат тадбири ўтказмаганмиз, – дейди Турсуной опа. – Чунки амалдаги ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган тартибга кўра, уларни бўлар-бўлмасга текширишга йўл қўйилмайди. Аслида эса бундай назоратга катта эҳтиёж бор. Демак, соҳага дахлдор меъёрий ҳужжатларга ўзгартириш киритилиши керак. Ахир қанчадан-қанча кишилар хусусий тиббиёт клиникаларида даволаниб, муолажа олишади. Шундай экан, улардаги санитар-гигиеник аҳвол назорат қилиниши шарт.
Мана, масала ойдинлашди: агар шикоят тушмаса, хусусий тиббиёт клиникаларидаги санитар-гигиеник аҳвол текширилмас экан. Бундай ҳолатда уларнинг хизматидан фойдаланувчи сифатида сиз нималарга аҳамият беришингиз керак? Аввало, шифокор кўз ўнгингизда янги, стерилланган анжомларни очаётганига эътибор қаратинг. Бу ҳақда саволларингиз бўлса, тортинмасдан сўранг. Врач ҳар қандай тиббий асбобни фақат спирт билан тозалаб ишлатишига йўл қўйманг. Агар бу анжомлар стерилизация қилинганига ишонмасангиз, дорихонадан бир марталик тиббий анжом сотиб олишингиз ҳам мумкин.
Хуллас, ҳамиша ўзингизни асраб, саломатлигингиз ҳақида қайғуринг!
Зебо НАМОЗОВА,
«ISHONCH»
