Ассалому алайкум, ҳурматли таҳририят ходимлари!
Ҳозирги кунда баъзи кишилар «Одамлар газета ўқимай, телевизор кўрмай қўйишди», деб айюҳаннос солишаяпти. Уларнинг гапи қанчалар аччиқ бўлмасин, бироқ якуний хулоса чиқаришга ҳали эрта. Қолаверса, мен бу фикрларга тўлиқ қўшила олмайман. Сабаби, мактабда ва ўзим иш юзасидан борадиган ташкилотларда матбуотга қизиқувчилар кўп. Шунингдек, менинг бўлажак журналист эканлигимни билиб, суҳбатлашишга ошиқадиган адабиёт ихлосмандлари ҳам истаганча топилади.
Ўзаро мулоқотлар жараёнида маълум бўлишича, уларнинг аксарияти ўз ижодий машқини ёки илмий ишини қаерда чиқаришни билмай, катта миқдорда пул тўлаб, аллақандай хорижий сайтлар ва журналларда чоп эттиришади. Ҳолбуки, ўзимизда ҳам босма нашрлар сон-саноқсиз. Бироқ кўпчилиги бир хил қолипда бўлиб, маълум меъёрларга асосланган. Ҳозирги одамларга эса қуруқдан-қуруқ ёки узундан-узоқ мақолалар ёқмайди.
Бу гапим билан барча босма нашрлар ҳам ўқиб бўлмайдиган даражада демоқчи эмасман. Жумладан, шахсан ўзим мунтазам кузатиб борадиган газета-журналлар кўп. Улар орасида, айниқса, «Ishonch»нинг ўрни бўлакча. Ушбу нашр таҳририяти ходимлари интернет асрида энг ишончли ахборотлар ва маълумотларни ўқувчиларга етказиш борасида беминнат хизмат қилишмоқда. Турли-туман рукнлар остида тайёрланган мақолаларни бошқа муштарийлар сингари мен ҳам катта қизиқиш билан ўқийман.
Мавриди келганда, фурсатдан фойдаланиб, бир таклиф билдирмоқчиман. Агар газетанинг бир саҳифаси адабиётга бағишланса, фойдадан холи бўлмасди. Хусусан, ёшлар ижодини, мамлакатимиздаги минглаб мактабларда фаолият юритаётган ижод тўгараклари аъзолари фаолиятини ёритишда муҳим кўприк ва минбар вазифасини ўтаган бўларди. Чунки газетада шеъри ёки ҳикояси чиққан ёшлар то умрининг охиригача уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаб сақлайди. Қолаверса, бадиий асарлар ихлосмандлари кўпчиликни ташкил этади ва адабиёт орқали барча кўнгиллар эшигини очса бўлади!
Бундан анча олдин бир ёзувчининг қуйидаги сўзларини ўқиган эдим: «Нима ёзсанг ҳам, уни ҳамма тушуна олсин. Амалдор ҳам, чўпон ҳам бирдек маза қилиб ўқисин. Агар бу иш қўлингдан келмаса, демак, сен ҳали ўз устингда ишлашинг керак. Акс ҳолда, бошқа касбнинг этагидан тутганинг маъқул».
Эҳтимол, ўша пайтлар бу гапларнинг маъносини яхши тушунмагандирман. Бироқ эндиликда улар фақат ёзувчиларгагина эмас, балки барча ижодкорларга тааллуқли эканлигини англаяпман. Шунинг учун ҳар бир газета-журнал орқали оддий халқ кимларнидир таниб боришини хоҳлайман. Ўзим таҳририятда улғайганим боис улардаги ўзига яраша машаққатни жуда яхши биламан. Аммо меҳнатимиз ўз йўлига, муҳими, айтаётган сўзимиз халққа етиб боришида! Агар айтмоқчи бўлганимизни бошқаларга етказа олмасак, демак, биз ҳали кўп изланишимиз керак бўлади. Бугунги ўқувчини ўзига жалб этишнинг ягона йўли ҳам аслида ҳаётда рўй бераётган воқеалар ва янгиликларни содда ва лўнда қилиб, бадиий бўёқларда баён этишдир.
Мен бу борада «Ishonch» газетаси таҳририяти ходимларига чин дилдан ҳавас қиламан ва уларнинг келгуси фаолиятларида муваффақиятлар тилайман.
Сарвиноз МАМАНОВА,
Ўзбекистон журналистика ва оммавий
коммуникациялар университети сиртқи
бўлими II босқич талабаси, «Сада»
адабиёт тўгараги раҳбари
