Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда 2021 йилда пахта йиғим-терими мавсумида ўтказилган «Учинчи томон мониторинги» натижаларига бағишланган брифинг ташкил этилди.
Видеоконференцалоқа шаклида ўтган тадбирда мутасадди вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда 30 дан зиёд халқаро ташкилотлар, жумладан, Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон банки ходимлари, АҚШ, Германия ва Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчилари қатнашди.
Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директори Гай Райдер тадбирни очиб, мажбурий меҳнатга қарши кураш борасида Ўзбекистон катта ютуққа эришганини таъкидлаб, амалга оширилаётган ишларга юксак баҳо берди.
Брифингда Олий Мажлис Сенати Раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Танзила Норбоева мамлакатимизда 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилган ишлар давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ қилишга хизмат қилганига эътиборни қаратди.
Таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимиз ислоҳотлар йўлини танлади, бу қишлоқ хўжалигида аввалги режали иқтисодий моделни модернизация қилиш, йиллик пахта йиғим-теримида болалар ва мажбурий меҳнат билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишни ўз ичига олади.
– Ушбу ислоҳотлар халқимиз ва иқтисодиётимиз фаровонлиги йўлида амалга оширилди. Бунда пахта етиштириш учун давлат томонидан буюртма бериш тизимини бекор қилиш бошланғич нуқта бўлди, – деди Танзила Норбоева. – Эришган ютуқларимиз билан тўхтаб қолмадик. Меҳнат ҳуқуқларидан хабардорликни ошириш орқали фикрлаш ва хатти-ҳаракатларни ўзгартириш устида тинимсиз иш олиб борилди. Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат учун жиноий жавобгарлик жорий қилинди. Меҳнат инспекцияси фаолиятини кучайтирдик, умумий жиҳатларни аниқлаш ва ечим топиш учун фуқаролик жамияти билан мулоқотга киришдик.
Брифингда мажбурий меҳнатга қарши курашишда фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг фаол иштирок этаётгани, уларнинг фикрлари ҳамда тавсиялари давлат органлари томонидан инобатга олинаётгани ва бу аниқланган муаммоларни тизимли бартараф этишда муҳим ўрин тутаётгани қайд этилди.
– Кўриб турганингиздек, ҳозиргина Халқаро меҳнат ташкилотининг махсус ҳисоботида сўнгги беш йилда Ўзбекистонда мажбурий меҳнатни бартараф этиш бўйича катта ютуқларга эришилгани эътироф қилинди, – дейди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдинов. – 2015-2016 йилларда мажбурий меҳнат улуши пахта йиғим-терими мавсумида 14 фоизга тенг бўлгани ҳолда, ўтган йили бир фоизни ташкил этди. Бу юртимизда мажбурий меҳнат бор дейишга ҳеч қандай асос қолмади, деганидир.
– Мамлакатимиз болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича дунё ҳамжамияти олдида энг илғор мамлакат деб баҳолангани ҳукуматимиз, фуқаролик жамияти институтлари ва иш берувчиларнинг биргаликда олиб борган ишлари самараси, албатта, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев. – 2013 йилдан буён Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари томонидан ўтказиб келинаётган мониторинг давомида салмоқли ишлар қилинди. Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича тўртта параллел мониторинг олиб борилди. Улар – давлат инспекциялари, халқаро, парламент ва жамоатчилик мониторингларидир.
Дарҳақиқат, жамоатчилик мониторинги йилдан йилга такомиллашяпти. Жумладан, мажбурий меҳнатга барҳам берилгандан сўнг пахта йиғим-терими мавсумида ишчи-ходимларга муносиб меҳнат ва яшаш шароитлари ҳамда шунга мос иш ҳақлари тўлаш бўйича мониторинг ўтказиб келинаётир. Теримда қатнашаётган отряд ходимларига касаба уюшмаларига аъзо бўлиш ҳуқуқи ҳам берилдики бунинг доирасида иш берувчилар, яъни кластер, фермер хўжалиги раҳбарлари билан жамоавий музокаралар олиб бориб, уларда меҳнат шароитлари, иш ҳақи масалалари икки томонлама муҳокама қилинди. Натижада пахта йиғим-теримида қатнашган 53 фоиз теримчи биринчи марта юқори иш ҳақи олишди.
Мажбурий меҳнатга барҳам берилганининг яна бир жиҳати, бу қишлоқ хўжалигида бозор муносабатларига ўтилгани бўлди. Бунда пахта йиғим-теримида давлат томонидан квоталарнинг бекор қилингани ҳам катта роль ўйнади. Ўтган йилда терим жараёнида бир килограмм пахтага тўланадиган иш ҳақини ижтимоий меҳнат масалалари бўйича Республика уч томонлама комиссиясида муҳокама қилиб, ўз таклифларимизни ҳукуматимизга киритдик. Шу тариқа теримчиларга иш ҳақи янаям юқорироқ тўланишига эришилди.
Брифингда мажбурий меҳнатга қарши курашишда халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболлари ҳақида ҳам фикр юритилди.
Салим АБДУРАҲМОНОВ,
«Ishonch»



