Рақамлаштиришнинг муҳим аҳамияти

1359

Миллий матбуот марказида ўтказилган анжуман “Олмалиқ КМК” AЖ фаолиятида рақамлаштиришнинг аҳамияти мавзусига бағишланди. Унда комбинат  бошқаруви раисининг рақамлаштириш бўйича ўринбосари Абдулла Азизов  жамоада рақамлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва келгуси режалар хусусида сўз юритди.

Нотиқнинг таъкидлашича, бултур кузда ижро аппарати таркибида Ахборот технологиялари департаменти ташкил этилган. У ахборот тизимлари ва ресурсларини кенг жорий этишни назарда тутувчи идоравий рақамли трансформация дастурларини ишлаб чиқиш, ўз вақтида амалиётга татбиқ этиш, комбинат бўлинмалари ўртасида электрон ҳужжат айланиши, электрон хизматлар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шаклларини янада кенгайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.

Жорий йилнинг январь ойида “Рақамли ОКМК – 2030” концепсияси доирасида кўзда тутилган барча лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида рақамлаштириш бўйича бошқарув раисининг ўринбосари лавозими жорий этилди.

– Президентимизнинг 2021 йил 22 декабрь куни Олмалиққа ташрифи чоғи белгиланган “Олмалиқ КМК” АЖни трансформация қилиш доирасида комбинат раҳбарияти буйруғи билан бизнес жараёнлари ва технологик жараёнларни автоматлаштириш даражасини ошириш чора-тадбирлари   тасдиқланди, – деди А.Азизов. – Шунингдек, Ангрен кон бошқармаси “Қизил олма” ва “Разведочная” кон шахталарида “Тоғ-кон диспетчери” диспетчерлик назоратининг автоматлаштирилган тизимини жорий қилиш, “Ёшлик — I” ва Қалмоққир конларида рақамли технологияларни қўллаган холда, ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштириш ва унумдорлигини ошириш каби бир қатор ишлар бажарилади.

Тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга ҳам жавоб олдилар. Яъни, 2021 йилда комбинатда транспортни бошқариш ва назорат қилиш тизими жорий этилиб, 1700 та транспорт воситасига масофавий назорат – GPS тизими, шунингдек, барча кон автосамосваллари ҳамда кўчма ёнилғи қуйиш автотранспортларига ёнилғи назорати сенсорлари ўрнатилган. Натижада  йил мобайнида комбинат бўйича 16800 тонна дизель ёнилғиси тежалган.

Анжуманда бухгалтерия, молиявий ҳисобот ва маълумотлар консолидациясининг автоматлаштирилган ахборот тизими жорий этилиши ҳамда комбинатнинг 46 та таркибий бўлинмаси учун ягона ҳисобот-ахборот тизими ўрнатилиши зарур манбаларни йиғиш ва бюджетни режалаштиришда яхши самара бергани таъкидланди.

Гули МАҲКАМОВА