Боғ аро қўйсам қадам…

4369

ёхуд истироҳат боғлари қачон обод бўлади?

Ҳадемай Наврўз байрамини кенг нишонлаймиз. Шу муносабат билан Президентимиз ушбу шодиёнага пухта тайёргарлик кўриш тўғрисидаги қарорга имзо чекди. Ҳужжат ижроси доирасида мамлакатимизда кенг қамровли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари қизғин давом эттирилмоқда.

Ана шундай бир пайтда Андижон туманидан ўтувчи «Андижон – Куйганёр» катта автомобиль йўли ёқасида жойлашган, ярим гектардан зиёдроқ майдонни эгаллаган «Ёшлар» маданият ва истироҳат боғидаги нохуш манзарани кўрсангиз, ҳафсалангиз пир бўлади.
Кўклам келиб, бутун борлиқ уйғонаётганига қарамай, туман раҳбарлари ҳамон уйғонмаганидан ажабланасиз. Акс ҳолда, бедарвоза боғ ичида бемалол ўтлаб юрган қўйлар арчаларни пайҳон қилаётганини қандай тушуниш керак? Болалар яйраб ўйнайдиган аттракционлар ағдарилиб ётганини, биноларнинг деворлари нураб, сувоқлари кўчиб тушганини нима билан оқлаш мумкин?
Энг ачинарлиси, юртимизда «Яшил макон» умуммиллий ҳаракати доирасида манзарали ва мевали дарахтлар кўчати ўтқазиш куз фаслида бошланган бўлса-да, бу дам олиш масканида шу вақтгача лоақал бир туп ҳам ниҳол экилмаган.
Агар ҳозир биз «Избоскан туманининг Лўғумбек қишлоғидаги 1,7 гектарлик маданият ва истироҳат боғида теварак-атрофдан келган дам олувчилар бир маҳаллар кўл узра моторли қайиқда сайр қилишар, янги келин-куёвлар қувончли дамларини дўст-биродарлари билан шу масканда нишонлашарди», десак, кўпчилик ишонмайди. Ҳолбуки, ­қишлоқ оқсоқолларининг айтишларича, ўша кезлар бу ерга автобусларда келадиган дам олувчиларнинг кети узилмаган. Турланиб-тусланиб турган товуслар эса боққа ўзгача файз бағиш­лаган.
Эндиликда эса қаровсизликдан қақраб ётгани, фаввора ва чўмилиш ҳавзаси, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари шарафига ўрнатилган ҳайкал хароб аҳволга келиб қолгани, кўлда спиртли ичимликдан бўшаган шишалар ва турли елим идишлар сузиб юргани ҳар қандай одамнинг таъбини хира қилади.
– Боғ 2016 йили ҳашар йўли билан ободонлаштирилган ҳамда Хотира ва қадрлаш куни шу ерда нишонланган эди, – дейди «Юқори» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Муҳаббат Нажмиддинова. – Келаси йили эса йўлаклар бузилиб, «яшил боғ» қилишга киришилди-ю қолган ишга қор ёғиб, чала ташлаб кетилди. Биз тўпланиб қолган чиқиндиларни гоҳ-гоҳида ўз кучимиз билан олиб чиқариб ташлаймиз. Лекин эгасизлиги ва қаровсизлиги туфайли боғни эпақага келтириб бўлмаяпти. Ҳар замонда баъзи тадбиркорлар келиб, «Уни хусусийлаштириб, обод қиламан», ­дейишади-ю, кейин қораларини ҳам кўрсатмай кетишади.
Дарҳақиқат, эгасизлик туфайли истироҳат боғини уддалаб бўлмаяпти.
Избоскан тумани маркази Пойтуғдаги маданият ва истироҳат боғида ҳам ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари кўнгилдагидек эмас.
– Азалдан Андижон аҳлини «Андижонлик – саранжомлик», дея таърифлашади, – дейди меҳнат фахрийси Йўлдошмирза Исоқжонов. – Ҳозир эса боғ четларидаги уюм-уюм ахлатлар, анчадан бери тозаланмаган ариқларнинг нохуш кўриниши ана шу эътирофга мутлақо номуносиб ҳолатдир. Фаввора атрофига ўрнатилган бюстлар шарқ мутафаккирларидан қай бириники эканини билолмай бошингиз қотиши тайин. Чунки бу ёдгорликларга уларнинг исм-шарифлари битилмаган.
Энди асосий мақсадга ўтадиган бўлсак, маданият ва истироҳат боғлари фақат байрам тадбирлари ўтказиладиган жойлар эмас, балки йил – ўн икки ой аҳоли мароқли дам оладиган ­масканлар ҳисобланади. Бундай бўлиши учун эса унда турли ёшдаги кишиларни ўзига жалб этадиган инфратузилма яратилиши керак. Қолаверса, кейинги вақтларда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш орқали аҳоли банд­лигини таъминлаш давлатимиз раҳбари томонидан устувор вазифа қилиб белгиланди. Ана шундай бир пайтда дам олиш мас­канларининг ўғри ургандай ҳувиллаб ётиши яхши эмас. Уларда турли-туман шохобчалар очилса, ҳеч бўлмаганда 3-4 киши ишли бўлиб, қора қозони қайнаши мумкин-ку. Бас, шундай экан, қаровсиз қолган маданият ва истироҳат боғларини, муайян имтиёзлар билан бўлса-да, ишнинг кўзини биладиган тадбиркорларга хусусийлаштириб бериш, уларни том маънода аҳоли мириқиб дам оладиган масканига айлантириш вақти келмадимикан?

Хуллас, гапираверсак, гап ҳам, саволлар ҳам кўп. Умид қиламизки, кўпчиликни ўйлантираётган бу муаммога туман мутасаддилари оқилона ечим топишади.

Анваржон ҲАЛИМОВ,
«ISHONCH»